Спорт | 14:09 / 31.03.2018
13058
14 дақиқада ўқилади

А серия «класико»си, Лондон дербиси. Европага яна клублар футболи қайтди

Терма жамоалар учун белгиланган ФИФА кунлари туфайли икки ҳафталик танаффусга чиққан Европа чемпионатларида жуда кўп муҳим ва қизиқарли ўйинлар йиғилиб қолган экан. Келаси ҳафтада Чемпионлар Лигаси ўйинлари борлиги учун, аксарият етакчи клублар ўз ўйинларини бугун ўтказишади. Tribuna.Uz дам олиш кунларида бўлиб ўтадиган энг қизиқарли ўйинлар ҳақида маълумотларни тақдим этади.

КРИСТАЛ ПЭЛАС - ЛИВЕРПУЛЬ (31 март, 16:30)

Фото: Getty Images

Авваллари топ клублардан очко олиб, асосан қўйи жамоаларга очко улашадиган «Ливерпуль»нинг характери ўзгаргандек. Жамоа «Арсенал» ва «Тоттенҳэм» билан дуранг ўйнаб, «МЮ»га ютқазди, аммо шу ўйинлар орасида қаторасига 11 ўйиндан бери топ-6 дан ташқари клубларни осонлик билан мағлубиятга учратиб келмоқда. «Ливерпуль»нинг сўнгги қоқилиши декабрь ойи бошларида «Вест Бромвич» билан (0:0) бўлганди.  Аслида бу яхши тенденция, жамоа ютиши керак бўлган ўйинларни ўз фойдасига ҳал қилишни ўргана бошлади, бу эса, алоҳида ўйинлардаги жозибадан кўра ишончлироқ ва совринли ўринлар учун курашишда зарурроқ бўлган хусусиятдир.

«Кристал Пэлас» эса Юрген Клопп учун ўзига хос рақиб. Чунки айнан «бургутлар» Англияда Юрген Клоппни мағлубиятга учратган илк клуб бўлганди. У ҳам бўлса, «Энфилд»да ўтган учрашувда содир бўлганди. Ўша ўйиндан буён «Ливерпуль» бу рақибини фақат ютиб келаётган бўлса-да, бугунги ўйиннинг турнир нуқтаи-назаридан ҳам баҳоси катта. «Кристал Пэлас» хавфли зонадан узоқлаша олгани йўқ, «Ливерпуль» эса, ўзи учун хавфли зона бўлган бешинчи ўриндан узоқлашиш ниятида. Айниқса, асосий рақиблар «Челси» ва «Тоттенҳэм» ўзаро ўйнайдиган мана шу турда очко йўқотиш ливерпулликлар учун жуда аламли бўлса керак.

«Кристал Пэлас» айниқса, ўз майдонида ҳар қандай рақибга қарши кучли ўйнай олади. Улар «Челси»ни енгишди, «Манчестер Сити» билан дуранг ўйнашди, «Юнайтед» фақат сўнгги дақиқаларда қутулиб қолди. Демак, бу сафар ҳам муносиб жангни кутишга ҳақлимиз.

Бунинг устига, «Ливерпуль» уч кун ўтиб Чемпионлар Лигасида муҳим ўйинга майдонга тушади. Ўша ўйиннинг хаёли ҳам бугунги рақибга диққатни жамлашга ҳалақит бериши мумкин. Мезбонларнинг муаммоси каттароқ – ҳали-ҳамон таркибдаги тўққиз нафар ўйинчи жароҳатини даволаш билан банд. Улардан фақат Жоел Уорд бугунги ўйинга қайтиши мумкин холос.
   
ЭВЕРТОН - МАНЧЕСТЕР СИТИ (31 март, 21:30)

Фото: Stu Forster/Getty Images

«Манчестер Сити» эртакни жуда ажойиб нотада тугатиш учун «Эвертон» устидан ғалаба қозонишлари керак бўлади. Ана шундагина, келаси турда «Этиҳад»да Пеп Гвардиола шогирдлари ашаддий рақиблари «МЮ» устидан қозонилган ғалаба билан чемпионликни расман нишонлашлари мумкин. Зўр-а?

