Спорт | 14:30 / 02.07.2018
40538
8 дақиқада ўқилади

Бразилия - Мексика. Майдон ташқарисидаги жанг

Бугун Бразилия жаҳон чемпионатидаги илк жиддий синовни бошдан кечиради, Самарада Тите шогирдлари Хуан Карлос Осорио бошчилигида Мексикага қарши майдонга чиқади. Айнан мураббийларнинг ҳаракатлари бугун ҳал қилувчи бўлиб чиқиши мумкин.

Бразилия — Мексика («Самара Арена», 19.00)

Бразилия ва Мексика гуруҳ босқичида турли ўйинлар кўрсатишди. Пентакампеонлар биринчи турда Швейцарияга бир очко тақдим қилишди (1:1), коста-рикаликларга 90 дақиқа давомида гол ура олишмади, ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Коутиньо ва Неймарнинг голлари ғалаба келтирди (2:0), учинчи турда эса иккинчи турдаёқ кейинги босқичдан умид узиб бўлган Сербия осонлик билан таслим этилди (2:0).

Мексикаликлар эса чемпионатнинг биринчи турида сенсацион равишда Германияни енгди (1:0), Жанубий Корея ҳам мағлуб этилди (1:0), бу натижалардан кейин мексикаликлар биринчилардан бўлиб кейинги босқич масаласини ҳал қилишди, охирги турда ғалаба сув ва ҳаводек зарур бўлган шведлар тўлиқ ҳужумда ўйнаб, Мексика дарвозасига 3та гол йўллашди (3:0).

Тите Осориога қарши

Фото: Спорт Экспресс

Самарада турнирнинг икки энг яхши мураббийи тўқнашади. Уларнинг иккиси ҳам етук тактиклар.

Титенинг Бразилия терма жамоасидаги йўли ёрқинроқ кечмоқда - у терма жамоага келганидан буён (2016 йилдан) фақат бир марта ютқазди, унинг бошчилигида терма жамоа ЖЧ-2018 саралаш босқичини ажойиб ўтказди. У терма жамоани тарқоқ ҳолида, 2014 йилги жаҳон чемпионатида кейинги инқироз давом этаётган ҳолида, Дунгадан қабул қилиб олганди.

Энди у шакллантирган терма жамоа жаҳон чемпионатига асосий фаворитлардан бири сифатида ташриф буюрган. Бразилия ўйиндан-ўйинга кучайиб борди, футболчилар бир-бирини ажойиб тушунмоқда. Тите футболчиларни асосий таркиб футболчилари ва захира таркиби қилиб ажратмади, барча ўзини бир жамоа аъзоси сифатида ҳис қилмоқда. Шунинг учун ҳам, учинчи турда Фелипе Луис худди Марсело каби ҳаракат қила олди. Фагнер эса Данилунинг йўқлигини билинтирмади.

Тите жуда яхши психолог ва тактикдир. У инжиқ Неймарни ўйната олмоқда, аввалига ҳадеб йиқилаверган бу футболчи учинчи турда ҳақиқий футболчилардек ҳаракат қила бошлади. У футболчиларини хатолари учун танқид қилмайди, уларга кейинги сафар қандай ҳаракат қилиш лозимлигини тушунтиради. У футболчилари билан суҳбатларда гоҳ машҳур баскетболчи Леброн Жеймснинг юлдузликка берилмай, жамоавий ўйинда қандай ҳаракатланишини намуна қилиб келтиради, гоҳ сиёсатчи Нелсон Манделадан иқтибослар келтириб, қўрқувни қандай енгишни ўргатади.

2016 йилдан буён Тите жамоаси 24 учрашувда майдонга тушиб, 19 ғалабага эришган ва 52 гол уриб, атиги 6 гол ўтказиб юборган. У Бразилияни ҳимояда ҳам бехато ҳаракатланувчи жамоага айлантирди.

Хуан Карлос Осорионинг Мексикадаги йўли равон эмас. 2016 йилда у терма жамоани тарк этиши ҳам мумкин эди. Жамоа ўшанда Америка Кубогида Чилига шармандаларча ютқазганди (0:7). «Кийим алмаштириш хонасида йигитларга айтгандим, агар ишимизга ишонмасанглар, ҳозироқ чиқиб истеъфо беришим мумкин, деб», дея эслайди колумбиялик мутахассис ўша кунни.

