Ўзбекистон | 21:00 / 17.04.2018
27463
4 дақиқада ўқилади

«Ҳокимларга гапингиз ўтмаса, бизга айтмайсизми?». Соғлиқни сақлаш вазири муаммоларни кўтармаган

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Вазирлар Маҳкамасида ҳукумат раҳбари Абдулла Арипов раислигида жамоат ишларига мажбурий жалб қилишни тақиқлаш, раҳбарлар масъулиятини оширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ижтимоий соҳа ходимлари, хусусан, шифокорлар, ўқитувчилар ва талаба-ёшларни жамоат ишларига жалб қилишнинг олдини олиш, мажбурий меҳнатга тақиқ қўйиш, раҳбар ходимларнинг ҳудудларда кўзбўямачиликка йўл қўйишининг олдини олишга қаратилган топшириқлари ижроси, бу борада аниқ механизмни ишлаб чиқиш ва қатъий назорат ўрнатиш борасидаги ишлар муҳокама этилди.

Бош вазир йиғилиш чоғида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга жиддий танбеҳ берди.

«Энг қизиғи, мен тиббиёт ходимларининг ҳаракатини мен тушунмайман - кўча супургани оқ халатнинг ўзида чиқади-да, кейин яна ўша «стерил» оқ халатда касалларга укол қилади, касалларга қарайди, бошқа муолажаларни қилади. Бу, албатта, ҳокимларимизнинг «саъй-ҳаракатлари» билан амалга оширилаётгани ҳам сир эмас. Бунинг оқибатини ҳеч ким ўйламайди. Натижада кейинги йиғилишларимизда ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг ошиб кетаётганини, мактаб ва коллеж ўқувчиларининг четга чиқиб кетаётгани ёки уларнинг билим савияси тушиб кетаётгани - буларнинг ҳаммасини муҳокама қилиб, ўзимизга ўзимиз қатор маънавий зарарлар етказаётганимизни ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Соғлиқни сақлаш вазири жаноб Алишер Шодмонов — қайси вилоят ҳокими билан ўзингиз ушбу масалада гаплашгансиз? Гаплашганмисиз ё йўқми? Микрофонга гапиринг. Бирор бир ҳоким билан гаплашганмисиз: «Эй, барака топкур, Президентимиз соғлиқни сақлаш соҳасида шунча ислоҳот эълон қиляптилар, тиббиёт соҳасини ривожлантириш, унга кўплаб имтиёзлар бериш, тиббий хизмат савиясини ошириш бўйича шунча ишлар олиб борилаётган бир вақтда, оғайни, сен тиббиёт ходимларини фалон ишларга жалб қилаётган экансан», деганмисиз? Ёки менинг олдимга келиб ёки, мана, ўз кураторингиз бор — бош вазир ўринбосари Қаҳрамон Акмаловнинг олдига келиб, «Жаноб каттакон, бу ҳокимларга бизнинг гапимиз ўтмайди, сиз айтиб беринг, Президентимиз олиб бораётган сиёсатга ҳилоф иш бўляпти, мажбурий меҳнат бўйича берилган шунча топшириқларга қарамай, айрим ҳудуд раҳбарлари ўзини худди, кечирасизу, ўша жойнинг кичкина бир бегидек тутмоқда. Очиғини айтадиган бўлсак, беклар ҳам бундай қилмаган. Шуларга чора кўриб беринг ёки шуни бир масаласини ҳал қилиш бўйича ҳукуматга, унинг раёсатигами, раҳбарларигами бир маълумот киритиб беринг, деган масалани на сиз (Улуғбек Иноятов) ва на сиз (Алишер Шодмонов) қўймагансиз. Ё қўйганмисиз?

Биз мажбур бўлиб, бошқа-бошқа жойлардан сўраб-суриштириб, мана, минг раҳмат, оммавий ахборот воситалари бор, булар ҳам бизга ёрдам берди. Бундан буёғига, мен ўйлайманки, биз оммавий ахборот воситалари билан кенг кўламда иш олиб боришимиз лозим бўлади. Чунки уларда ҳам имконият кенг, одамлар вазирликлардан кўра кўпроқ уларга ишонади.

Кўриниб турибдики, ушбу масала билан умуман шуғуланмагансиз, жаноб Шодмонов. Энг ачинарлиси, оппоқ халатларни кийиб, тиббиёт ходимларини йўл четларида ишлатилгани, одамларни даволаш ўрнига бошқа ишларни бажараётгани сизни умуман қизиқтирмаяпти. Ишга совуққонлик билан қарашинглар яққол кўриниб турибди», дея бош вазирнинг сўзларини келтиради «Kun.uz» мухбири.

Арипов Шодмоновга: Сиз ҳокимлик вакилларига эмас, ўз ходимларингизга адвокатлик қилинг

Мавзуга оид