Light | 00:10 / 30.03.2018
14494
8 дақиқада ўқилади

Стивен Содерберг: "Одамлар 20 миллион долларлик фильмни айфонда олиш мумкинлигини хаёлига ҳам келтира олмайди"

Стивен Содерберг — киносаноатдаги бир вақтнинг ўзида барча фильмларнинг ярмини ўзи олувчи кам сонли кишилардан  бири. 29 март  куни унинг янги "Самода" номли инновацион картинаси Россия прокатига чиқади. Айфон қурилмасига олинган мазкур фильм премьераси Берлин кинофестивалида бўлиб ўтган. Бироқ унинг бутун дунё бўйлаб премьерасидан олдин яна бир фильмни суратга олишга улгурди - буниси ҳам айфонга олинган картина.

Бундан ташқари, у параллель равишда бирйўла бир неча сценарий тайёрламоқда - Панама архивлари ҳақидаги картиналар шулар жумласидандир, у шунингдек "Оушеннинг 11 дўсти" ремейкига продюсерлик қилади, "Супер Майк" мюзикли устида ишламоқда ва ҳатто тасвирий санъат билан шуғулланишга ҳам вақт топишнинг уддасидан чиқмоқда. ТАСС мухбири Содерберг билан Берлинда учрашиб, у билан кинематограф келажаги, унинг янги лойиҳалари ва кинотеатрлар тақдири ҳақида суҳбатлашди. Қуйида ушбу суҳбатдан парча келтирилади.

— Нима деб ўйлайсиз, келгусида ҳозирги шаклдаги  кинотеатрлар керак бўлармикан?

— Ўйлашимча, ҳа. Барибир бу қизиқ тажриба деб ҳисоблайман. Ҳаммаси яхши кетса, одамлар завқ олади. Мен нафақат фильмнинг ўзи, балки кинотеатрдаги шароитларни ҳам назарда тутяпман. Менда кўпинча шундай ҳолатлар бўладики, кинога бориб, уйга қайтаётганимда ўзимча ўйлайман: "Мана нима учун одамлар тобора кўпроқ фильмларни уйда томоша қилишни маъқул кўришмоқда". Баъзан проекция ёмон бўлиши, унча тоза бўлмаслиги, жой кам бўлиши мумкин. Шу билан бирга, одамлар ҳам қўполлашиб кетмоқда: улар кино кўраётганда телефонларини ўчиришмайди, худди ўз уйларида ўтиргандек гаплашиб ўтиришади. Бу - муаммо. Уни қандай ҳал қилиш кераклигини билмайман.

— "Панама ҳужжатлари" бўйича ишлаётган фильмингизга тўхталиб ўтсангиз.

— "Панама ҳужжатлари" — бу кузда киришишни режалаштираётган ишим, бу анча кенг кўламли лойиҳа. Панама архивлари бўйича илк терговлар йўлга қўйилганидаёқ шу мавзуга қизиқиб қолгандим. Бу шахсан мени энг кўп қизиқтирувчи мавзу. Умуман олганда, биз Скотт (сценарийнавис Скотт З.Бёрнс) билан доимо алоқадамиз. У менга "Сиз ҳам шунга қизиқиб қолдингизми?", деди.

Бу ҳикояни ўқувчи кишиларнинг аксарияти нима учун бу улар учун долзарб бўлиши кераклигини тушунмайди. Улар бадавлат кишилар эмас. Уларнинг нефть компаниялари йўқ. Улар учун бу ҳикоя тарихи шундай: кўплаб бадавлат корпорациялар солиқ тўламаслик учун шу иш билан шуғулланади. Улар бу ҳикоя қанчалик ҳар бир инсон ҳаётига боғлиқ эканини кўришмайди. Шунинг учун Скоттга айтдим: "Скотт, шундай қилгинки, бу ҳикояда бирорта журналист бўлмасин. Сенинг вазифанг — одамларни шу фильмни кўриш учун кинотеатрларга боришга ундаш". Ўшанда мен у воқеаларни менинг кундалик ҳаётимда рўй бераётган воқеаларга қандай боғлаш мумкинлиги ҳақида тасаввурга ҳам эга эмасдим.

У ажойиб ғоя ўйлаб топди. Биринчи навбатда биз фильмни бир неча новеллага бўлдик. Уларнинг баъзилари ҳақида фильм жараёнида "Қандай қилиб бу сюжет линиялари бир жойда кесишиши мумкин?", деб ўйлаб қоласиз. Шундай бўлса-да, улар кесишади. Ўшанда тушуниб етасиз: дарҳақиқат, атрофимизда қанчадан қанча одамлар, компаниялар ва вазиятларнинг барчаси сценарийда Панама қоғозларида тасвирланган нефть компаниялари орқали боғланган.

