Спорт | 23:23 / 09.06.2018
7991
12 дақиқада ўқилади

Мундиални кутиб. Таништирув: Польша

Фото: Getty Images

ПОЛЬША ТЕРМА ЖАМОАСИ

Лақаби: "Оқ бургутлар"
Конфедерация: УЕФА
Либос ранги: оқ/қизил
ФИФА рейтинг ўрни: 8
Жаҳон чемпионати: 3 ўрин (1974, 1982)
Европа Чемпионати: Чорак финал (2016)
Олимпиада ўйинлари: Чемпион (1972)
Жамоа сардори: Роберт Левандовски
Терма жамоа тарихидаги энг кўп гол урган: Роберт Левандовски (62)
Терма жамоа тарихида энг кўп майдонга тушган: Михаил Зевлаков (102)
Энг йирик ғалаба: Сан Марино - 10:0 (2009)
Энг йирик мағлубият: Дания 0:8 (1948)

Польшанинг футболдаги нурли йиллари 70-йилларга тўғри келади. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг илк бора 1974 йилги мундиал йўлланмасини қўлга киритган польшаликлар у ерда бронза медалини қўлга киритгандилар. Ўша чемпионатдан икки йил олдин Польша олимпиадада олтин медалларни қўлга киритганини ҳам эслаб ўтиш керак.

Дастлабки босқичда Аргентина ва Италия каби кучли терма жамоалар билан бир гуруҳда тўп сурган Польша юз фоизлик натижа кўрсатганди. Ҳаити устидан қозонилган 7:0 ҳисобидаги ғалаба эса, жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг йирик ҳисоблар қаторига киради.

Финал йўлланмасини берадиган сўнгги босқичда ҳам Польша ёмон ўйнамади. Бу сафар Швеция ва Югославия каби кучли терма жамоалар мағлуб этилди. Фақат немисларга қарши ўйинда рақиб ҳужумчиси Герд Мюллернинг голи бўлажак чемпион ГФР га финал йўлланмасини тақдим этди. Польша эса, учинчи ўрин учун баҳсда Бразилияни тиз чўктиришгани алоҳида эътирофга арзийди.

Фото: Wikipedia

Ўша мундиал ҳақида гап борганда, кўпчилик, финалда ҳам ҳал қилувчи голни урган Герд Мюллерни эслашади. Аммо таъкидлаш керакки, ўша чемпионат Олтин бутсаси Польша терма жамоаси ҳужумчиси Гжегож Лятога теккан. У 7 маротаба рақиб дарвозасини аниқ нишонга олганди. Иккинчи ўрин ҳам Лятонинг ҳужумдаги шериги Андреж Шармахга насиб этади. Ҳаити дарвозасига хет трик қайд этган Шармах чемпионат давомида ҳаммаси бўлиб беш гол урганди.

Аргентинада ўтган 1978 йилги жаҳон чемпионатида ҳам Польша кучли саккизталикка кира олди. У пайтларда плей-офф бўлмас, саккиз жамоа икки гуруҳга бўлиниб бир-бири билан ўйнаб чиқар, гуруҳ ғолиблари финалга чиқардилар. Қизиғи, А гуруҳида тўрт Европа терма жамоаси жой олди, Польша эса, мезбон қитъа бўлмиш Жанубий Американинг уч вакили билан бир гуруҳда жойлашди. Польшанинг кучи Перуга етган бўлса-да, Аргентина ва Бразилия кучлилик қилди.

ЖЧ-1982 да ҳам, яна бир юлдуз Збигнев Бонекни кашф қилган Польша финал остонасига борди ва бу сафар ҳам фақат бўлажак чемпион "йўлтўсарлик" қилди. Италия ва Польша аслида ушбу чемпионатнинг илк ўйинида ҳам тўқнашишган ва ўйинда ҳисоб очилмаганди. Ҳатто ўша гуруҳни Италия эмас, Польша ғолиб сифатида якунлаганди. Кейинчалик, 12 жамоа 3 тадан 4 гуруҳга бўлиндилар. Польша собиқ Иттифоқ ва Бельгия билан бир гуруҳда тўп суриб яна ғолиб бўлди ва ярим финалга чиқди. У ерда, энди, ҳар доимгидек ҳал қилувчи ўйинларгача кучайиб борадиган Италия "қаҳрамонларимиз"га имконият қолдирмади. Россининг икки голи "кекса сеньора"га финал эшикларини очди.   

Кейинги чемпионатда Польша фақат энг яхши учинчи ўринлардан бири сифатида нимчорак финалга чиққан ва у ерда Бразилияга 0:4 ҳисобида енгилган бўлса-да, кейинги уч мундиалда терма жамоа катта мусобақаларга чиқа олмагани боис, кўп эслаб юрилгани табиий. 2002 ва 2006 йилларда ниҳоят Польша финал босқичига йўлланмани қўлга киритди, аммо бу сафарги Польша ўша ҳар қандай рақибга қарши кучли ўйин кўрсатадиган, юқори ўринлар учун курашиб борадиган эмас, кўпроқ, қатнашишнинг ўзини ютуқ деб ҳисоблайдиган аутсайдер жамоа эди. Ҳар икки турнирда ҳам Польша биттадан ғалаба қозониб, гуруҳда қолиб кетаверди.

