Жаҳон | 22:50 / 30.03.2018
69910
2 дақиқада ўқилади

Инсон организмида янги аъзо топилди

Фото: pixabay

Америкалик олимлар навбатдаги тадқиқот вақтида инсон организмида янги аъзо – суюқлик билан тўла бўлган ва тана аъзоларининг бирлаштирувчи тўқималарига кириб борувчи микроскопик каналлар тармоғини аниқлашди.

Кашфиёт бемор эндоскопик кўрик қилинаётган вақтда тасодифан очилган. Унинг овқат ҳазм қилиш тизими текширилган.

Олимларнинг фикрича, бу тармоқ амортизацияловчи функцияга эга бўлиб, ички аъзоларни ҳимоя қилади. Олимларнинг тахминича, шу билан бирга ушбу очиқ тармоқ саратон метастазларининг пайдо бўлишига кўмак бериши мумкин. Бу каналлар орқали саратон ҳужайралари лимфатик тизимга кириб, у орқали бутун организм бўйлаб тарқалиши мумкин.

Олимлар тананинг қолган жойларини текшириб, бундай каналларни бурун бўшлиғида ҳам аниқлашган. Олимларнинг айтишича, бу каналлар деярли барча аъзоларда бор. У тахминан инсон танасидаги барча суюқликнинг бешдан бир қисмини ўзида сақлайди.

Аввал бу аъзони аниқлашнинг имкони бўлмаган, чунки тўқималар тадқиқотининг стандарт усулларида суюқлик оқиб кетиши ва коллаген толалар парчаланиши юз берган ва шу сабабли у пайқалмас бўлган.

Шифокорларнинг тахминича, каналлар таркибини билиш саратонни эрта аниқлашда кўмак бериши мумкин. 

 

Мавзуга оид