Жаҳон | 12:11 / 14.05.2018
40328
2 дақиқада ўқилади

АҚШ элчихонаси Бобомурод Абдуллаев бўйича баёнот билан чиқди

Фото: KUN.UZ

Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси журналист Бобомурод Абдуллаевнинг озод қилиниши бўйича баёнот билан чиқди. 

“Америка Қўшма Штатлари етти ойлик суд жараёнидан сўнг, 7 май куни журналист Бобомурод Абдуллаевни озод этилганини олқишлайди. Биз суд мулозимларини очиқ ва шаффоф ўтказилган, Ўзбекистон суд тартиб-қоидаларига асосланган суд жараёни билан қутлаймиз. 

Суд қарорида терговчилар томонидан “кўплаб процессуал қонунбузарликлар” содир этилгани ҳам қайд этилган. Келгусида бундай ишлар такрорланмаслиги учун Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон ҳукуматини бу қонунбузарликларни кўриб чиқиб, тегишли чоралар кўришга ундайди. 

Барча судланувчиларнинг оқланишига оид бу қарор демократик жамиятда сўз эркинлиги нечоғли муҳим аҳамият касб этишини яна бир карра тасдиқлайди”, - дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган судланувчилар Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насриддинов, Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаевлар иши бўйича суд мажлиси тугаганди. Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насриддинов, Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаевлар суд мажлисидан озодликка чиқарилди.

Мавзуга оид