Жамият | 17:20 / 01.04.2018
38862
3 дақиқада ўқилади

Ғишткўприк чегарасида «товар ўтказиб берувчилар» бизнеси авж олмоқда

Жорий йил 30-31 март кунлари Ўзбекистон Давлат хафсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлиги томонидан республикада фаолият юритувчи ОАВ вакиллари, блогерлардан ташкил топган медиа-тур уюштирилгани ҳақида аввал хабар берилган эди. Унда Kun.uz мухбири ҳам иштирок этди. 

Биз Тошкент вилоятидаги Ғишткўприк чегара ўтказув масканига бориб у ердаги шароитлар билан танишдик. Ўзбекистонда Қозоғистонга, Қозоғистондан биз томонга одамлар оқими тинмайди. Бу қувонарли. Аммо Қозоғистондан келувчиларнинг аксари у ёқдан музлатгичлар, телевизорлар ва бошқа турли хўжалик техникаларини олиб кираётганини кўриб, дилим хира бўлди, кўнглим ғаш бўлди. Нега дейсизми? Чунки Қозоғистонга ўтаётганларнинг ҳеч бири Ўзбекистондан шу каби техникаларни олиб кетаётганига кўзим тушмади, ахир.

Техника олиб ўтилишининг сабабини сўраганимизда, у ерда арзон дейишди, аксарият. Аммо, олиб кирилаётган техникалар обрўли, мижоз ишончини қозонган фирма ва компанияларга тегишлидир, деган гумон билан эътибор берсак, улар ҳам Хитойда ишлаб чиқилган оддий эл танимаган фирмалар маҳсулоти экани ойдинлашди. Қолаверса, бир ўтишда 300 долларлик маҳсулот олиб киришга рухсат берилганидан ўз манфаати йўлида фойдаланаётганлар ҳам бор экан. 

Ҳатто, бир кунда 6-7 марта Қозоғистонга бориб келувчилар ҳам борлиги кишини ўйлантирди. Уларнинг ҳар бири ҳар кириб келганида 300 долларлик маҳсулот олиб кирса, бир кунда 1800-2100 долларни ташкил этади. Агар ушбу пул ўзиники бўлмай, бошқа бировники эканига ишонган тақдирда ҳам (бундай дейишга асос бор, маълум бир ҳақ эвазига маҳсулотни олиб ўтиб берувчилар пайдо бўлибди) бу ҳолатдан оддий халқ, ойда-йилда бир бор Қозоғистонга борувчилар азият чекиши мумкинлиги кишини хавотирга солади. Ахир бир вақтлар 10 долларгача маҳсулот олиб кириш мумкин эди. Давлат раҳбарияти халққа қулайлик яратиш мақсадида даставвал бу миқдорни 1000 доллар сифатида белгилади. Аммо вақт ўтиб, бундай қулай имкониятни айримлар ўзларининг шахсий мақсадларини амалга оширишда қўллашди. Шу сабабли 300 долларлик маҳсулотлар олиб киришга рухсат берди. Бироқ ҳамон айрим фуқаролар, ҳукуматнинг халқни ўйлаб чиқарган қарорини суиистеъмол қилиши қанчалик тўғри ва адолатли бўлади? 

Caption

Ҳа энди, тирикчилик-да, дейиш мумкин. Бироқ уларнинг касрига, боя айтганимдек, оддий одамлар, қолаверса, қонуний ишлаётган, божини тўлаб техника олиб кираётган ҳалол тадбиркорларимиз жабр кўришса? Тўғри, инсон ҳуқуқларини чегаралаб бўлмайди, лекин бу суиистеъмолчиликларга йўл қўйиш мумкинлигини ҳам англатмайди. Ўйлайманки, мутасадди идоралар, 300 долларлик маҳсулот олиб киришни эмас, балки бир кунда бир неча марта чегарани кесиб ўтиб, ўзига хос бизнесни йўлга қўйганлар фаолиятини қонунга қанчалик мос келишини ўрганиб чиқишади. 

Толиб Раҳматов 

Мавзуга оид