Бугунги рақиб айнан «Эвертон» экани ҳам қандайдир рамзий. Биринчидан, тўрт йил олдин, айнан «Эвертон» кутилмаганда «МЮ»ни «Олд Траффорд»да тўхтатиб қолган ва «Манчестер Сити»га узоқ йиллик танаффусдан сўнг, чемпион бўлиш имкониятига қайта очганди. Иккинчидан, айнан «Эвертон» бугунгача Гвардиола учун ноқулай рақиб бўлиб қолмоқда ва бу даврда «Сити» уларни мағлуб эта олгани йўқ. Манчестерда ўтган ҳар икки ўйин 1:1 ҳисобидаги дуранг билан тугаганди. Ливерпулда эса, «Эвертон» бутунлай рақибининг устидан «кулиб ташлаган» ва 4:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.

Бошқа тарафдан, «шаҳарликлар» ҳали жуда кўп «матчбол»ларга эгалар ва вазиятга прагматик ёндошиш ва асосан, юқорида тилга олинган Чемпионлар Лигаси чорак финалига тайёргарлик кўришлари мумкин. Бунинг устига, жамоанинг етакчи ҳужумчиси Серхио Агуэронинг бу ўйинда жамоага ёрдам бера олмаслиги маълум бўлди. Мезбонларда эса, етакчи ҳимоячи Эшли Уильямс дисквалификация туфайли, шерикларига ёрдам бера олмайди.

БАВАРИЯ - БОРУССИЯ (31 март, 21:30)

Фото: REUTERS/Kai Pfaffenbach

Яна бир жуда кўп «матчбол»га эга жамоа Германияда. «Бавария». Бугун Ҳайнкес жамоаси энг яқин таъқибчиларидан бирини ўз майдонида қабул қилади. Агар бу ўйиндан бироз олдин майдонга тушадиган «Шальке» ўз ўйинида ғалаба қозона олмаса, «Бавария» дортмундликлар устидан ғалаба қозониб, расман чемпионга айланишлари мумкин. Мавсум тугашига 7 тур қолганда, «Бавария» «Шальке»дан 17, «Боруссия»дан 18 очко олдинда бормоқда.
 
Дортмунд жамоасига ҳам ғалаба зарур. Чунки келаси мавсумда Чемпионлар Лигасида қатнашиш йўлланмасини берадиган қолган уч ўрин учун 5 жамоа жамоа курашмоқда ва «Боруссия» 6-ўриндан атиги 5 очко олдинда боряпти, холос.

Жароҳатлар борасида, ҳар доимгидек, «Боруссия»нинг омади келмаган. Ройс қисқа муддатига яна сафдан чиққанди ва унинг ва Умар Тупроқнинг бугун тикланган бўлиши сўроқ остида, Ярмоленко ва Кагава апрель ўрталарида сафга қайтади, Роде мавсум охиригача майдонга туша олмайди.

Жамоаларнинг биринчи даврадаги ўйинида мюнхенликлар сафарда 3:1 ҳисобида устун келган.

ВЕСТ ҲЭМ - САУТҲЭМПТОН (31 март, 19:00)

Фото: ADRIAN DENNIS/Getty Images

Нейтрал мухлислар учун ажойиб курашни ваъда қилишимиз мумкин. Англияда 13-ўриндаги жамоани хавфли зона билан фақат 4 очко ажратиб турибди. Яъни ҳар турда қўйи қисмдаги жамоалар бир ғалаба билан 5-6 ўрин юқорига кўтарилиш ёки бир мағлубият билан шунча поғона пастга шунғиш ҳолатларини кузатяпмиз. Бу икки рақиб айнан ўша гуруҳдан.

«Вест Ҳэм» 30 очко билан 17-ўринда бормоқда. Мойес қайсидир паллада аҳволни ўнглагандек туюлганди, аммо лондонликлар сўнгги 7 ўйиндан атиги бир маротаба ғалаба қозонишди. Бундай серия натижасида яна хавфли зона кўриниб қолди.

