Спорт | 17:45 / 05.03.2018
11061
7 дақиқада ўқилади

Давиде Астори. «Ўтмиш сардори»

Кеча Италия «А» Сериясида бўлиб ўтиши кўзда тутилган навбатдаги тур ўйинлари бошқа кунга қолдирилди. Сабаби, «Фиорентина» клуби билан «Удинезе»га қарши ўйин учун келган жамоа сардори Давиде Астори Удинедаги меҳмонхонада ўлик ҳолда топилди. 

Астори ва болалик
Давиде Бергамода яқинидаги, Миландан салкам юз километр масофадаги Сан Пелегрино шаҳарчасида туғилган. У ўша ерда футболга илк қадамларини қўйди, тўққиз ёшида эса, қўшни Понте Сан Пьетродаги маҳаллий жамоада шуғуллана бошлади, кейинроқ эса, «Милан» академиясидан жой олди. Ҳар куни отаси уни мактабидан олиб, Бергамогача ташлаб қўяр, болакай ўша ердан поездда Миланга етиб оларди. Йўл учун ҳар куни боришга бир ярим соат, қайтишга икки соат сарфлашга тўғри келарди. Асторининг айтишича, бу борада унинг омади келган. Шериклари ундан ҳам узоқроқдан келишга мажбур бўлишар экан ва уларнинг кўпчилиги футболни ташлаб юборишларига тўғри келган. 

Астори ва «А Серия»
2008 йилнинг ёзида «Кальяри» клуби Асторига тегишли ҳуқуқнинг ярмини тўлаб (1.2 миллион евро) сотиб олади ва 14 сентябрь куни «Сиена»га қарши ўйинда ҳимоячи А Сериядаги дебютини нишонлайди. Лигадаги илк мавсумида ёш футболчи 10 учрашувда майдонга тушади.

Келаси мавсумда Астори асосий таркибнинг муҳим футболчиларидан бирига айланди. Ҳимоячи жами 34 ўйинда майдонга тушди, «Кьево» ва «Фиорентина» клублари дарвозасига гол уришга муваффақ бўлди. Албатта, бу мавсум миланликларнинг эътиборидан четда қолмади ва клуб Асторини ўз таркибига қайтаришга уриниб кўрди. Аммо «Милан» вице-президенти Адриано Галлиани ва «Кальяри» президенти Массимо Челлино ўртасидаги зидиятли муносабатлар туфайли келишув амалга ошмай қолди. Бунинг устига, «Кальяри» футболчининг трансферини тўлиқ сотиб олишнинг уддасидан чиқди.

2012 йилда футболчи Москванинг «Спартак» клуби сафидан жой олиши мумкин эди. Ҳатто Давиденинг ўзи ҳам бу трансферга рози бўлганди. Руслар Астори учун 15 миллион евродан воз кечишга тайёр бўлгандилар. Аммо Челлино бу трансферга ҳам рози бўлмади ва мавсум ўртасида етакчи футболчидан айрилишни истамади. 2014/15 мавсумни эса, футболчи «Рома» таркибида ижара асосида ўтказди ва 24 ўйинда майдонга тушиб, бир гол муаллифи бўлди.

2015 йилнинг августида «Фиорентина» ҳимоячини кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди. Бир йил ўтиб, Астори тўлақонли «Фиорентина» аъзосига айланди. Ўтган йили Гонсало Родригеснинг клубни тарк этишидан кейин эса, Астори жамоанинг сардорига айланганди.

Астори ва Италия терма жамоаси
Терма жамоа сафидаги илк ўйинини у 2011 йилда Украинага қарши ўртоқлик учрашувида ўтказганди ва дебют ўйинида майдондан четлатилди.

Ўша пайтдаги «Кальяри» ҳимоячисини мураббийлар Евро-2012 заявкасига қўшишмаганди, аммо турнир бошланишига бир неча кун қолганда Андреа Бардзальи жароҳат олди. Чезаре Пранделли руйхатининг бошида Давиде Асторининг исми турарди. 

«Мен аллақачон Майамида таътилда эдим, - деб эслайди Астори, - эрталаб ухлаб ётганимда нотаниш рақамдан қўнғироқ қилишди ва терма жамоага қўшилишга тайёр ёки тайёр эмаслигим ҳақида сўрашди».

Давиде дарҳол аэропортга келди ва Миланга учадиган дастлабки самолётга чипта олди. Италияга келибоқ у Бергамодаги уйига борди, у ердан ашёларини олиб, Краковга учди. Аммо орадан икки кун ўтиб, Бардзальи Европа чемпионатида қатнаша олиши маълум бўлди ва Давиде яна орқага қайтди.

Шундан сўнг ҳам у терма жамоага вақти-вақти билан чақириб турилди, ҳаммаси бўлиб 14 учрашувда терма жамоа шарафини ҳимоя қилди. 2013 йилда бўлиб ўтган Конфедерациялар кубогида эса, у Уругвай терма жамоаси дарвозасига гол уришга ҳам муваффақ бўлганди.

Астори ва оила
Миландаги клублардан бирида у актриса ва модель Атнеа Делле Вите билан учрашиб қолади. Ўша учрашувдан кейин бир неча марта қўнғироқлашган ёшлар орадан кўп вақт ўтмай унаштирилади ва бирга яшай бошлашади.

Аммо кейинчалик жуфтлик ажрашиб кетишган ва Давиде ҳаётини Франческа исмли қиз билан боғлаган. Футболчининг шахсий ҳаёти ҳақида у қадар кўп маълумот йўқ. Фақат жуфтлик Асторининг вафотидан атиги икки ҳафта олдин қиз фарзандли бўлганликлари ҳақида хабарлар бор...

Астори ва ўлим
Шанба куни кечқурун у жамоадоши Марко Спортьелло билан кечгача Playstation ўйнаб, ухлаш вақти бўлганида хонасига кириб кетади. Давиде бутсаларини қолдириб кетган эди, Марко унга «бутсаларинг менда қолиб кетибди» деб смс жўнатади. Аллақачон ўрнига ётган Давиде қайтиб яна Марконинг хонасига боришга эринади ва «майли эртага оларман», деб хабар қолдиради.

Қўйилган ташхисларга қараганда, 31 ёшли футболчи ухлаб ётган пайтда юрагининг тўхтаб қолиши натижасида вафот топган. 

«Келажак сардори»
Футболчи бугун, яъни 5 март куни клуб билан янги шартнома имзолаши кўзда тутилган экан. Ростан ҳам, ҳаммаси янги шартномага тайёр бўлган ва янги жамоа айнан Давиде Асторининг етакчилигида қурилиши кўзда тутилган экан. Ҳатто  Флоренция газеталаридан бири пайшанба кунги сонида Асторининг янги шартномасига алоҳида урғу берганди ва «Келажак сардори» сарлавҳасида материал эълон қилганди.

 
«Фиорентина» президенти Андреа Делла Валлининг айтишича, ростан ҳам шартноманинг барча шартлари келишилган, футболчи яна уч йил жамоа сафида ҳаракат қилиб, кейин ҳам клуб системасида мураббий сифатида ишлаши кўзда тутилганди.

Ўз вақтида «Милан» сафида ўйнашни орзу қилган, аммо «Фиорентина»нинг юрагига айланган Давиде Астори умрининг охиригача «Фиорентина»да қолишга рози бўлганди
Шундай бўлди ҳам...  

Интернет материаллари асосида Қаҳрамон Асланов тайёрлади.

Мавзуга оид