Ўзбекистон | 17:20 / 15.04.2018
143543
3 дақиқада ўқилади

Янги мактаб формаси синовдан ўтказила бошланди (фоторепортаж)

Ўзбекистоннинг икки шаҳрида янги мактаб формаси синовдан ўтказила бошланди. Ягона мактаб формасига доир тажриба Тошкент шаҳридаги 91-сонли ҳамда Сирдарё вилоятидаги 4-сонли мактабларда ўтказилмоқда. 

Фото: Ўзтўқимачиликсаноат

"Ўзтўқимачиликсаноат" вакилларининг KUN.UZ'га маълум қилишича, янги мактаб формаси дизайнини ишлаб чиқишга танлов асосида "Шарқ либослари" дизайн-маркази, шунингдек мамлакатнинг таниқли дизайнерлари жалб қилинган. 

Маҳаллий дизайнерлар томонидан ишлаб чиқилган форма уч ёш гуруҳига ажратилган. Бу 1-4, 5-7 ва 8-11-синф ўқувчилари учун формалар тўпламларидир. Ўқувчилар формасининг 30 хил вариантидан ҳар бир ёш доираси учун тўрттадан тўплам танлаб олинди. 

Фото: Ўзтўқимачиликсаноат
Фото: Ўзтўқимачиликсаноат

Ўқувчиларга мактаб формалари топширилгандан кейин ота-оналардан махсус картага эътирозларни ёзиб бориш сўралди. Тажриба доирасида мактаб формасининг ўқувчилар учун қанчалик қулайлиги ва чидамлилиги инобатга олинади - кийим ювилганидан кейин ўз сифатини ўзгартирмайдими, мато сифати қандай, катишкалар ҳосил бўлмайдими ва дазмол қилинганда қандай ўзгаришлар кузатилади ва ҳ.к.

Мактаб формаси сифати "Ўзстандарт" агентлиги томонидан назоратга олинади. 

Фото: Ўзтўқимачиликсаноат

Дизайнерларнинг сўзларига кўра, коллекцияларни яратишда уч мавсум — куз, қиш ва баҳор, шунингдек ўқувчиларнинг ёши, иқлимнинг ўзига хос жиҳатлари, миллий менталитет, санитар нормалар ҳисобга олинган. Моделларда маҳаллий ишлаб чиқарилган матолар ва фурнитура қўлланилади ва асосий танлов табиий матоларга тушади. 

Ишлаб чиқарувчилар кийимларни қулай, эстетик жиҳатдан жозибадор ва ҳамёнбоп бўлишига ҳаракат қилишган. Зеро мактаб формаси психологик жиҳатдан билим олишга мойилликни ошириши керак. 

Таъкидлаш жоизки, мазкур тажриба ўқув йили охирида якунланади ва келгуси ўқув йилидан маҳаллий тўқимачилик саноати корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган ягона мактаб формасини амалиётда татбиқ этиш режалаштирилган. Ўқув муассасалари раҳбарлари, ота-оналар ва ўқувчиларга танлов учун бир неча вариант тақдим этилиши кўзда тутилган, уларни махсус дўконлардан харид қилиш мумкин бўлади.

Фото: Ўзтўқимачиликсаноат

Ўзбекистон мактабларида ягона формани жорий қилиш ташаббуси ўтган йилнинг бошида президент Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган эди. Давлат раҳбари ўшанда ўқувчилар ташқи кўриниши жиҳатидан бир-биридан фарқ қилмаслиги кераклиги ва улар орасида ижтимоий тенгсизлик бўлиши керак эмаслигини таъкидлаган эди. 

Мавзуга оид