Ўзбекистон | 21:36 / 16.05.2018
13499
2 дақиқада ўқилади

Вақф хайрия жамоат фондига ижрочи директор тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳузурида Вақф хайрия жамоат фонди ташкил этилган эди. Фонднинг ижрочи директори этиб Тошкент ислом ислом институти «Таҳфизул Қуръон» кафедраси мудири лавозимида ишлаб келаётган Жалолиддин Ҳамроқулов тайинланди.

Жалолиддин Ҳамроқулов

Бугун, 16 май куни «Таҳфизул Қуръон» кафедрасида институт раҳбарияти, ўқитувчилар ва ходимлари иштирокида мажлис ўтказилди. Ректор У.Ғафуров йиғилганларни Рамазони шариф билан муборакбод этиб, «Таҳфизул Қуръон» кафедрасининг Қуръони карим қироати ва тажвид фани ўқитувчиси, кўплаб қориларнинг устози Жаҳонгир қори Неъматовни кафедра мудири лавозимига тайинланганини эълон қилди.

Жаҳонгир қори Неъматов/Фото: islaminstitut.uz

Анъанага кўра, Қуръон тиловат қилиниб, Аҳмаджон домла Бобомурод мудир Жаҳонгир Неъматовнинг бошланажак масъулиятли меҳнати баракали ва фойдали бўлишини сўраб дуо қилди.

Тадбир якунида «Таҳфизул Қуръон» кафедраси устозлари Аҳмадхон қори Рашидов, Зафар қори Маҳмудов, Жаҳонгир қори Рўзиев, Элёржон қори Аҳматқулов бугун бошланажак Рамазоннинг биринчи таровиҳ намозида Хатми Қуръонни бошлашлари муносабати билан кафедра мудири Жаҳонгир қори Неъматовдан дуо олишди ва келажакда кафедра фаолиятида ҳамда Қуръон таълимида бир тану бир жон бўлиб аҳилликда меҳнат қилишга ният қилишди.

Фото: islaminstitut.uz
Фото: islaminstitut.uz

Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир қори Неъматов бу йилги Рамазони шарифда ҳам Тошкент шаҳридаги «Минор» жомеъ масжидида Қуръон хатмига ўтади.

Мавзуга оид