Сценарий тайёр бўлганида жуда хурсанд бўлдим. Кинода бутун дунё бўйлаб рўй берадиган воқеалар, кўплаб ҳикоялар, бир пайдо бўлиб, бир кўринмай қолувчи турли персонажлар акс этади. Бу жуда ақлли ўйланган сценарий.

— Нимаси биландир сизнинг "Траффик"ингизга ўхшаб кетар экан.

— Ҳа. Бундай фильм ўз аудиториясини топса, жуда зўр бўларди. Ҳозирча эса бунга ишончим комил эмас. Бу очиқ масала, биз бу фильмга энг муносиб сармоячиларни топишга ҳаракат қиляпмиз, чунки бу арзон лойиҳа эмас. Жуда қиммат ҳам деб бўлмайди, лекин арзон ҳам эмас. Фильм катта ёшли кишиларга мўлжалланган, бу ҳақиқий чақириқ. Бу томошабин учун оддий тажриба бўлмайди. Шунга ўхшаш қанчадан-қанча фильмлар прокатда 100 миллион доллар топди? Сармояларни қайтариш учун шунча пул ишлаб топишим керак бўлади.

Фото: filmpro.ru

— "Оушен дўстлари" фильмингизнинг ремейки "Оушеннинг 8 дугонаси"ни яратишда сизнинг иштирокингиз қай даражада бўлди? Бу шунчаки титрлардаги бир сатрми ёки каттароқ аҳамиятга эгами?

— Режиссер Гэри Росс ва мен бу ҳақида кўп гаплашганмиз. Йўқ, бу шунчаки титрлардаги бир сатр эмас, биз унинг устида кўп ишлаяпмиз. Фильмнинг чиқиш вақтига бориб тўрт йил ўтган бўлади.

Мен ўзимни титрларда камдан-кам ҳолатларда шунчаки продюсер деб атайман, кўпинча ижрочи продюсер деб ёздираман, чунки мен масъулиятни жуда жиддий қабул қиламан. Айни ҳолатда титрлардаги бу сатрга пешона терим билан эришганман. Мен ҳақиқатда Гэри картинани ишлагунга қадар унинг илтимосига биноан доим ёнида бўлдим. У менинг олдимга келиб, "Бу ғоя ҳақида нима деб ўйлайсан?" деб айтган. Мен "Фикримча, бу жуда ажойиб" деганман. Шунда у мендан бу фильмга продюсерлик қилишга рози ёки йўқ эканимни сўради. Мен унга "Албатта" деб жавоб бердим.

— "Супер Майк" тарихи қандай кўринишда давом эттирилади?

— Фикримча, "Супер Майк XXL" картинаси Ченнинг бу ролини жуда яхши уддалаётганини кўрсатди ва бу унга катта машҳурлик олиб келди. Биз фильмлар мотиви бўйича Бродвей мюзикли устида ишлаяпмиз ва айни дамда лойиҳа бир шаклга кирмоқда. Шундай экан, бу икки турли шаклдаги коинотнинг табиий ривожланишидир. Ўйлашимча, биз барча линияларни ўзимиз ўйлагандек якунладик.

Фото: filmpro.ru

— Тушунишимча, сиз ҳозирча бошқа катта қиммат картиналарни суратга олмоқчи эмассиз, сиз кўпроқ айфонга олинган фильмлар билан бандсиз. Ёки бу муайян бир лойиҳага боғлиқми?

— Ўйлайманки, бу йил мен истагандек фильм олиш имконини берувчи бир неча технологик ютуқлар рўй беради. Ҳозир баъзи одамлар 20 миллион долларлик фильмни 700 долларлик телефонга олиш мумкинлигини хаёлига ҳам сиғдира олмайди. Баъзилар учун бу ҳақиқий муаммо. Бироқ мен учун эмас. Бу йил янги камералар намойиш этилади, деб ўйлайман. Масалан, камералари телефон ўлчами билан бир хилда, лекин сенсори телефондан каттароқ - мана бозорга қандай смартфонлар  чиқади ва бу жуда қизиқ бўлади, чунки шундагина энг яхшисини ҳам телефонлардан, ҳам профессионал камералардан олиш мумкин бўлади, яъни камерани истаган жойингизга қўйиб, катта кино олиш имконига эга бўласиз.

Мавзуга оид