Жаҳон | 17:40 / 12.03.2018
26066
2 дақиқада ўқилади

Акаев ва Бакиев Қирғизистондаги қурултойга таклиф этилди

Фото: Kloop.kg

Қирғизистон миллий-ватанпарвар кучлари ва фаоллар ташаббуси билан қурултой ташкил этилмоқда. Бу ҳақда «24.kg» ташкилий қўмита аъзоси Адил Турдукуловга асосланган ҳолда хабар тарқатди.

Унинг сўзларига кўра, қурултой 2010 йилнинг 7 апрели воқеаларига бағишланиши режалаштирилган.

«Биз қурултойда ҳар бир соҳадаги долзарб мавзуларни муҳокама қилишни истаймиз. Ҳозирча уч асосий мавзу бор: коррупцияга қарши кураш, сиёсий маҳбуслар билан боғлиқ вазият ҳамда сўз эркинлиги. Бугун ташкилий қўмитанинг илк йиғилиши ўтказилди. Жуда жиддий баҳслар бўлди», — деган Адил Турдукулов.

Бўлажак форум делегатлари нима учун миллий қурултой институти ғояси муваффақиятсизликка учраганини муҳокама қилишмоқчи. Ташкилий қўмитадагилар бунда Жогорку Кенеш депутатларини айбдор деб ҳисоблашади.

Қурултойга мамлакатнинг собиқ президентлари, ҳозирда қочқинда бўлган Аскар Акаев ва Курманбек Бакиевни ҳам таклиф этишган.

«Биз уларни таклиф қилдик, чунки кучларни бирлаштириш вақти келди. Консенсус топиш керак. Мақсадимиз — барча сиёсий томонларни бирлаштиришдир», — дея изоҳлаган Адил Турдукулов.

Мавзуга оид