Жамият | 17:04 / 17.03.2018
39452
13 дақиқада ўқилади

«Ўгай маҳалла» ёхуд шовотликларни қийнаётган ижтимоий муаммолар

KUN.UZ таҳририятига Хоразм вилояти, Шовот тумани, Чиғатойқалъа қишлоғи, «Гулистон» маҳалласида истиқомат қилувчи бир гуруҳ меҳнат фахрийлари, фермерлар, нафақахўр онахонлардан мурожаат тушди.

Улар қишлоқдаги ижтимоий муаммолар бўйича шикоят қилишди. Хатда болалар боғчаси ишламаётгани, унинг аянчли ҳолатда экани, маҳаллада кутубхона тугатиб юборилгани, ичимлик суви тармоғи йўқлиги, қишлоқ врачлик пунктига эга эмаслиги, гузар тугул, ҳатто сартарошхона йўқлиги, масжид мавжуд бўлишига қарамай, унда ибодат қилишга рухсат берилмагани кўрсатилган.

Вазиятни ўрганиш учун Шовот тумани, Чиғатойқалъа қишлоғининг «Гулистон» маҳалласига ташриф буюрдик. У ерда меҳнат фахрийлари Матчонов Жуманазар, Қаландаров Шермат, Бойжонов Бектурди, Аҳмедов Худоёр ва бошқа фуқаролар билан учрашдик.

Шовот тумани, Чиғатойқалъа қишлоғи

Чиғатойқалъа қишлоғининг «Гулистон» маҳалласи Шовот тумани марказидан 7 км узоқликда жойлашган. Унда 600дан зиёд хонадон мавжуд.

Фуқароларнинг сўзларига кўра, мустақилликка эришилганидан сўнг, маҳаллада бирорта маданий, ижтимоий-иқтисодий объект қурилмаган. Мавжуд бўлганлари эса тугатилиб, мулки талон-торож қилиб юборилган.

Вайронага айланаётган «Орзу» мактабгача таълим муассасаси

1985 йилда «Меҳнатобод» жамоа хўжалиги маблағлари ҳисобига маҳаллада «Орзу» мактабгача таълим муассасаси барпо қилинган. Унда шу маҳалла болалари таълим-тарбия олган, саводини чиқарган.

Маҳалла аҳолисининг айтишича, 2015 йилда боғча капитал таъмирлаш баҳонасида ёпилган, аммо ҳозирги кунгача ҳеч қандай таъмирлаш ишлари бажарилмаган ва қаровсиз аҳволда, ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Уни тугатиб юбориш ҳақида бирор қарор мавжуд эмас, аммо боғча мулки (яъни давлат мулки) талон-торож қилиб юборилган.

«Орзу» болалар боғчаси 2015 йилда таъмирлаш учун ёпилган. Шундан бери фаолият кўрсатмайди
Боғчанинг иситиш мосламалари, трубалари, батареялари талон-торож қилинган
Боғчанинг ошхонаси, овқатланиш ва кийиниш хонасининг аҳволи

Фахрийлар билан бўлган суҳбатда, 66 ёшли Жуманазар ака берган бир маълумот бизни ҳайрон қолдирди.

«Боғчанинг ёпилиб кетмаслиги учун, у ерда ишлаётган тарбиячилар ва бошқа ходимларнинг ҳар бири, ўз ихтиёри билан, ўз маоши ҳисобидан, 10 нафар боланинг боғча пули ярмини тўлаб келишган! Бу билан кам таъминланган оила болаларининг боғчадан қолиб кетмаслиги, муассасанинг эса ёпилиб, тугатиб юборилмаслигига умид қилишган. Ахир қандай қилиб бундай ходимларни ишсиз қолдириш мумкин?» - дейди Жуманазар ака.

Боғчанинг қозонхонаси, чўмилиш хонаси аҳволи. Ўйинчоқлар болакайларга маҳтал бўлиб ётибди

Айни пайтда, маҳалла болалари бошқа ҳудудлардаги, 4-5 км узоқликдаги боғчаларга боришга мажбур. Бу жуда узоқ ва ноқулай. Бундай харажатларни фақат шахсий транспорти бор ва ўзига тўқ оилаларгина кўтара олади. Улар эса озчилик.