«Саутҳэмптон»нинг ўйинини кўриб эса, уларнинг 28 очко билан 18-ўринда бораётганликларига ишониш қийин. Жамоа таркибида анча савияли футболчилар йиғилган ва ўйин сифатида ҳам бир қараганда жуда юқори. Аммо натижалардаги беқарорлик панд беряпти. Парадокслар талайгина – жамоа сўнгги уч ғалабасини сафарда қўлга киритди, ўз майдонида эса «Саутҳэмптон»нинг АПЛ даги охирги ғалабаси ўтган йилнинг ноябрида рўй берганди. Жамоа мураббийини истеъфога чиқарди, муаммолар гирдобида, лекин Англия кубоги ярим финалида иштирок этади.

Хуллас бу ўйин ғолиби ҳеч нарсани кафолатламаса-да, мағлуб бўлинганда йўқотиладиган нарсалар жуда катта. Кўрамиз.

ПСЖ - МОНАКО (31 мартдан 1 апрелга ўтар кечаси, 00:05)

Фото: Getty Images

Худди Англия сингари, Францияда ҳам иккита алоҳида кубок ва улардан бири Франция Лига кубоги ҳисобланади. Чемпионлар Лигасидаги курашни анча эрта тугатиб қўйган парижликларда, барибир, требл қилиш имкониятига эгалар. Бунинг учун Эмери шогирдлари Лига 1 да ташқари, мана шу икки кубокда ғолиб чиқсалар кифоя.

Франциядаги «ПСЖ» ва «Монако» қаршилиги қайсидир маънода, Германиядаги «Бавария» ва «Боруссия»ни  эслатиб юборади. Молиявий бақувват ва салобатли топ-клуб ва лигада уларга энг яқин ва алоҳида ўйинларда қаршилик қила олиш имконига эга бўлган, ўйин услуби кўпчилика ёқадиган иккинчи жамоа. Қизиғи, роппа-роса бир йил олдин 2 апрель куни бу жамоалар худи шу турнир финалида дуч келишганди ва ўшанда Париж жамоаси 4:1 ҳисобида ғалаба қозонганди.


Умуман, «ПСЖ» Лига кубогини қаторасига тўрт йилдан буён ютиб келмоқда ва бу бешинчи финалдир. Нуфузли бўлган Франция кубоги ҳам уч йилдан буён «ПСЖ» совринлар хонасидан жой олмоқда.

СЕВИЛЬЯ - БАРСЕЛОНА (31 март, 23:45)

Фото: Arroyo Moreno/Getty Images

Турнир эътибори билан бу ўйин у қадар қизиқ бўлмас балки, сабаби «Севилья»нинг Ла Лигада  бирор умиди йўқ, «Барселона» ҳам яхшигина масофага олдинлаб кетган ва борини айнан шу ҳафтага ташламаслиги турган гап. Аммо бу ҳафта Европада икки ЕЧЛ чорак финалчиси тўқнаш келадиган ягона ўйинни эътибордан четда қолдириш адолатдан бўлмасди.

Ҳеч бўлмаса, жамоаларнинг ЕЧЛ чорак финалига тайёргарлиги ва ўйлаётган режалари ҳақида бирор фикр хосил қилиш учун ҳам бу ўйинни кўрса бўлади. Айниқса, сешанба куни шу стадионга меҳмон бўладиган «Бавария» ҳам қайсидир маънода услуб ва албатта, савия жиҳатидан «Барселона»га яқинлиги мезбонлар учун айни муддао. Андалусияликлар бу ўйин орқали «Бавария»га тайёргарлик кўришлари мумкин.

Терма жамоа йиғинларида кичик жароҳат олган ва бир ўйини ўтказиб юборган Лео Месси ушбу ўйинда майдонга тушмаслиги ҳақида хабарлар чиқди. Аммо бугунги маълумотларга кўра, у ўйин қайдномасига киритилган.
 
