Жамият | 03:23 / 12.06.2018
96147
3 дақиқада ўқилади

Ҳайитни байрам қилишни қачон ўрганамиз?..

Исломшунос олим Нуриймон Абулҳасан ҳайит байрамини нишонлаш, умуман, шаръий маросим ва тадбирларни ўтказиш борасида йўл қўйилаётган хатолар, кераксиз амаллар ҳақида сўз юритди.

“Одамларимиз ҳозир китоб ўқиб эмас, кимдандир эшитиб ўрганаётгани уларни залолатга ва жаҳолатга етаклаётганини биз англаб олишимиз керак. Бугунги кунда бутун дунё Рамазон ҳайитини кўтаринки руҳда, шукуҳ билан ва байрамона кайфиятда кутиб олиш арафасида турган бир кезда, Имом Бухорий юртида эса мана шу байрамни жуда ҳам кўплаб мусулмонларимиз аза руҳида, мотам руҳида кутиб олишга шай туришибди. 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мана шу Ҳайит байрамида аза тутиш ва шу билан биргаликда мотамсаро хонадонларда одамларни кутиб олиш қаердан пайдо бўлди? Совет иттифоқи даврида динни таҳқирлаш кампанияси бошланган эди. Бу шу даражага бориб етдики, мусулмонларимизни энг муқаддас кун – Ҳайит байрамини бизга аза сифатида тақдим этди. Биз ўша кунлари бир-биримизнинг хонадонларимизга бориб, ҳайит билан табриклаб, болаларимизга совғалар улашиб, ота-онамизни зиёрат қилиб, бу кунни байрам қилиб ўтказиш ўрнига, ўша кунлари аза тутдик.

Ҳеч қайси мусулмон ўз яқинининг жанозасида, шу билан бирга, ўша жаноза ўтгандан кейин шариатда кўрсатилган уч кунлик “Фотиҳа кунлари”да таъзия билдира олмаган кунлар бўлган эди. Совет иттифоқи бу нарсага йўл қўймаган. 

Исломшунос олим Нуриймон Абулҳасан

Ўз бошимдан ўтган воқеани эслаб ўтмоқчиман. Дадамиз йиғлаб туриб айтган эдиларки: “Болаларим! Бу ерда онамдан жудо бўлаяпман, иккинчи томондан сизларнинг келажакларингни ўйлаган ҳолда мана шу жанозага қатнаша олмадим”. Биз бу гапларни хали-ҳануз эслаймиз. 

Бизда ҳозир ҳайитлик деганда азадорлик тушунчаси пайдо бўлиб қолган. Ислом ҳар бир инсонни “дорул бақо”га рихлат қилгандан кейинги ҳолатини аниқ ва тиниқ айтиб кетган. Уч кун аза тутилади ва агарда ким тўртинчи кун ўша мусибатхонанинг ярасини янгиласа, гуноҳкор бўлади.

Мавзуга оид