Боғчанинг биноси ҳали ҳам мустаҳкам, бироқ ойналари синган, талаб кетилган. Сув босими минораси темир устунлари кесиб, олиб кетилган

Маҳалла фуқароларини боғчанинг хусусийлаштириш масаласи ҳам қийнамоқда. Агар боғча хусусий тадбиркорларга сотиб юборилса, боғча пулининг қиммат бўлиши, натижада, оилалар қийналиб қолиши, бунинг оқибатида болаларини боғчага бермай қўйиши, шундан сўнг, умуман тугатилиб, унинг тижорат мақсадларида ишлатилиш хавфи борлиги аҳолини ташвишга солган.

1985 йилда барпо қилинган боғча кейинчалик бир неча марта шу маҳалла фуқароларининг ташаббуси ва ҳашари билан таъмирлаб берилган. У жуда пухта қурилган бўлиб, 33 йилда эскириб, яроқсиз ҳолга келишига ишонгинг келмайди.

Бир пайтлар бу айвончада болаларнинг шодон кулгиси, қийқириқлари янграб турган

Бу отахонларга боғча нимага керак экан, набираларини уйда ўйнатиб, тарбиялаб ўтирса бўлмасмикан деган фикр ҳаёлингиздан ўтиши мумкин. Улар билан яқиндан танишгач, бу саволларга жавоб топасиз.

Матчонов Жуманазар ака шу қишлоқда 24 йил давомида мактаб директори бўлиб ишлаган, география фанидан дарс берган. Айни пайтда, нафақада. Жуманазар аканинг 176 нафар (!) ўқувчиси Республика фан олимпиадаларида иштирок этган. Унинг шогирдлари Хоразм вилояти таркибида 13 марта Республика олимпиадаларида 1-ўринни эгаллаган. 4 нафар ўқувчиси эса, Москвада ўтказилган халқаро олимпиадада бронза медалларини қўлга киритишган.

Аллаберганов Анвар (ҳуқуқ фанлари номзоди, профессор), Душамов Шуҳрат (физика фанлари номзоди, ядро физикаси олими), Матчанов Музаффар (фан номзоди, халқаро экология бўйича мутахассис) каби олимлар айнан шу қишлоқнинг фарзанди ҳисобланади. Бундан ташқари, қишлоқнинг кўплаб фуқаролари айни пайтда олий таълим даргоҳларида дарс бериб, давлат идораларининг раҳбарлик лавозимларида ишлаб келмоқда, Ўзбекистоннинг равнақи учун меҳнат қилмоқда. Буларнинг барчаси шу қишлоқда болаларнинг тарбияси, ўқувчиларнинг билимига, илм-маърифатга қаратилган эътибор туфайли бўлган. Боғча эса шу тизимнинг ажралмас бир бўғини ҳисобланади.

«Боғчамиз сақланиб қолсин, у ишга туширилсин. Болаларимизни, набираларимизни боғчага берайлик. Улар ўқисин, ўргансин, илмли-маърифатли бўлсин. Биз мана шуни истаймиз» - дейди кўп йиллар давомида мактаб ўқитувчиси бўлиб ишлаган Шермат ака.

Талон-торож қилинган ичимлик суви таъминоти тармоғи

«Гулистон» маҳалласида ичимлик суви таъминоти тармоғи қурилиши ўтган асрнинг 90-йилларида бошланган, аммо охиригача етказилмаган. Кейинчалик эса унинг ускуналари, қурилиш материаллари талон-торож қилинган. Айни пайтда маҳалла аҳолиси ер ости сувини ичмоқда, бундан ташқари, ҳафтада бир марта уларга ичимлик суви тарқатилмоқда.

Тугатиб юборилган, таланган қишлоқ врачлик пункти

«Гулистон» маҳалласида мавжуд бўлган тиббиёт пункти ҳам тугатиб юборилган. Бунинг сабаби сифатида, қўшни «Бўстон» маҳалласидаги қишлоқ врачлик пункти (ҚВП) таркибига қўшиб юборилиши кўрсатилган. Шундан сўнг, гулистонликлар 1-1,5 км масофани босиб ўтиб, «Бўстон» маҳалласидаги ҚВПга боришга мажбур бўлишган.