Аммо 1972 йилги олимпиада кейинги мундиаллар учун қай даражада пойдевор бўлса, бугунги Польша ҳақида гап борганда, Евро-2016 даги ўйинлар оптимистик қарашларга сабаб бўляпти. Аслида, Европани зир титратиб юрган йиллари Дортмунднинг "Боруссия" клубида уч нафар польшалик футболчиларнинг борлиги терма жамоада ҳам муваффақиятларга асосий фактор бўлишини кутилган бўлиши табиий. Терма жамоа Европа чемпионатларида ҳам мунтазам иштирок этишни бошлади. Лекин яхши натижа кейинроқ, Франция майдонларида рўй берди.

Германия билан бир гуруҳдан жой олган Польша, гуруҳ ғолиблигини ҳам бўлишиб олди. Шимолий Ирландия ва Украинага қарши ўйинларни Польша бир хил - 1:0 ҳисобида ғалаба билан якунлади. Германия билан ўйинда ҳисоб очилмади ва поляклар гуруҳ босқичини бирорта ҳам гол ўтказмай якунлашди. Умуман ўша турнирни Польша мағлубиятсиз якунлади. Аввалига нимчорак финалда Швейцария, чорак финалда Португалия билан ўйинлар 1:1 ҳисобида тугади  Фақат, сезиб турганингиздек, дастлабки ўйинда пенальтилар сериясида Польшага омад кулиб боққан бўлса, кейингисида рақибнинг омади чопди. Польша яна бўлажак чемпионга мағлубиятга учради.

 

БУГУНГИ ПОЛЬША

Бугунги Польша ҳам ўша икки йил олдинги жамоанинг асосига эга, яъни бу жамоа устидан ғалаба қозониш осон эмас. Таркибдаги 10 дан ортиқ футболчилар камида беш йилдан бери мунтазам терма жамоага жалб қилиниб келинмоқда, демак тажриба борасида муаммо йўқ. Таркибда клублар миёқсида ҳам кўзга кўринган футболчилар тўп суради.

"Дортмунд учлиги" ҳозирда турли клубларда тўп сурса-да. терма жамоада бу трио сақланиб қолган. Ҳимояда Пишчек, ярим ҳимояда Блашчиковски ва ҳужумда Левандовски терма жамоанинг асосий қуролларидир. Айниқса, Левандовски янада тажриба тўплади ва спортчининг энг мукаммал даврига етиб келди. 21 ёшида Бундеслигага ташриф буюрган Левандовскига ҳалигача у ерда муносиб рақобатчи топилмаяпти.

Левандовскининг ҳужумдаги шериги Аркадиуш Милик Евро-2016 га "Аякс" ҳужумчиси сифатида ташриф буюрган ва кўпчиликнинг эътиборини тортганди. Ўша мусобақадан кейин у "Наполи"га трансфер қилинди, аммо илк мавсумда олинган оғир жароҳат ҳужумчининг ўсишига тўсқинлик қилди. Лекин ҳозир ҳаммаси жойида, Милик ва унинг клубдоши Петр Зелинский "Наполи" таркибида ҳар ўйинда майдонга тушишмаса-да, муҳим футболчи саналишади.

Роберт Левандовски
Фото: Getty Images

Зелинский, Блашчиковски каби футболчилар кўпроқ ҳужумни ташкил қилишга жавоб беришса, ҳимояга, рақибнинг ҳужумларини бузишга қаратилган марказдаги асосий куч Гжегож Криховякдир. "Севилья" таркибида икки марта Европа Лигасини ютган футболчи "ПСЖ"нинг эътиборига тушганидан хабарингиз бор. У Парижда таркибга кира олмай, сўнгги мавсумда АПЛ да ижара асосида ўтказган бўлса-да, Польша терма жамоасининг етакчиларидан биридир.

Ҳимоядаги ассий қўрғон Камил Глик бир қатор Европа топ клублари томонидан ҳалигача кузатилиб келинади. Футболчи 30 ёшга кирган бўлса-да, агар жамоа қисқа вақт ичида ишончли ҳимоячига эга бўлишни истаганда, унинг варианти тез тилга олинади. "Манчестер Юнайтед" ҳам, "Ювентус" ҳам Гликни номзод сифатида эътиборга олишган. "Торино"ни "Монако"га алмаштирган Глик Францияда ҳам йўқолиб қолмади ва жамоанинг аоссий ҳимоячисига айланганди.