ЮВЕНТУС - МИЛАН (31 март, 23:45)

Фото: ANSA

Деярли бутун мавсум «Наполи»ни таъқиб қилган «Ювентус» ниҳоят қувиб ўтиб, 4 очколик устунликка эришгач, ана энди туринликларнинг тажрибаси интригани қайтишига йўл қўймайди, деганлар кўп эди. Аммо кутилмаганда, қаторасига 15 ғалабадан сўнг, СПАЛ билан ўйинда «Ювентус» очко йўқотди ва «Наполи» билан ўртадаги фарқ максимал даражада камайди.

Бунинг устига, бугунги рақиб анойи эмас – «Милан» Италияда 15 ўйиндан бери мағлубият нималигини билмай келмоқда ва бу ўйинларнинг 11 тасида ғалаба қозонди. Натижада «Милан» ҳатто ЕЧЛ йўлланмасини берадиган ўринларга яқинлашди ва 4-ўриндаги «Интер»дан атиги 5 очко орқада, холос. Демак «Милан» ҳам фақат ғалаба учун ўйнайди. Женнаро Гаттузонинг характери, услуби ва харизмаси айнан мана шундай ўйинларда «Милан»ни энг кучли ўйинни кўрсатишга мажбур қила олса керак. Уч кундан кейин Туринда «Реал»нинг меҳмон бўлиши эса, мезбонлар учун бугунги ўйинда яна бир бошоғриқ. Албатта, ҳамма кучни сарфлаб юбориб бўлмайди.

Бу ўйинда «Ювентус»га Алекс Сандро ва Федерико Бернардерскилар жароҳат туфайли ёрдам бера олишмайди. Миланликлар таркибида эса, Игнасьо Абате йўқ.

Жамоалар ўртасидаги ўзаро ўйинлари статистикасига қарасак, «Ювентус» сўнгги йилларда сезиларли устунликка эга бўлмоқда. Сўнгги 11 ўйиннинг атиги биттасида «Милан» ғолиб чиқа олган, холос. 

ЧЕЛСИ - ТОТТЕНҲЭМ (1 апрель, 20:00)

Фото: Shaun Botterill/Getty Images

Мана бу ҳақиқий футбол. Гап фақат дерби эканида эмас, турнир эътибори билан ҳам. Чунки жамоалар турли позициядан туриб, турли масалаларни ечадиган, рақибларни турли оқибатлар қониқтирадиган ва Чемпионлар Лигаси ўз таъсирини ўтказадиган ўйин эмас бу. Ҳа, ЕЧЛ таъсири бор, лекин кейинги йилдаги ЕЧЛ у. Бу ўйинда ҳар икки томон бир ўлжа учун курашадилар ва фақат ғалаба уларни тўлиқ қониқтиради. 

«Тоттенҳэм» 61 очко билан тўртинчи, «Челси» эса, 56 очко билан бешинчи ўринда бормоқда. Демак, айниқса, мезбонлар кучли тўртликка киришлари учун ғалаба қозонишлари шарт. Еврокубоклардан чиқиб кетишга мажбур бўлган бу жамоалар мавсумни фақат шу юпанч билан муносиб тугата олишлари мумкин, холос.

Статистикага қаралса, «Челси»нинг кутилмаган устунлигини кўрамиз – сўнгги 18 ўйиннинг фақат 2тасида «Тоттенҳэм» ғалаба қозонган. Август ойида «Уэмбли»да бўлган ўйинда «Челси» 2:1 ҳисобида ғалабага эришганди. Ўтган йили айнан ўша стадионда томонлар Англия кубоги ярим финалида дуч келишган ва бу ўйинда ҳам Конте жамоаси ғалаба (4:2) қозонганди. Дарвоқе, Англия кубогида бу жамоалар курашни давом эттиришмоқда ва балки финал ўйинида тўқнаш келишлари мумкин.   
Жароҳатлар борасида мезбонларда Давид Луиз, меҳмонларда Ҳарри Кейн бу ўйинда майдонга туша олмайди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР
31 март: МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД - Суонси (19:00), Сассуоло - НАПОЛИ (21:00), Лас Палмас - РЕAЛ (21:30)
1 апрель: АРСЕНАЛ - Сток Сити (17:30).

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Мавзуга оид