«Бўстон» маҳалласидаги собиқ қишлоқ врачлик пункти, ҳозирги кунда таянч пунктга айлантирилган

Афсуски, яқинда «Бўстон» ҚВП ҳам «оптимизация» баҳонасида тугатилиб, «Меҳнатобод» маҳалласидаги оилавий поликлиникага қўшиб юборилган. Айни пайтда, «Бўстон» ва «Гулистон» маҳалласи фуқароларининг бу поликлиникага бориши учун 4-5 км масофани босиб ўтишига тўғри келади. Маҳаллий аҳолининг норозилиги ва шикоятларидан сўнг, «Бўстон» ҚВП таянч пункти сифатида қолдирилган. Унда мавжуд бўлган янги, замонавий тиббиёт ускуналари, автоклав, лаборатория жиҳозлари, ЭКГ ва бошқа ускуналар юк машинасида олиб кетилмоқчи бўлганида, бундан хабар топган маҳаллий аҳоли келиб, норозилик билдирган. Шундан сўнг, юк машинасида келганлар кўздан ғойиб бўлишган. Аммо, тунда келиб, барча жиҳозлар ва ускуналар одамларга билдирмасдан олиб кетилган.

«Бўстон» ҚВПга тегишли бўлган қимматбаҳо, замонавий тиббий ускуналар олиб кетилган, хоналар бўм-бўш

Эътиборли жиҳати, «Бўстон» ҚВП ёнида 44-сон умумий ўрта таълим мактаби бор. Шу ерда меҳнат қилувчи ўқитувчилар олдимизга келиб, шу ҚВП сақлаб қолинишини илтимос қилишди. «Биз болалар билан ишлаймиз, бирор кор-ҳол юз берса, дарҳол шу ерга келиб, улар учун тиббий ёрдам олардик. Биз учун яқин ва қулай эди. Энди 4-5 км масофага қандай қилиб борамиз» - деди мактаб ўқитувчиларидан бири куйиниб.

Қурилиши пайсалга солинаётган маҳалла гузари

«Гулистон» маҳалласида гузар тугул, сартарошхона ҳам йўқ. Маҳалла тадбиркорларидан бири Аҳмедов Худоёр ака бундан 5 йил олдин гузар ташкил қилишни, уни барпо қилиб, ишга туширишни ўз зиммасига олиб, Шовот тумани архитектура бўлимига ариза топширган экан.

«Шу пайтгача ҳеч қандай жавоб олмадим. Биз шу гузарни қуриб, сартарошхона, темирчилик устахонаси ва бошқа қулайликларни яратмоқчи эдик. Аммо иш ҳалигача пайсалга солиб келиняпти. Сабабини билмаймиз» - дейди Худоёр ака.

Ёпиб юборилган кутубхона

«Гулистон» маҳалласида собиқ жамоа хўжалиги маблағларига барпо қилинган мўъжаз кутубхона мавжуд бўлган. Кейинчалик унинг биноси маҳалла идорасига айлантирилиб, кутубхона тугатилиб юборилган. Айни пайтда, «Меҳнатобод» маданият саройида янги кутубхона ташкил қилиш ишлари бошлаб юборилган, аммо унинг узоқлиги маҳаллий аҳолини норози қилмоқда.

«Гулистон» маҳалласи кутубхонаси тугатилиб, унинг биноси маҳалла идорасига айлантирилган. Китоблар билан тўла бўлган хоналар бугунги кунда бўм-бўш

«Кутубхонамиз фондида 3000-4000та китоб мавжуд эди. Айни пайтда 1 дона китобни 40-50 минг сўмга оляпмиз. Бугунги кунда ёшларимизни китобхонликка ўргатиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилмоқда. Маҳалла ҳудудидаги бой китоб фондига эга бўлган кутубхона эса тугатилиб юборилди. «Меҳнатобод» маданият саройида ташкил қилинаётган кутубхона биздан 4-5 км узоқликда. Болалар унга қандай қилиб боради?» - дейди маҳалла кўчабошиси Бектурди ака.

Ҳозирги кунда, гулистонликлар маҳалла идорасига айлантирилган собиқ кутубхонани тиклаб беришни илтимос қилишяпти.

«Шу кутубхона учун ажратилган хонани ўз ҳисобимиздан таъмирлаб беришга ҳам тайёрмиз. Мақсад - фарзандларимиз китобга меҳр қўйсин, ўқисин, илмли-маърифатли бўлсин» - дейди Худоёр ака.

