Жаҳон | 20:20 / 13.03.2018
17383
3 дақиқада ўқилади

Собиқ қамоқхона нозири. МРБ тарихидаги илк аёл раҳбар ҳақида нималар маълум?

«Жина Ҳэспел МРБнинг янги директори, у бу лавозимдаги илк аёл. Барчани табриклайман!» — дея маълум қилди бугун АҚШ президенти Дональд Трамп.

Фото: Жина Ҳэспел / The OSS Society/youtube.com

Ҳэспел хоним ўзининг бутун фаолиятини махфий хизматга бағишлаган. Бу соҳа одамларига хос тарзда унинг биографиясига оид маълумотлар чекланган, ҳатто унинг суратини интернетдан топиш муаммо. Қуйида унинг Марказий разведка бошқармасидаги фаолиятига оид мавжуд маълумотлар келтирилади.

Таиланддаги махфия қамоқхона

Ҳэспел МРБ тизимида 1985 йилдан буён хизмат қилиб келади. 2002 йилда Ҳэспел хоним Таиланддаги «Мушукнинг кўзлари» номли махфий қамоқхонага раҳбар бўлган. У ерда «Ал-Қоида» террорчи ташкилоти аъзолари сақланган.

Бу қамоқхонадаги маҳкумлардан бири Абу Зубайда ўзига нисбатан қўлланган қийноқлардан кейин уйқусиз бўлиб қолгани ҳақида маълумотлар бор (уни сувга бўкиб қийнашган). 2005 йили Ҳэспел Таиланддаги қамоқхонада қийноқ қўллаб ўтказилган тергов видеоларини шошилинч равишда йўқ қилгани ҳақида хабарлар тарқалиб кетади.

Мансаб пиллапоялари бўйлаб юқорилаш

Таиланддаги воқеадан кейин Ҳэспел бир неча марта ишини ўзгартирди. У кўп вақт давомида Марказий разведка бошқармасининг аксилтеррористик марказида (CIA Counterterrorism Center) бошлиқ бўлади. 2013 йилда у Миллий хавфсизлик хизматига (National Clandestine Service — NCS) раҳбар этиб тайинланади, аммо ўтмишидаги қора доғ туфайли тезда танқидларга учраб, лавозимдан кетади.

2017 йил февралида Трамп Ҳэспелни Марказий разведка бошқармаси директори Майкл Помпеога ўринбосар этиб тайинлайди, бу қарор АҚШ Демократик партияси вакилларининг кескин норозилигига учрайди. Улар Ҳэспелнинг танланишини АҚШнинг янги раҳбарияти хориж давлатлари ҳудудларидаги махфий қамоқхоналар қайта очилишидан дарак экани ҳақида бонг ура бошлашди (АҚШ 2009 йилда бундай қамоқхоналарни бутунлай ёпганди).

Энди эса, орадан бир йил ўтиб Ҳэспел МРБ тарихидаги илк аёл директорга айланди.

Медаллар ва эътирофлар

Ҳэспел камида тўртта медал олган. Улар орасида Президентнинг олий рутбали мукофоти (Presidential Rank Award) — АҚШда фуқаролик хизматидагиларга бериладиган олиймақом мукофот.

АҚШ Давлат департаменти раҳбарлигида Рекс Тиллерсоннинг ўрнига тайинланган Майкл Помпео Жина Ҳэспел — «МРБда 30 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлган разведка зобити ва содиқ ватанпарвар» эканини эътироф этди.

Ҳэспел эса президент Дональд Трампга муҳим вазифа раҳбарлигида билдирган ишончи учун миннатдорчилик билдирди.

Мавзуга оид