Ўзбекистон | 18:30 / 12.07.2018
57724
9 дақиқада ўқилади

Ёшлар иттифоқи ва ИИВга «2», Меҳнат вазирлиги ва Норбоевага «5»

Фото: freevideolectures.com

Журналист ва блогер Саидазиз Аъзамов Ўзбекистондаги ташкилотларнинг Жамоатчилик билан алоқалар соҳасига қай даражада эътибор қаратиши ҳақида сўз юритди. У ўз блогида Ўзбекистонда охирги ойларда диққат марказида турган воқеаларни тегишли вазирликлар ва муассасаларга боғлаган ҳолда таҳлил қилган.

Маршруткада юрган бўлсангиз, унда одамлар бир-бири билан ёки йўловчилар ҳайдовчи билан урушиб кетганига гувоҳ бўлган бўлсангиз керак. Мен кўп кўрганман, масалан. Лекин бир воқеа ҳам эсимда қолган:

«Максим Горкий» (Буюк Ипак йўли) бекатида маршрутка тўлиб, энди юраман деганда бир йигит тиқилиб чиқиб олди. Ўтиришга жой йўқ. Ҳайдовчи Тошкентдаги бошқа кўплаб ҳамкасбларига хос қўполлик билан «Ҳўв, кўрмаяпсанми, тўлди-куу!» деди.

Йигит «Ўтириб оламан, ока» дегани бадтар шофир аканинг ғазабини чақирди: «Укам, ГАИга нима дейман?». У йигит бир гап айтди ва шофир ака муроса қилдилар, юриб кетдик. Йўловчилар орасида кулги турди: «Бу менинг кондукторим деб айтасиз!».

Ўрни ва вақтида тўғри гапира олиш, муомалани эплай олиш, «кўча кўрган», «бозор кўрган» бўлиш ҳар доим зарур бўлган. Бу зарурат айниқса бугун ошиб боряпти. Бугун яна «интернет кўрган» бўлиш ҳам керак. Кўриб ўрганилмаган вазиятларда медиа ахлоқ меъёрларига риоя қилиш, бир неча йиллик журналист бўла туриб, қовун тушириб қўймаслик муҳим.

Айниқса бугун. Айниқса ўзнет анча уйғониб, «ҳайп»га ўч, «сенсацияпараст» бўлиб қолган, бошқа томондан одамлар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини англаб, уларни талаб қила олувчи «рақамли нотиқлар»га айланган бир пайтда.

Юқоридаги маршрутка мисоли ўз йўлига. У жуда маиший ва аҳамиятсиз инқироз бўйича. Инқирозли вазият катта ташкилот ёки компаниянинг раҳбари билан содир бўлсачи? Боз устига унинг фаолияти кўп тармоқли, мураккаб, ишчилари сони мингларча бўлса… Дейлик у бир вазирлик раҳбарияти вакили ёки ундан ҳам юқори амал эгаси бўлса...

Бир неча ҳафта олдин бир нуфузли давлат ташкилотига чет эллик тренерларга таржимонлик қилиш учун чақиришди. Швейцариядан келган экспертлар ўзбекистонлик PR мутахассислари жамоасининг билимларига машғулотлар ўтди. Улар тўхталган мавзулардан бири crisis communication — инқирозли вазиятларда жамоатчилик билан алоқалар бўлди.

Crisis communication назарияси, умумий тавсифи ва принциплари ҳақида гапириб бергач, меҳмон домлалар инқирозли вазиятларга Европадан бир неча мисолларни келтирди. Параллел равишда ўзимиздаги маҳаллий мисолларни ҳам миямизнинг бир четида уларга солиштириб кетдик.

Ўша пайтда бунга энг катта мисол — Қуронбоев ва кортеж воқеаси эди. Мутахассисларнинг фикрича, кризисли вазиятларда жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйиш қуйидаги асосий сифатга эга бўлиши керак:

→ илдам, превентив (pro-active) — коммуникациянинг етакчиси бўлиш ва ахборотнинг энг яхши манбасига айланиш;

→ тезкор (fast) — ёмон хабар тез тарқайди, инқироздаги PR pro сифатида муқобил ахборотни тақдим этишда ҳар бир ўтаётган дақиқа ғанимат, матбуот хизматининг версияси инқироз пайдо бўлгандан 24 соат ичида чиқиши керак;

→ узлуксиз (continuous) — мавзу ёпилиб, унга жамоатчиликнинг қизиқиши сўнмагунга қадар ахборот бериш ва мулоқот қилишни тўхтатмаслик;

→ шаффоф (transparent) — мутахассисларнинг фикрича, бугун бирор сирни оммадан яшириш амри маҳол.

Мутахассислар яна шуни айтиб ўтдики, айбни тан олиш, узрли бўлиш ва хатоларни тузатишга тайёрлик жамоатчиликнинг норозиликларини албатта камайтиради, вазиятни енгиллаштиради.

Бир сидра Ёшлар Иттифоқи матбуот хизматидагиларнинг реакциясига назар солсак, юқоридаги 4 талабнинг бирортасига жавоб берилмади.

