Фан-техника | 22:45 / 27.03.2018
66483
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда йиғилган "КАМАЗ" автомобиллари тақдимоти бўлиб ўтди (фотожамланма)

27 март куни "Ўзэкспомарказ"нинг Миллий кўргазмалар мажмуасида Ўзбекистонда йиғилаётган “КАМАЗ” юк автомобиллариининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти ҳамда Россиянинг "КАМАЗ" ОАЖ билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирга Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, мамлакатимиз вазирлик ва идора раҳбарлари, “Ўзавтосаноат” АЖ ҳамда "UzAutoTrailer"нинг ишбилармон ҳамкорлари ташриф буюришди. Тадбирда қатнашган KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди. 

"КАМАЗ" автомобилларини ишлаб чиқариш Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида жойлашган "UzAutoTrailer» МЧЖнинг ишлаб чиқариш майдонида бошланган. 

Юк машинаси тақдимоти доирасида ташриф буюрганлар Ўзбекистонда йиғилаётган "КАМАЗ" автомобиллари билан танишиш имконига эга бўлишди. 

Тақдим этилган моделлар орасида юк автомобилининг ноёб модели ҳисобланган "КАМАЗ" 5490-024-87 мавжуд бўлиб, у юк автомобилларнинг инновацион концепцияларини ишлаб чиқариш бўйича етакчи саналган "Daimler AG" автомобиль концерни билан биргаликда ишлаб чиқарилган. 

"КАМАЗ"нинг мазкур модели ЕВРО 5 экологик даражасидаги "Daimler" двигатели билан жиҳозланган, кабина дизайни, тормоз ва юриш тизими немис автоконцерни мутахассислари билан ҳамкорликда амалга оширилган.

Шу билан бирга, экспозиция меҳмонларини жаҳон юк автомобиллари ишлаб чиқарувчилар орасида ўтказиладиган халқаро "Дакар" ралли-марафонининг 15-карра ғолиби, "КАМАЗ-мастер" жамоасининг афсонавий спорт юк машинаси қарши олди.

Тақдимот маросимидан олдинги матбуот анжуманида маълум қилинишича, "UzAutoTrailer"  заводида 10 дан 36 тоннагача юк кўтариш қобилиятига эга бўлган 11 турдаги "КАМАЗ" юк автомобиллари йиғилади. Мазкур автомобилларга ўрнатиладиган двигателларнинг 240 дан 401 гача от кучига эга бўлиб, улар ЕВРО 3, ЕВРО 4 ҳамда ЕВРО 5 экологик меъёрларга жавоб беради.

100 та "КАМАЗ"дан иборат илк партия  "UzAutoTrailer"  заводида жорий йилнинг биринчи чорагида чиқарилди. 

"UzAutoTrailer"  заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1500 та юк машинасини ташкил қилади, кейинчалик ушбу кўрсаткични 3 000 тага етказиш кўзда тутилган. 

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, "UzAutoTrailer"  заводида ишлаб чиқариладиган "КАМАЗ" автомобиллари нафақат маҳаллий бозор, балки Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларига ҳам етказилади.

 "Биз ўзаро ҳамкорлик кўлами кенгайишига катта ишонч билдиряпмиз, сабаби бу икки мамлакатнинг бирлашиши, ташқи бозорлар – Яқин ва Узоқ Шарққа рақобатбардош маҳсулот олиб чиқиш учун ажойиб имкониятдир" - дейди "КАМАЗ" ОАЖ бош директори Сергей Когогин. 

"КАМАЗ" юк автомобилларининг бизнинг заводда ишлаб чиқарилиши компания ривожидаги янги босқич, шунингдек Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги юқори технологик соҳада ҳамкорлик учун муҳим қадам саналади, - дейди "UzAutoTrailer"  бош директори Алишер Хаджибаев. "КАМАЗ" билан биргаликда Республикамизнинг барча вилоятларида замонавий диллерлик ва сервис тармоғини  ташкил этиш, ҳамда ўзбек ишлаб чиқарувчисининг маҳсулотини хорижий бозорга олиб чиқиш бўйича алоҳида стратегия ишлаб чиқилмоқда. Ушбу юк автомобиллари нафақат Ўзбекистон йўлларида, балки қўшни мамлакат йўлларида ҳам ўзининг ўрнига эга бўлишига ишонамиз".

Мавзуга оид