Жаҳон | 22:30 / 15.03.2018
21268
2 дақиқада ўқилади

Путин ШҲТнинг кейинги саммити қайси шаҳарда ўтказилишини маълум қилди

Фото: Sputnik

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг кейинги саммити Россиянинг Челябинск шаҳрида ўтказилади. Бу ҳақда Россия Федерацияси президенти Владимир Путин «Россия - имкониятлар мамлакати» форуми лойиҳаси ғолиблари билан учрашув вақтида айтиб ўтган.

«Ҳозиргина Челябинскда ШҲТ саммити ўтказилиши ҳақидаги фармонни имзоладим. Ҳозиргина», деган Путин.

Челябинскдаги саммит 2020 йилда ўтказилади.

Ташкилотнинг энг яқин саммити 2018 йил июнида Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтади.

2017 йилги саммитга Қозоғистоннинг Остона шаҳри мезбонлик қилганди. 

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 1996 йилда «Шанхай бешлиги» номи остида ташкил этилган ва унга Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон асос солишган. 2001 йилда ташкилотга Ўзбекистон ҳам аъзо бўлгач, унинг номи «Шанхай ҳамкорлик ташкилоти» деб ўзгартирилган. Ўзбекистон уч бор — 2004, 2010 ва 2016 йилларда ташкилот саммитига мезбонлик қилган. 2016 йилги саммитда ташкилотга Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш бўйича меморандум имзоланганди. Остонадаги саммит чоғида бу давлатлар тўлақонли аъзоларга айланди ва  ташкилотга аъзо давлатлар сони 8 тага етди.

Айни пайтда тўрт давлат ташкилотда кузатувчи мақомига эга. Булар: Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон. Кузатувчилик мақомига эришиш учун ариза берган яна уч давлат бор: Сурия, Миср ва Бангладеш.

Мулоқот бўйича ҳамкор давлатлар: Озарбойжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия, Шри-Ланка.

Мавзуга оид