Иқтисодиёт | 20:30 / 10.07.2018
18076
3 дақиқада ўқилади

Муомалага яроқли ва яроқсиз қонуний тўлов воситалари белгилари қандай?

Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, қуйидаги шикастланиш белгилари мавжуд бўлган банкноталар муомалага яроқли қонуний тўлов воситаси ҳисобланади:

  • банкнота тасвирини (шаклини) аниқлаш имконини берадиган даражада сийқаланган ва ифлосланган бўлса;
  • банкнота энининг (бўйининг) тўртдан бир қисмидан ошмаган ёпиштирилган йиртиқларга эга бўлса;
  • ёпиштириб қўйилган бурчаклари ёки қисмлари (1 см кв'дан ошмаган) бўлса ҳамда йиртиб олинган бурчаклари ёки қисмлар аниқ ушбу банкнотага тегишли бўлса;
  • майда доғлар, ёзувлар, штамп изи (бунда ёзув ёки штамп изи икки донадан ошмаган бўлиши лозим, банкнота тугатилганлиги, сохталиги ёки намунавийлигини тасдиқловчи штамплардан бундан мустасно) бўлганда ҳамда улар банкнотанинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермайдиган асосий ҳимоя белгиларидан бирининг 50 фоизидан ортиғини тўсиб қўймаган бўлса;
  • банкнотада диаметри 1 мм'дан ошмаган ва иккитадан кўп бўлмаган тешиклар бўлса.

Тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларнинг шикастланган банкноталарини миллий валютага айирбошлаш ёки шу турдаги шикастланмаган банкноталарга алмаштириш, майдалаш, йириклаш ҳамда конверсия операцияларни амалга оширишни рад этишга йул қўйилмайди, шунингдек уларни кейинчалик бошқа операциялар бўйича мижозларга бериш тақиқланади ва бундай турдаги операциялар амалга оширилганда воситачилик ҳақлари ундирилиши мумкин.

Шундай қилиб, қуйидаги шикастланиш белгилари мавжуд бўлган банкноталар муомалага яроқсиз ҳисобланади:

  • бўлакларга ажратилган, шу жумладан ёпиштирилган бўлса;
  • дастлабки ранги ўзгарган ёки ранги ўчган бўлса;
  • ёнган ёки куйган ҳолатда бўлса;
  • қонуний тўлов воситаси эканлигини кўрсатувчи асосий белгиларидан бирининг 50 фоизидан ортиқ қисмига мой, бўёқ ёки сиёҳ тўкилган бўлса;
  • банкнотада кимёвий реактивлар таъсири бўлса;
  • муайян даражада қасддан шикастланган ҳолда тасвир (сурат, портрет) ўзгартирилганда, номинали ўзгартирилган, ҳимоя ипчалари олиб ташланган, катта ҳажмдаги ёзувлар бўлса;
  • банкноталар аниқ босма хатога эга бўлган (сув белгиси ёки ҳимоя ипчаларининг йўқлиги ёки нотўғри жойлашганлиги), тасвирлари тўлиқ босилмаган ёки суркалиб кетган бўлса;
  • банкнота геометрик ўлчамининг 3 мм ёки ундан ортиққа ўзгарган бўлса;
  • банкнота тасвирини аниқлаш имконини бермайдиган даражада сезиларли сийқаланган ва ифлосланган бўлса;
  • ўзининг қаттиқлик даражасини сезиларли даражада йўқотиб, юмшоқ ҳолга келган банкноталар.

Тегишли хорижий давлатнинг эмитент банки томонидан эълон қилинган санадан кейин муомаладан чиқарилган ҳамда банкнота тугатилганлиги, сохталиги ёки намунавийлигини тасдиқловчи штамплар мавжуд бўлган банкноталар тўловга яроқсиз, деб эътироф этилади.

Мавзуга оид