Мамлакатда доимо кучли дарвозабонлар бўлган. Бугунги Польша ҳам мустасно эмас - тенг кучли икки дарвозабонга эга. Лукаш Фабиански "Суонси" билан АПЛ ни тарк этган бўлса-да, ўтган мавсумнинг энг яхши дарвозабонларидан бирига айланди, сейвлар бўйича Англияда етакчи бўлди. Войцех Шчесни эса, кимсан Жанлуижи Буффоннинг ўринбосаридир. Буффонсиз қолган "Ювентус" янги дарвозабон учун у қадар шошилмаётганини инобатга олсак ва Шчесни ҳақидаги Буффоннинг илиқ фикрларини эсласак, Польшанинг 1-рақамига айнан у ҳақли эканини тан оламиз.

Фото: Getty Images

РОССИЯГА БОРАДИГАН ТАРКИБ

Дарвозабонлар: Лукаш Фабианьски («Суонси»), Войчех Шченсни («Ювентус»), Бартош Бялковски («Ипсвич»).

Ҳимоячилар: Ян Беднарек («Саутҳемптон»), Бартош Берешиньски («Сампдория»), Тиаго Чонек (СПАЛ), Камиль Глик («Монако»), Артур Енжейчик, Михал Паздан (ҳар иккаласи – «Легия»), Лукаш Пишчек («Боруссия» Дортмунд).

Яримҳимоячилар: Якуб Блашчиковски («Вольфсбург»), Яцек Гуральски («Лудогорец»), Камиль Гросицки («Ҳалл»), Рафал Кужава («Гурник»), Кароль Линетти («Сампдория»), Славомир Пешко («Лехия»), Гжегож Криховяк («Вест Бромвич»), Петр Зелиньски («Наполи»), Мацей Рибус («Локомотив»).

Ҳужумчилар: Давид Ковнацки («Сампдория»), Роберт Левандовски («Бавария»), Аркадиуш Милик («Наполи»), Лукаш Теодорчик («Андерлехт»).

 

МУРАББИЙ

Адам Навалка 1957 йилда туғилган. Ўз вақтида Польша терма жамоаси сафида тўп сурган ва ЖЧ-1978 да иштирок этган. Аммо унинг мурабибйлик фаолияти 2013 йилгача анча камтарона кечаётганди.

"Гурник" клубида юқори лигага олиб чиққан Навалкани ЖЧ-2014 саралашида муваффақиятсизликка учраган терма жамоага чақиришади. Мавсум охиригача "Гурник"да қолишга ваъда берган Адам, барибир, якунда клубни тарк этди ва Польша бош мураббийига айланди.

Адам Навалка қўл остида Польшанинг натижалари ижобий томонга ўзгариб, барқарорлаша бошлади. Аввалига Евро-2016 га йўлланма олинди ва у ерда ҳам муносиб қатнашилди. Кейин эса, 12 йиллик танаффусдан сўнг, навбатдаги жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилди.

Адам Навалка
Фото: Wikipedia

Айтиш керакки, Польшанинг саралаш гуруҳида яққол топ терма жамоалар бўлмаса-да, ўзига яраша мураккаб гуруҳ эди ва йўлланма учун курашувчи жамоалар кўп эди. Дания, Черногория, Руминия терма жамоалари мунтазам равишда саралашларда хавфли рақиб саналадилар ва бу ушбу саралашда ҳам исботланди. Фақат улар ўзаро рақобат қилдилар, Польша саралашни бир текисда ўтказиб, муддатидан олдин ғолиб сифатида якунлади. 7-турда Даниядаги ўйиндаги хунук (0:4) мағлубиятни айтмаса, Польша деярли барча ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди.

Муҳими, Адам Навалка даврида терма жамоа етакчилари, айниқса, Роберт Левандовски янада кучли ўйин кўрсата бошлагани эътирофга моликдир. Левандовски саралашдаги 10 ўйиндан 9 тасида майдонни голсиз тарк этмади, ҳаммаси бўлиб, 16 гол уриб, саралаш босқичининг тўпурарига, Польша терма жамоаси тарихида энг кўп гол урган футболчига айланди.     

 

ЖЧ-2018

Н гуруҳидаги дастлабки ўйинни Польша 19 июнь куни Сенегалга қарши ўтказади. Ўйин Москвада бўлади. Кейинги учрашув Қозонда, 24 июнь куни Колумбияга қарши ўтади. Сўнгги турда эса, польшаликлар қитъадошларимиз Японияга қарши саф тортадилар. Учрашув 28 июнь куни Волгоградда ўтиши белгиланган.

Эътибор берган бўлсангиз, жаҳон чемпионатида ҳам Польшага худди саралаш баҳсларидек рақиблар тушган. Яққол топ жамоа йўқ, аммо ҳар бири гуруҳдан чиқиш учун яхши имкониятга эга. Яъни Польша ҳар бир ўйинда 1:0 ҳисобида ғалаба қозониши ҳам, ҳамда ўйинни 0:1 ҳисобида ютқазиши ҳам мумкин.

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Мавзуга оид