1. Қаҳрамон Қуронбоев журналистлар билан учрашувда кортеж воқеаси ҳақидаги гапириб юборган заҳоти буни оммавий ахборот воситалари вакиллари нотўғри талқин қилмасмикан, деб ўйлаб қолиши илдамлик бўлган бўларди. Мабодо ОАВ, жамоатчилик Ёшлар Иттифоқининг давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш учун қилган чора-тадбирини тушунмай қолса, унга қандай жавоб бериш, уни халққа қандай етказиш кераклиги ҳақида бош қотириб қўйиши зарур эди.

Одатда бирор нима янглиш айтиб юборилган (оговорка) ҳолатда одамларнинг эътиборини бошқа томонга қаратиш учун турли кампаниялар ҳам бошлаб юборилар экан.

800га яқин муносабат ва 159та «шейр»га сабаб бўлган карикатура

2. Ёшлар Иттифоқи раҳбариятидан илк муносабат инқироз юзага келганидан энг камида 48 соат кейин — 9-июнда «Kun.uz» нашрида эълон қилинган, Азиз Қаршиевнинг истеъфо сўраб ёзган мақоласидан сўнг билдирилди. ЁИ тезкорликда оқсади. Ташкилот аъзоларининг #Qarshiyevout кампанияси эса нафақат нопрофессионал ва баъзида ахлоққа зид, балки жуда кеч билдирилган реакция эди. Халқимиз таъбири билан айтганда, «Тўйдан кейин ноғора».

3. Бор-йўғи битта расмий баёнот берган ташкилотнинг ахборот беришдаги собитқадамлигига изоҳ бера олмайман. Уриб енгиб, мисол топиб берсангиз, хурсанд бўламан. Бу мавзуга бошқа қайтмаган иттифоқчиларнинг коммуникациясида узлуксизлик ҳам бўлмади, деб ўйлайман.

4. Берилган ягона интервьюдаги мужмал баёнот ҳалигача Наманганда аслида нима бўлгани сирлигича — сирлилигича қолмоқда. Шаффофлик йўқ, халқда ҳали ҳам воқеа юзасидан икки вариант бор: а) Қуронбоев инсон ҳуқуқларига дахл қилган шахс; б) Қуронбоев ёлғончи амалдор.

Шахсан мен Қуронбоевнинг хаёлига тўй кортежи йўлини тўсиш фикри келгани ва бу ҳақда фахрланиб гапирганининг ўзи унинг ғайридемократик раҳбарлигига ишора деб биламан.

Хўп, бу ёмон кейс эди.

Хушхабар: кўриб чиқиш учун яхши кейс ҳам бор.

5 июль куни соат 15:40да* «Kun.uz» нашрида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига доир бир ҳужжатда 100дан ортиқ хато борлиги ҳақидаги мақола эълон қилинди. Интернетда grammar nazi’лар фаоллиги билан баҳслар бошланиб кетди.

6 июль куни соат 13:08да** Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг фейсбукдаги расмий саҳифасида «Кун»нинг мақоласига муносабат берилди. Унга кўра, ўша инспекторларга имло луғатлари совға қилинган, диктант олинган, бир ой муҳлат берилган. Ажойиб! Мана буни crisis communication (крайсис коммуникейшн) деса бўлади.

Ким нима деса десин, лекин кимлигини танимасам ҳам Жалолиддин аканинг гапларига 100 фоиз қўшиламан:

22 соатдан камроқ вақт ичида сифатли (ИМҲО) муносабат билдирилди. Тезкорлик — checked! Бу чорага одамларнинг муносабатини қаранг:

Меҳнат вазиримизнинг ўзи ҳам мужикIsn’t he?

Айбдор инспекторларни «соҳага тасодифий кириб келган» деб айтиш, жазолаш ҳам мумкин эди. Ростан ҳам. Оқибат билан курашишга устамиз аслида.

Каттақўрғондаги ички ишлар ходимЛАРининг ноқонуний ва нопрофессионал ишлари «Озодлик» радиосига юборилган видео орқали фош бўлгани, масалан, Ички ишлар вазирлиги учун бир инқироз бўлди. Шунда ИИВ ўз расмий муносабатида Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлими тезкор вакили капитан Санъат Умаровнинг биргина ўзини айбдор сифатида кўриб, у билан шуғулланилаётгани ҳақида айтди.

Кризисдаги PR’нинг талабларга жавоб бера олиши:

Ҳа, 24 соат ичида. Чўзиб ҳам кўрсин эдичи… Аммо шаффоф эмас. Беркитилган сирлар журналистларнинг суриштирувларида чиқиб келмоқда. Минус, минус, минус…

Қайтага Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева боплади. Борди, гаплашди, ёрдам берди.

PR нуқтаи назардан ёмон эмас. Чунки crisis communication бошқа, crisis management бошқа, яхшилар.

Crisis management алоҳида мавзу…

Ҳозирча менинг 5 шкалали рейтингимда Ёшлар Иттифоқи ва ИИВ «икки», меҳнат вазирлиги ва Танзила опа «беш»га лойиқ. Жамоатчилик билан алоқалар илми ривожланса, давлат органларининг профессионализми ошса, ОАВ билан ишлаш бўйича аълочилар сони ортиб қоларди. Бунга тилакдошман.

Мавзуга оид