Ибодат қилишга рухсат берилмаган масжид

«Гулистон» маҳалласида масжид бор. У тарихий объект ҳисобланади. Хива хони даврида барпо қилинган мўъжазгина масжид кейинчалик абгор аҳволга келиб қолган. Маҳаллий аҳоли уни ҳашар ва хайрия йўли билан таъмирлаб, тиклаб олган. Аммо, айни пайтда бу масжидда ибодат қилишга рухсат йўқ. 

«Гулистон» маҳалласида ҳашар ва хайрия йўли билан таъмирланган тарихий масжид. Унда ибодат қилишга рухсат йўқ

Маҳалла отахонлари бу масжидда ибодат қилишга Рамазон ойигача рухсат берилишдан умидвор бўлишяпти.

«Намозимизни шу масжидда ўқисак, ибодатимизни қилсак. Жума намози, таровиҳлар учун 7-8 км йўл босиб, туман марказига боряпмиз. Бу биз учун жуда ноқулай ва қийин. Маҳалламиз масжидини таъмирлаб, тайёр қилиб қўйдик. Аммо унда ибодат қилишга рухсат йўқ. Шу масала Рамазон ойигача (15 май куни бошланади) ҳал бўлса, хурсанд бўлар эдик» - дейди отахонлардан бири.

Маҳалла фуқароларининг маълум қилишича, «Гулистон» маҳалласидаги ижтимоий муаммолар ҳақида фуқаролар бир қанча жойларга, хусусан, Хоразм вилояти ҳокимияти, Шовот тумани ҳокимияти ва Халқ қабулхоналарига мурожаат қилишган. Аммо, улар томонидан амалий ёрдам бўлмагач, KUN.UZ таҳририяти билан боғланишга жазм қилишган.

«Гулистон» маҳалласи туманимиз учун ўгайми, нега унинг муаммолари ҳеч кимни қизиқтирмаяпти? Бизнинг шикоятимизни, дардимизни эшитадиган одам борми?» - деб куйинади Жуманазар ака.

Биз бу муаммолар бўйича Шовот тумани ҳокимиятига мурожаат қилиб, ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар бўйича ҳоким ўринбосари вазифасини бажарувчи Муҳиддин Қуронбоев билан учрашдик. У маҳалла аҳолисига ўз ваколати доирасидаги масалалар бўйича ёрдам беришни ваъда қилди.

Бу масала юзасидан, ЎзЛиДеП партиясидан, 53-Чиғатой сайлов округидан Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашига сайланган депутат Илёс Абдуллаев билан ҳам суҳбат қурдик. У ҳам ўз ваколати доирасида, маҳалла фуқароларининг муаммолари билан шуғулланишга, депутатлар кенгаши муҳокамасига олиб чиқишга сўз берди.

Хулоса ўрнида

Шовот туманидан қайтар эканман, маҳалла отахонлари, онахонларининг талаб ва истакларининг моҳияти мени ҳайратда қолдирди. Одамлар ўзига ер, арзон кредит, уй-жой ва бошқа нарсаларни сўраб мурожаат қилаётганини кўрган, эшитгандим. Аммо, қишлоқ фарзандларининг боғчага бориши, илмли, маърифатли бўлиши, кутубхона очилиб, ундан китоб олиб ўқиши, аҳолисининг малакали тиббий ёрдам олиши, болаларининг соғлом бўлиб улғайиши, ўз манфаати учун эмас, балки келажак авлод манфаати учун жон куйдирадиган инсонлар ҳам бор эканидан чуқур таъсирландим.

Отахонларнинг бир гапи фикру-ҳаёлимда жаранглайверди - «Биз шу қишлоқ фарзандларининг таёқни қўлига ушлаб, қўйнинг, молнинг кетидан югуриб, катта бўлишини истамаймиз. Илмли-маърифатли, одоб-ахлоқли, биздан ҳам ақлли бўлишини, яхши яшашини хоҳлаймиз. Биздан кейин обод қишлоқ, фаровон юрт қолиши тарафдоримиз!»

Айни пайтда, бизларда, раҳбарларда, юрт истиқболи учун масъул мулозимларда келажагимизни кимларга ишониб топширишни танлаш имконияти бор: илм-маърифатли, етук авлодгами ёки саводсиз, оми, жоҳилларгами...  

Биз албатта «Гулистон» маҳалласидаги вазият бўйича воқеалар ривожини кузатиб борамиз.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид