Ўзбекистон | 13:19 / 08.04.2018
125375
7 дақиқада ўқилади

Танасидан 16 дона игна топилган бола бўйича жиноят иши ёпилди

Бундан икки ой муқаддам тошлоқлик 11 ойлик чақалоқнинг танасидан 16 дона игна топилгани ҳақидаги хабарлар резонанс келтириб чиқарган, унинг танасига игналар ташқаридан куч билан киритилгани ҳақидаги фаразлар янада кенгров шов-шувларни келтириб чиқарганди, ушбу ҳолат юзасидан тергов ишлари бошланганди. 14 март куни эса ушбу кичкинтой Азизбек Абдумажидов соғайиб уйига қайтди.

«Xabar.uz» нашри Азизбек Абдумажидовнинг иши бўйича сўнгги маълумотларни билиш учун Фарғона вилояти прокуратурасига расман мурожаат қилди.

Фото: KUN.UZ

Прокуратурадан қуйидагича жавоб олинди:

«Фарғона вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан 2017 йил 11- февралда туғилган А.Абдумажидовнинг ички аъзоларидан кўплаб игналар топилгани юзасидан ЖКнинг 25, 97-моддаси 2-қисми «в» банди билан бўлган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Аниқланишича, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона вилоят филиали томонидан А.Абдумажидов қабул қилиниб, 2018 йил 15 январда ўтказилган тиббий текширувда унинг ички аъзолари турли жойларида кўплаб игналар борлиги аниқланиб, зудлик билан Республика илмий маркази жарроҳлик бўлимига юборилган ва марказнинг жарроҳлик бўлими томонидан А.Абдумажидовнинг ички аъзоларидан жами 11 дона пўлат игна ва сим бўлаги чиқариб олиниб, қолган 3 дона игна олинмаган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, жарроҳлик операциясида А.Абдумажидовнинг қорин бўшлиғи ва унинг атрофида жойлашган ички аъзоларидан жами 10 дона игна ҳамда тўғри ичак ва сийдик қопи орасидан 1 дона сим бўлаги олиб ташлангани, игналарни характери ва хусусиятларига кўра, оғиз орқали қизилўнгачдан сўнг ошқозон бўшлиғига тушиб, тананинг ҳаракати, мускулларнинг қисқариши, қизилўнгач, ошқозон ичаклар перисталтикаси оқибатида миграция бўлиб, ўз йўналишини ўзгартирган бўлиши мумкинлиги, чақалоқнинг чап бўйин ва чап ёнбош соҳаларида аниқланган игналар ташқи куч таъсири остида танага киритилган бўлиши мумкинлиги, мазкур аниқланган жароҳатлар ҳаёт учун хавфли бўлган оғир шикастлар тоифасига кириши қайд этилган.

Жиноят иши бўйича сўроқ қилинган Ш.Б.нинг айтишича, 2017 йил ноябрь ойининг ўрталарида фарзанди А.Абдумажидов касал бўлгани учун шифохонада даволаниб чиққан. Декабрь ойида фарзандининг чап чов, орқа бел ва бўйин соҳаларида шишлар пайдо бўлган, шифокор маслаҳати билан шишган жойларга маз суртган, фарзанди истималашни бошлагандан сўнг, шифохонага олиб борганида унинг ички аъзоларида игналар борлиги аниқланган. Кейин Тошкент шаҳрига юборилган фарзанди шифохонада даволанган, фарзандига бирон-бир шахс томонидан игна юттирилмаган, балки унинг ўзи игналарни ютиб юборган бўлиши мумкин.

Маълум бўлишича, онаси дўппи тикиш билан шуғулланган, ҳаво ҳарорати совуқ бўлгани боис оила аъзолари барчаси битта хонада яшаб келишган. Онаси Х.Б. 2017 йил ноябрь ойларининг бошларида маҳалласида жойлашган бозордан сотиб олган игналари йўқолиб қолган, ушбу игналар ўралган ҳолда бўлган ва фарзанди уларни ўралган ҳолда ютиб юборган бўлиши мумкин. Чунки гўдак сўнгги вақтларда қўлига кирган буюм ва нарсаларни оғзига солишга ўрганиб қолган. Она фарзандининг кўк енгли футболкасидан аниқланган қон доғи унинг ёнбошига укол қилинганидан сўнг у ердан чиққан қон доғлари ҳам бўлиши мумкинлиги, фарзандини ички аъзоларида игналар топилгани ҳолати бўйича бирон-бир шахсдан гумони йўқлигини билдирган.

