Жамият | 08:32 / 22.02.2018
18291
3 дақиқада ўқилади

Таниқли шоир Мирпўлат Мирзо оламдан ўтди

Таниқли шоир, таржимон Мирпўлат Мирзо кеча 21 февраль, чоршанба куни вафот этди. Бу ҳақда шоир Муҳаммад Исмоил ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берган.

“Худойимнинг ишлари қизиқ. Боягина, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида кўришган эдик. Одил Ёқубовнинг юбилейини ўтқазишда бирга бўламиз деб суҳбатлашган эдик. Аммо, ҳозиргина нохуш хабар эшитдим. Мирпўлат акамизни бериб қўйибмиз. Муҳтарам дўстлар. Жойлари жаннатдан бўлсин. Тилла инсон эдилар. Ўзбек шеъриятининг забардаст паҳлавони эдилар. Эртага пешинга салоти жанозага”, - деб ёзган М.Исмоил.

Мирпўлат Мирзо 1949 йил 20 августда Чимкент вилоятининг Сайрам қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни битиргач, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетига ўқишга кирган ва уни 1971 йилда тугатган. 

Меҳнат фаолиятини 1971 йилда ҳозирги “Янги аср авлоди” нашриётида бошлаган. У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи, “Ёзувчи” нашриётида бош муҳаррир, Ёзувчилар уюшмасининг котиби вазифаларида ишлаб келди. Узоқ йиллар “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари бўлди.

Мирпўлат Мирзонинг ижоди талабалик йилларида бошланган. Дастлабки шеърий туркуми 1971 йилда “Гулистон” журналида, илк шеърий тўплами эса 1975 йилда нашр этилган. “Ишқ фасли” (1978), “Яхши кунлар” (1981), “Сунбула” (1985), “Мовий дарё” (1988), “Атиргул ва юлдузлар” (1990) каби қатор тўпламлари чоп этилди. 

Мирпўлат Мирзо мустақиллик йилларида баракали ижод қилди. Шеърларидан жамланган “Сайланма” (2004), мақолалар, пьеса, таржималар, шеърлардан иборат “Сурур” (2009) мажмуаси, эсселар, сафарномани ўз ичига олган “Райҳон иси” (2011) тўплами босилиб чиқди.

Таржимон сифатида Мирпўлат Мирзо Лессингнинг “Донишманд Натан”, Шекспирнинг “Ёз туни ғаройиботлари” асарларини ўзбек тилига таржима қилди. Бу асарлар ўзбек Миллий академик драма театрида муваффақият билан саҳналаштирилди. “Сомон йўли чечаклари” (жаҳон шеърияти антологияси, 2004), “Сайра, дўмбирам” (қозоқ шеърияти антологияси, 2005), “Ложувард осмон” (ХХ аср шоирлари, 2008) китоби,“ХХ аср рус
шеърияти” (2010) таржима мажмуалари нашр этилди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мирпўлат Мирзо Пастернак номидаги Россия (1998), “Алаш” номли Қозоғистон халқаро мукофотлари (2001) соҳиби бўлган.

KUN.UZ таҳририяти марҳумнинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради. 

Мавзуга оид