Иқтисодиёт | 18:41 / 19.06.2018
7042
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга ноқонуний олиб киришга уринилган витаминлар тўхтатиб қолинди

Амалдаги тартибларга кўра, республикага четдан олиб келинадиган дори-дармон воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари мажбурий тартибда сертификатланадиган товарлар турига киради. Шунингдек, бу турдаги товарлар давлат тилида ҳам маркаланиши лозим.

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабарига кўра, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан республикага божхона расмийлаштируви ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган дори-дармон воситаларининг олиб кирилишига доир навбатдаги божхона қоидабузарлиги фош этилди.

“Келес” темир йўл чегара божхона постида Олмаотадан кириб келган йўловчи поезди белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда, йўловчилардан бири, қўшни давлат фуқароси О.Н. йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, “Accele8”, “Elev 8”, “B-EPIC” номли 22 қути ҳамда 19 дона витаминларни олиб кираётганлиги аниқланди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Айни шу поезднинг яна бир йўловчиси, қўшни давлат фуқароси Д.Г эса “S.L.I.M”, “VITALITY SPRAY”, “MULTI VITAMIN” ҳамда “VERATROL PLUS” номли 4 турдаги 218 дона спрей шаклидаги витаминларни божхона назоратидан яширинча олиб кираётган пайтда тўхтатиб қолинди.

Мазкур иккала ҳолат юзасидан вақтинча олиб қўйилган юқоридаги товарларнинг қиймати 43,5 млн. сўмдан ортиқни ташкил қилмоқда.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид