Жаҳон | 07:50 / 15.04.2018
28140
3 дақиқада ўқилади

Пентагон Сурияга 3 томондан ҳужум қилинганини маълум қилди 

Фото: AP

Пентагон вакиллари брифингда Суриядаги кимёвий қурол саноати объектларига қарши амалиёт тафсилотларини баён қилишди. Бу ҳақда CNN телеканали хабар бермоқда.

АҚШ мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, АҚШ, Франция ва Британия ҳарбийлари учта мўлжални нишонга олиб, уларга қарата 105 та қанотли ракета билан зарба берган.

Қўлланган ракеталарнинг аксарияти, яъни 85 таси америкаликлар ҳисобига тўғри келган. Ҳужум самолётлар ва кемалардан олиб борилган. Хусусан, Қизил денгиздаги Monterey крейсери ва Laboon эсминеци томонидан мос равишда 30 та ва 7 та “Томагавк” ракетаси отилган. Ҳужумда, шунингдек, Форс кўрфазининг шимолий қисмидаги Higgins эсминеци (23 та ракета отган) ва Ўрта ер денгизидаги John Warner сув ости кемаси (6 та ракета) иштирок этган.

Ҳаводан зарбалар иккита B-1B самолёти томонидан берилган, самолётлар умумий ҳисобда 19 та ракета отган.

Франция томонидан амалиётга Ўрта ер денгизидаги фрегат жалб қилинган, у 3 та SCALP ракетаси билан зарба берган. Шунингдек, амалиётда Rafale ва Mirage самолётлари иштирок этиб, улар 9 та ракета отган.

Амалиётда британияликларнинг ҳиссаси камроқ бўлган: улар Кипрдаги авиабазадан Tornado ва Typhoon самолётларини ҳавога кўтариб, Сурияга 8 та ракета билан зарба берган.

The Drive нашри маълумотларига кўра, АҚШ ҳужум вақтида илк бор AGM-158 JASSM қанотли ракеталарини жанговар ҳолатда қўллаган. Бу ракеталар билан B-1B самолётларидан бири жиҳозланган бўлган.

Пентагонда таъкидланишича, Сурия ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари бирорта АҚШ самолёти ёки ракетасини уриб туширмаган, бироқ зарбаларга 40 тага яқин “ер-ҳаво” синфидаги ракеталар билан жавоб берган. Америкаликлар Дамашқнинг жавоб ҳаракатларини хавфли ва бесамар деб аташган, бироқ сурияликлар ракеталарнинг аксариятини уриб туширишганини таъкидлашмоқда.

Сурияга ҳужум қилинишидан мақсад кимёвий қурол қўлланишининг янги ҳолатларига йўл қўймасликдан иборат. Ҳужумга эса Суриянинг Дума шаҳрига ҳукумат кучлари томонидан хлорли бомба ташлангани сабаб қилиб кўрсатилган. Бомбалар ташлангани ҳақида исёнчилар хабар берган. Бироқ Сурия ва Россия Думада кимёвий қурол қўллангани ҳақидаги ахборотни тасдиқлашмаган ва буни иғво деб аташган.

Мавзуга оид