Жаҳон | 19:45 / 09.07.2018
12302
2 дақиқада ўқилади

Британия ҳукуматидаги қарама-қаршилик икки вазир истеъфосига сабаб бўлди

Фото: Getty Images

Бугун Буюк Британия ҳукуматида икки амалдор – Brexit жараёни бўйича вазир Дэвид Дэвис ҳамда Ташқи ишлар вазири Борис Жонсон ўз лавозимидан истеъфога чиқди.

Евроиттифоқдан чиқиш масалалари бўйича вазирлик раҳбари Дэвид Дэвис бош вазир Тереза Мэй билан сиёсий масалаларда ҳамфикр эмаслиги сабаб ишдан бўшаган. Ўз навбатида, бош вазирнинг ўзи унинг истеъфосидан афсусда эканини билдирган.

Ташқи ишлар вазири Борис Жонсоннинг истеъфоси ҳали расман тасдиқланганича йўқ. Бу ҳақда Reuters агентлиги вазирликдаги ўз манбасига асосланиб хабар тарқатган.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 6 июль куни бўлиб ўтган йиғилишида ҳукумат аъзолари Brexit жараёни якунлангач, Британия ва ЕИ ўртасида саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун чекловларсиз эркин савдо ҳудуди яратиш таклифи билан чиқиши масаласида якуний қарорга келгани маълум қилинганди. Ушбу қарор ягона Европа бозоридан чиқиш шартларига яна ҳам қатъийроқ ёндашиш тарафдорлари, хусусан Борис Жонсонни қониқтирмаган. Қарши томоннинг фикрича, эркин савдо ҳудудининг яратилиши Буюк Британиянинг Европа Иттифоқига иқтисодий қарамлигини сақлаб қолади ва глобал корпорацияларга маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни бозордан сиқиб чиқариш учун имтиёзлар яратади.

Тереза Мэй ўша мажлисда мамлакат ташқи ишлар вазири Борис Жонсон ва бошқа вазирлар Евроиттифоқдан чиқиш режасидан бош тортган тақдирда уларни истеъфога чиқаришга ваъда берганди.

Лондоннинг Брюссель билан музокаралардаги позицияси акс этган расмий ҳужжат келаси ҳафта эълон қилиниши керак. Буюк Британия келаси йил март ойида Европа Иттифоқи аъзолигидан чиқиши кутилмоқда.

Мавзуга оид