Жиноят иши бўйича сўроқ қилинган Х.Б. тирикчилик учун аёллар дўпписини тикишини, 2017 йил ноябрь ойи бошларида Навбаҳор қишлоғида жойлашган бозордан 6000 сўмга бир тўплам игна ва совун сотиб олганини айтган. Кейин ушбу игналарни қўйган жойидан, яъни яшаш хонаси токчасидан топа олмаётганини, ҳаво совуқ бўлгани сабабли қизи, набираси ва турмуш ўртоғи билан битта хонада яшаётганини, невараси ўзи игналарни ютиб юборган бўлиши мумкинлигини, чунки невараси қўлига кирган буюмни оғзига солишини билдирган.

Жиноят иши бўйича сўроқ қилинган Марғилон шаҳар болалар шифохонаси жарроҳи Д.Маллаханов ўз кўрсатмасида 2017 йил декабрь ойида А.Абдумажидовни қабул қилиб, унинг танасидаги шишлар бўйича маз суртишни тавсия қилгани, лекин танада жароҳат излари ёки жароҳатдан қолган асоратлар бўлмагани, ташқи куч таъсирида игналар танага киритилган тақдирда жароҳат излари қолишини билдирган.

Жиноят иши бўйича сўроқ қилинган Тошлоқ тумани марказий шифохонаси болалар бўлими шифокори Х.Ҳошимова ўз кўрсатмасида айтишича, 2017 йил 18 ноябрь куни соат 19:45 ларда Тошлоқ тумани тиббиёт бирлашмаси қабулхона бўлимига Тошлоқ тумани, Найман ҚФЙ, Истиқлол кўчасида яшовчи, 11.02.2017 йилда туғилган Абдумажидов Азизбек олиб келинган.

Шундан сўнг навбатчи шифокор бўлгани учун уни кўрикдан ўтказиб, унга «ўткир ларинготрахеит, гипертермик синдром, биринчи даражали ҳиқилдоқ стенози» ташхисини қўйган. Боланинг аҳволи оғир бўлиб, 2 кундан буён тана ҳарорати кўтарилиб турган, овози бўғилиб йўталган, оғиз қисмидан нафас олиши қийинлашган. Шифокор боланинг томоғи шпател ёрдамида кўриб, лимфа тугунлари катталашмагани, томоғида қизариш бўлмаганини аниқлаб, ўткир ларинготрахеит, яъни ўпка нафас йўлларининг шамоллаши ташхисини қўйган. Боланинг томоқ қисмида ўзгаришлар сезмаган. Бола шифохонада 25 ноябрь кунига қадар даволаниб, сўнгра уйга рухсат берилган. Уни ечинтириб, баданини кўздан кечирган, бироқ танасида жароҳат излари ёки жароҳатдан қолган асоратлар бўлмаган.

Жиноят иши бўйича вояга етмаган А.Абдумажидов билан бирга истиқомат қилиб келган онаси Ш.Б., бувилари Х.Б., У.Қ., опоқилари М.Б. ва А.Х., тоғаси С.У., холаси З.У., келинойиси Ж.У.нинг руҳий ҳолатини текшириш юзасидан ўтказилган суд-психиатрия экспертизаси хулосаларига кўра, улар руҳий соғлом бўлиб чиққан.

Жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида вояга етмаган Азизбек Абдумажидовнинг ички органларидан игналар топилгани ҳолатида қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш ёхуд бошқа бирон-бир жиноят таркиби аниқланмаганини инобатга олиб, 2018 йил 31 март куни жиноят иши бўйича ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига асосан ҳаракатдан тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Мавзуга оид