Жаҳон | 00:34 / 28.02.2018
12148
1 дақиқада ўқилади

Тинчлик учун Нобель мукофоти даъвогарлари рўйхатига 329 номзод киритилди

Фото: Scanpix/Gunnar Lier

2018 йилги тинчлик учун Нобель мукофотига 329 номзод даъвогарлик қилмоқда. Бу ҳақда мукофотнинг топширилиши учун масъул бўлган Нобель қўмитаси сайтида маълум қилинди.

Қўмитада айтилишича, мукофотга 217 нафар жамоат арбоби ва 112 та ташкилот даъвогарлик қилмоқда. Ўтган йил мукофотга 318 номзод, жумладан 215 нафар жисмоний шахс ва 103 та жамоатчилик ва халқаро ташкилот даъвогарлик қилган. Нобель жамғармаси қоидаларига кўра, номзодларнинг номлари маълум қилинмайди, чунки бу 50 йил давомида сир сақланувчи маълумот ҳисобланади.

Нобель қўмитаси номзодлар сони тақдимотидан кейин умумий рўйхат устида ишлашни давом эттириб, уни қисқартиради. Натижада кузга келиб 5-20 та номзод қолади. Мукофот кимга насиб қилиши октябрда маълум бўлади. Қўмита айнан ўшанда Ослода мукофот эгалари ёки эгасини расман маълум қилади. Мукофот топширилиши маросими декабрда бўлиб ўтади.

2017 йилда тинчлик учун Нобель мукофоти ядровий қуролни тақиқлаш бўйича кампания ICAN’га топширилганди.

Мавзуга оид