Жамият | 18:27 / 08.06.2018
18176
3 дақиқада ўқилади

Касалхона ходимларига тан жароҳати етказган оила аъзолари жавобгарликдан озод этилди

Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида яқинининг ўлимидан тушкунликка тушиб, касалхона ходимларига тан жароҳати етказган оила аъзолари жавобгарликдан озод этилди. Бу ҳақда Бухоро ИИБ хабар бермоқда.

Ака-ука Жавоҳир ва Жаҳонгир Абдувоҳидов ҳамда уларнинг отаси Карим Рашидовлар Бухоро вилоятининг Когон шаҳар Тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлимида Жавоҳир Абдувоҳидовнинг турмуш ўртоғи М.Абдувоҳидова вафот этганидан сўнг унга тиббий муолажалар кўрсатишнинг фойдасиз эканлигини тушунтирган шифокор Баротов Шуҳрат Каримовичнинг юз, чакка ва бурун соҳаларига бир неча маротаба қўл ва оёқлари билан қасддан уради. Шифокор “бош мия лат ейиши енгил даражаси, ўнг ёноқ суягини икки жойидан ёпиқ синиб силжиши, гайморал бўшлиқ олд деворининг ёпиқ синиб силжиши” каби ўрта оғирликдаги тан жароҳатлари олади.

Шунингдек, улар шу куни юқоридаги ҳолатни бартараф қилмоқчи бўлган реанимация бўлими фельдшери Қурбонов Фурқат Қурбоновични бош ва бел соҳаларига қўл ва оёқлари билан уриб, “бош мия чайқалиши, ўнг томон ягона буйрак лат ейиши, юқори лаби чап ярми ички қон қуйилиши ва шилинма, бош мия чап тепа соҳасида қонталаш” каби соғлиқни қисқа муддатга бузилишига сабаб бўлган енгил тан жароҳатлари етказишган.

Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди ишни мазмунан кўриб чиқиб, судланувчилар Ж.Абдуваҳобов, К.Рашидов ва Ж.Абдуваҳобовнинг ҳуқуққа хилоф қилмиш жиноий ҳаракати Жиноят Қодексининг 105-моддаси 2-қисми “в, и” бандлари ва 109-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноят таркибини ташкил қилса-да, судланувчиларнинг ҳаракатлари оғир оқибат келтириб чиқармаганлиги, қилмишидан пушаймонлиги, оғир руҳий изтироб, яъни марҳума М.Абдувоҳидованинг ўлими натижасида келиб чиққан тушкунлик ҳолатида жиноят содир этганликлари, ижобий тавсифномаси, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, улар томонидан содир этилган қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган деб топди.

Жиноят Кодексининг 65-моддасига асосан, уларни жавобгарликдан озод этиб, жиноят ишини Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 84-моддаси 5-қисми, 1-бандига асосан ҳаракатдан тугатди.

Мавзуга оид