Жамият | 23:52 / 28.03.2018
40519
2 дақиқада ўқилади

Журналист Бобомурод Абдуллаев қилмиши учун жазо олишга тайёрлигини билдирди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва амалдаги ҳукуматни ағдаришга уриниш каби жиноятларни содир этишда айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев 28 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди биносида қонун олдида ўз қилмишига жавоб беришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

Усмон Ҳақназар тахаллуси остида деярли 12 йил давомида мақолалар ёзиб келган журналист Бобомурод Абдуллаев 28 март куни ўтказилган суд мажлисида қонун олдида жавоб бериши шартлигини тан олди.

«Мен ёлғон ва ҳақоратларим учун қонун олдида жавоб беришим шарт. Айтмоқчиманки, журналист этикасига хос бўлмаган тарзда маълумотларни текширмай мақолаларни ёздим, кўп пайтда мақолада номи эсланган шахсларни ҳақорат қилдим. Бироқ, ҳукуматни ағдариш қўлимдан келмайди. Ҳибсхонада сақланаётган кишилар билан бир марта кўришганмиз, иккинчи марта шу ерда - панжара ортида. Ўйлаб кўринг, хонтахта атрофига йиғилган 3-4 нафар ўзбек лагандаги ошни ағдариши мумкин, ҳукуматни эмас», дейди Бобомурод Абдуллаев.

Журналистнинг айтишича, мақолаларида кескин фикрлар билдиргани ва ҳақоратлар мавжудлигини у тан олсада, суриштирув-тергов даврида флешка хотирасидан топилган радикал ғоялар акс этган материаллар унга тегишли эмаслигини иддао қилмоқда.

«Компьютер ва телефонимни тинтув қилишда мен иштирок этмадим. Терговнинг бу ҳаракатлари менда шубҳа уйғотди», дейди у.

Бобомурод Абдуллаев Муҳаммад Солиҳдан мақолаларни тайёрлаш учун ҳеч қандай пул олмаганини айтганидан сўнг, Солиҳдан (Салай Мадаминов) китоб таржимаси учун 5000 АҚШ доллари олганини сўзлаб берди.

Кейинги суд мажлиси 29 март куни соат 10.00 бошланади.

Мавзуга оид