Жаҳон | 10:10 / 07.02.2018
19284
2 дақиқада ўқилади

Табиий офатлар Тожикистонга ярим миллиард долларлик зарар етказди

Фото: Today.Tj

Тожикистонда 2017 йилда вайрон бўлган йўллар, кўприклар ҳамда бошқа инфратузилмалар ҳисобга олинган ҳолда табиий офатлар сабаб етказилган зарар миқдори 500 миллион долларга баҳоланмоқда. Бу ҳақда Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги фавқулодда вазиятлар ва фуқаро мудофааси бўйича қўмита раҳбари Рустам Назарзода хабар берди.

Хусусан, республикада ўтган йили табиий характердаги 883 та фавқулодда ҳолат рўй берди, жумладан 720 қор кўчкиси, 41 та сел, 32 маротаба дарёларда сув сатҳи кўтарилиши билан боғлиқ фавқулодда ҳолат, 23 та кўчки, 33 та зилзила, 21 та тош бўрони ва 13 та кучли шамол юз берган.

Натижада 31 фуқаро ҳалок бўлди, уларнинг 23 нафари қор кўчкиси натижасида ҳаётдан кўз юмди. Бундан ташқари, дарёлар ва сув ҳавзаларида чўмилиш вақтида техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик туфайли 170 киши вафот этди.

Фавқулодда вазиятлар ва фуқаро мудофааси бўйича қўмита маълумотларига кўра, 2017 йилда табиий характердаги фавқулодда ҳолатлар оқибатида 157 та турар жой, 604,4 гектар экин майдонлари, 16 та кўприк ва тахминан 1200 километр автомобиль йўллари зарар кўрган.

Мавзуга оид