Жамият | 15:48 / 22.02.2018
87587
3 дақиқада ўқилади

Рамазонга яқин қолди, бу ойга тааллуқли ёлғон хабарлардан огоҳ бўлайлик 

Муборак Рамазон ойига ҳам оз фурсатлар қолди. Аммо унинг аниқ санаси ҳали эълон қилинмади. Аммо интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали унинг санаси ва бу билан боғлиқ ёлғон маълумотлар учраяпти. Шу муносабат билан Islom.uz сайтида эълон қилинган мақолада бу ҳақда атрофлича тўхталиб ўтилган.

Аввало, шуни эслатиб ўтиш лозим, Рамазон ойи яқинлашгач, қуйидаги матндан иборат “эслатма” интернет фойдаланувчилари орасида кенг тарқалади. Матн маъноси қуйидагича:

Азизлар, Рамазон 2018-йилнинг 17-майида
бошланар экан ИН ША АЛЛОХ…
Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
“Агар умматимга ким биринчи бўлиб рамазон ойини қайси
куни киришини эслатса, жаханнам ўтлари ул инсонга харомдур”

“Бу каби хабар ҳар йили Рамазон бошланишига бир неча ой қолганда тарқала бошлайди. Аввало, бу хабарнинг ғирт саводсизларча, ҳадиси шарифларга ҳурматсизларча ёзилганиёқ одамни шубҳага солади. Аҳли илмлар бундай хом-хатала матн ёзмайдилар. Шунингдек, ҳадиси шарифлардан иқтибос келтирганда уларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитиб, қолганларга етказган саҳобанинг исми ҳамда бу ҳадисни ривоят қилган муҳаддис имомларимиздан бирининг исми шарифлари ҳамда бу ҳадиснинг қайси китобда келтирилгани кўрсатилиши керак.

Қолаверса, бу гап мутлақо ҳадис эмас, балки уйдирма, ёлғон гап бўлиб, нақ бидъатнинг ўзгинасидир. Ҳеч қайси мўътабар асарларда, саҳиҳ ҳадис тўпламларида бундай ҳадис йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”, дейилади мақолада.

Аммо нима учун бундай бемаъни нарса интернетда тарқалиб кетяпти? Бир томондан, бунинг сабаби баъзи кимсаларнинг ўтакетган илмсизлиги, жоҳиллиги, ноинсофлиги ва қайсарлиги бўлса, иккинчи томондан баъзи канал ва саҳифаларнинг диндан пиар ва реклама учун мунофиқларча фойдаланишидир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган:

«Мени сизларга кўп ҳадис айтишдан фақатгина Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менга нисбатан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини олаверсин», деганлари тўсади».

Бу ҳадисни буюк ватандошимиз имом Бухорий ўзларининг дунёга машҳур «Жомеъус саҳиҳ» тўпламларида келтирганлар («Олтин силсила». «Саҳиҳул Бухорий», 1-жилд, 108-ҳадис).

Динини яхши биладиган, диний илмлардан озми-кўпми бохабар бўлган мўмин-мусулмон одам бу ҳадисни, албатта, эшитган бўлади. Шунинг учун юқоридагига ўхшаган ёлғон-яшиқ, таг-туги йўқ гапларни нафақат ҳадис деб тарқатишга, ҳатто уни ҳадис дейишга ҳам ҳазар қилади.

Буни ҳадис деб қандайдир мақсадлар билан тарқатаётганлар билмайдики, айнан мана шу каби гапларни тарқатганлар юқоридаги ҳадисга биноан оғир азоб-уқубатларга дучор бўлади.

Мавзуга оид