Ўзбекистон | 08:38 / 06.03.2018
108352
2 дақиқада ўқилади

Лола Каримова-Тиллаева Ўзбекистон гимнастика федерацияси президентлигидан ҳам кетмоқда

Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг кичик қизи, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги собиқ элчиси Лола Каримова-Тиллаева Instagram’даги саҳифасида Ўзбекистон гимнастика федерацияси президентлиги лавозимидан кетаётганини хабар қилди. 

Фото: Instagram/lola_tillyaeva

«Мен ушбу пост орқали, мана 13 йиллик фаолиятимдан сўнг Ўзбекистон гимнастика федерацияси Президентлиги лавозимини тарк этишга мажбур эканлигимни эълон қилмоқчиман. 

Мен барча спортчиларимиз, федерациянинг бутун мураббийлар жамоаси ҳамда барча ишчи ходимларига аъло бажарилган фаолиятлари, ушбу спорт турини юқори даражага кўтаришдаги ҳиссалари, унинг ривожланиш йўлида тинимсиз меҳнатлари ҳамда ғайратлари учун чин дилимдан ташаккур билдирмоқчиман. 

Осиё Гимнастика Иттифоқининг фахрий Президенти лавозимини сақлаб қолган ҳолда, мен ушбу ажойиб спорт турининг ашаддий мухлисларидан бўлиб қоламан ҳамда бизнинг ўзбек гимнастларимизга келгуси фаолиятларида омад ва ғалабалар тилайман!» - дея ёзган Лола Каримова-Тиллаева.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Лола Каримова-Тиллаева Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси сифатида фаолиятини якунлаётганини ҳам хабар қилганди.

Мавзуга оид