"Бепуштлик эпидемияси"га доир тадқиқот ўтказилди
Фастфуд ва шу каби бошқа ёғли таомларни севиб истеъмол қилувчи аёллар қолган нозик жинс вакилларига нисбатан тахминан икки баравар кўпроқ бепуштликка йўлиқиши маълум бўлди. Human Reproduction журнали олимлар томонидан олиб борилган тадқиқот натижаларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.
"Бизнинг аввалги тадқиқотларимиз шуни кўрсатмоқдаки, фастфуд таркибидаги моддалар тухумдонлар ичига кириб бориб, уларнинг фаолиятини ўзгартириши мумкинлиги билан бепуштликни ривожлантиради. Боз устига, ёғлар, қанд моддаси ва туз метаболизмни ўзгартириши ҳамда жинсий органларнинг нормал фаолиятига тўсқинлик қилиши мумкин", - деди Аделаида Университети олими Клэр Робертс.
Сўнгги таҳлилларга кўра, Ғарб мамлакатларидаги оилавий жуфтликларнинг тахминан 10-15 фоизи эр ёки хотиннинг бепуштлиги сабаб наслни давом эттиришга қодир эмас. Умумий тасаввурларга қарши ўлароқ, бепушт эркаклар ва аёллар сони тахминан тенгдир, уларнинг аксарияти 40-55 ёшида фертиллик хусусиятини йўқотади.
Бепуштликнинг биологик сабаблари генетик механизмларнинг етарлича ўрганилмагани ва муракааблиги туфайли аксарият ҳолатларда номаълумлигича қолмоқда.
Шуниси диққатга сазоворки, сўнгги йилларда бепуштлик иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатларда кўпроқ учрамоқда. Олимлар буни кўплаб ижтимоий ва табиий омиллар, жумладан экологиянинг сезиларли даражада ёмонлашуви ва турмуш тарзидаги ўзгаришлар билан боғлашмоқда.
Робертс ва унинг ҳамкасблари "бепуштлик эпидемияси" бошқа феномен - фастфуд маданияти билан ҳам боғлашмоқда. Улар тахминан 6 минг нафар ҳомиладор аёлнинг соғлиғини кузатиб, шундай хулосага келишди.
Мазкур лойиҳа доирасида олимлар ҳомиладор бўлишни режалаштираётган аёллардан мунтазам равишда турли таҳлиллар олишди, уларнинг саломатлигини баҳолаб боришди ҳамда аёлларнинг озиқланиши ва одатларини ўрганишди. Уларнинг аксарияти ҳомиладор бўлганидан кейин Робертснинг жамоаси бу тадқиқотлар натижаларини таққослади ва бепуштлик ривожига айнан қандай омиллар кўпоқ таъсир қилганини тушунишга ҳаракат қилди.
Маълум бўлишича, ҳомиладор бўлишга икки парҳез омили сезиларли таъсир кўрсатар экан - мевалар ва фастфуд. Масалан, ҳар куни мева истеъмол қилган аёллар атиги 4 фоиз ҳолатлардагина бепушт бўлиб чиқишган, мева емаганлар эса - 12 фоиз ҳолатларда. Бундай аёллар табиий ва сунъий йўл билан ҳомиладор бўлишлари учун бир йилдан ортиқ вақт сарфлашларига тўғри келган.
Фастфуд таъсири салбий натижа кўрсатган — унинг истеъмоли бепуштлик ривожи хавфини деярли икки бараварга оширган, бундай таомдан бутунлай воз кечиш эса ёш оналарга гамбургерсеварларга қараганда эртароқ ҳомиладор бўлиш имконини берган. Шуниси қизиқки, на сабзавотлар ва кўкатлар каби соғлом парҳез ва на зарарли одатлар мевалар ва ёғли таомлар каби таъсир кўрсатмаган.
Нима учун бундай эканини билиш учун эса бу йўналишдаги тажриба ва кузатувларни давом эттиришга тўғри келади. Робертс ва унинг ҳамкасблари кейинги тадқиқотлар натижаларидан бу саволларга жавоб олишга умид қилишмоқда.
Мавзуга оид
12:13
“Ўзбекистондаги носвойлардан 10 хил заҳарли модда аниқладик” — Япониядаги ўзбек олими янги тадқиқоти ҳақида
11:19 / 24.12.2024
Атиги минг қадам юриш депрессия хавфини камайтириши мумкин – тадқиқот
12:59 / 18.12.2024
Олимлар Марсда сув топиш эҳтимолини баҳолади
16:31 / 16.12.2024