Футболчилар ўшанда мураббийларини қўллаб-қувватлашган. Мухлислар ва журналистлар эса кейинги икки йил давомида норозилик билдириб келишмоқда. Терма жамоа фахрий футболчилари Осориони «физрук» деб аташди, термани ундан яхшироқ бошқариши мумкин бўлган ўнлаб мутахассисларнинг номларини санашди. 2017 йилги Конфедерациялар кубоги вақтида эса Мексикадаги нашрлар мураббийни истеъфога чиқариш талаб этилган муқовалар билан чиқиш қилишди. Бунга мураббий таркибда ҳаддан ташқари кўп ротациялар амалга ошириши сабаб бўларди. Лекин бу ротациялар натижаларга салбий таъсир кўрсатмаган, Мексика ўшанда фақат бўлажак чемпион Германияга ютқазиб, учинчи ўрин соҳиби бўлганди. Осорио даврида Мексика 51 учрашувдан 33тасида ғалаба қозонган, фақат 9 марта мағлуб бўлган.

Ушбу колумбиялик америкача спорт турларини хуш кўради. Бунинг ҳайрон қоларли жойи йўқ, у айнан Қўшма штатларда таҳсил олиб, мутахассис сифатида шаклланган. Осорио машғулотларни ҳалигача Майкл Жордан давридаги «Чикаго Буллз» ўтказган машғулотлар асосида ўтказади. У кўпинча футболчилар билан суҳбатларида аргентиналик ёзувчи Хорхе Луис Борхесдан иқтибослар келтиради ва инсон мияси химияси ҳақида узундан-узун суҳбатлар қуради.

Бразилия сабр қилишни ўрганди

Фото: Спорт Экспресс

Икки йил ичида Тите кўплаб муҳим ибораларни айтиб ўтган. Уларнинг асосийси футболчиларни ўз вақтини кутиб, сабр қилишга ўргатишга қаратилган.

Тите футболчиларни рақибнинг ва жамоатчиликнинг босимини енгиб ўтишга ўргатган. У биргина хато плей-оффдан чиқиб кетишга олиб келиши мумкинлигини англаган ҳолда, футболчиларни эҳтиёткорликка ўргатган.

У футболчилар вақт чўзишини шармандалик деб ҳисобламайди. 

Ўзининг биринчи совринини Тите бетон ҳимоя яратиш орқали қўлга киритган. У Либертадорес Кубогида «Коринтианс» билан деярли барча учрашувларда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Ўша жамоа 2012 йилги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам «Челси»ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратганди.

Бу мураббий қўли остида бразилияликлар ўз футболини намойиш этишади, аммо улар шунчаки чиройли футбол учун ҳадеб олдинга чопаверишмайди.

Мексика: Сколаридан маслаҳатлар

Фото: Спорт Экспресс

Мексикаликларда футболчилар психологияси билан фақат Осорионинг ўзи шуғулланмайди, бу вазифа махсус гуруҳга - испаниялик Иманол Ибаррондога юклатилган. 2016 йилда, Чилидан учралган 0:7 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин Осорио илтимосига кўра терма жамоага келган ушбу мутахассис ҳақида ҳам мексикалик журналистлар илиқ фикрда деб бўлмайди. Улар футболчига психолог нега керак, деб танқид қилишади. Мураббий эса шундай жавоб беради: «АҚШга қаранглар. Ҳар бир спорт бўйича етакчи бўлган мамлакат. Уларнинг ҳар бир спортчисида психолог бор».

Ибаррондонинг таклиф этилиши ўзини оқлади. «Биз энди руҳий жиҳатдан жуда яхши тайёрланаяпмиз. Ўзимизни бошқаришимиз яхшиланди», деганди Германияга қарши ўйиндан кейин Лайюн.

Бразилияга қарши ўйиндан олдин Мексикада кичик можаро авж олди. ОАВ маълумотига кўра, Осорио Бразилиянинг собиқ бош мураббийи Луис Фелипе Сколари билан терма жамоа борасида маслаҳатлашган (Тите ва Сколарининг муносабатлари анча вақтдан буён бузилган ва улар бир-бири билан гаплашишмайди). Гап Неймар ва унинг кампаниясини қандай тўхтатиш ҳақида бўлган. Масалан, бразилияликларни ҳимоядан ҳужумга чиқишда қандай тўхтатиш борасида ёки ҳужум чизиғи тўртлиги Неймар, Коутиньр, Жезус ва Виллианга тўп етиб боришининг олдини олиш борасидаги маслаҳатлар. Сколари Осориога бирон сирни айтган-айтмагани маълум эмас. Сколарининг маълум маслаҳатларидан бири имкон қадар тезроқ ҳисобни очиш бўлган. У Бразилия ҳиссиётларини жиловлай олмайди ва бундай терма жамоанинг ўйини бузилиб кетади, деб ҳисобламоқда. Аммо Фелипенинг жамоаси шундай жамоа эди. Ҳозирги Бразилия эса Мексика билан ўйиннинг ҳар қандай сценарийсига тайёр.

БРАЗИЛИЯ – МЕКСИКА
2 июль. Самара. «Самара Арена» стадиони. 19.00 (Матч ТВ).
Ҳакамлар: РОККИ. Тонолини, Ди Либераторе (барчаси – Италия).

Мавзуга оид