Жамият | 23:16 / 02.07.2018
29804
2 дақиқада ўқилади

Фоҳишахона ташкил этган шахсга нисбатан ҳукм ўқилди

2018 йил апрель ойида жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳарида А.Жабборов раислигида суд мажлиси бўлиб ўтди. Судланувчи Болтаева Гуландом Болтаевнага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисми (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш, Фоҳишахона ташкил этиш ёки сақлаш) жиноят иши кўриб чиқилди. 

Маълум бўлишича, судланувчи Г.Болтаева ғаразли ва бошқа паст ниятларда текин бойлик орттириш мақсадида, ўзига тегишли бўлган Бухоро шаҳар Мустақиллик кўчаси 58/3-уй 29-хонадонда фоҳишахона ташкил қилиб, моддий манфаатдор бўлиш мақсадида уйни маълум бир вақтларга фойдаланишга бериб келган.  

Судланувчи Г.Болтаева Ўзбекистон Республикасининг ЖК 131-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди ва унга шу модда билан бир йил олти ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Г.Болтаева зиммасига қуйидаги тақиқ (чеклаш)лар юклатилди:

•  тунги вақтда ресторанлар, кафелар, барлар, клублар, дискотекалар, кинотеатрлар, компьютер залларига бормаслик;
•  оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;
•  алоқа воситаларидан, шу жумладан, интернетдан фойдаланмаслик;
•  алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик;
• ҳар ойда бир маротаба ИИБдан рўйхатдан ўтиб туриш, ИИБнинг розилигисиз яшаш жойини, иш жойини ўзгартирмаслик, тегишли маъмурий ҳудуддан ташқарига чиқмаслик;
•  куннинг кеч соат 21-00 дан эрталаб соат 07-00 гача яшаш жойидан чиқиб кетмаслик.

Ҳукмдан норози томонлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан ўн сутка ичида, судланувчи эса унга ҳукм нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида шу суд орқали жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судига апелляция тартибида ёки ҳукм қонуний кучга киргандан кейин кассация тартибида шикоят келтиришга, прокурор протест келтиришга ҳақли эканлиги тушунтириб ўтилди.

Мавзуга оид