АҚШ прокуратураси 12 нафар россиялик разведкачига айблов эълон қилди
АҚШ ва Россия етакчиларининг Хельсинкидаги учрашувига 3 кун қолаётганда АҚШ прокуратураси Россия разведка хизматларининг 12 ходимига айбловлар эълон қилди. Бу ҳақда АҚШ бош прокурори ўринбосари Род Розенстайнга иқтибос келтирган ҳолда Bloomberg ахборот агентлиги маълум қилди. Гап АҚШ Демократик партияси миллий қўмитаси компьютер тизимининг бузиб кирилиши билан боғлиқ айбловлар ҳақида кетмоқда.
Демократик партияда бу бузиб кириш президент лавозими учун курашга анча таъсир кўрсатганига ишонилмоқда.
Розенстайннинг айтишича, айбланувчилар Россия Бош разведка бошқармасининг 2 та бўлинмаси ходимлари ҳисобланади. Унинг таъкидлашича, айбланувчилардан баъзилари ахборотни ўғирлаш, бошқалари эса уни тарқатиш билан шуғулланган.
Розенстайннинг таъкидлашича, у шу ҳафта бошида россиялик разведкачиларга нисбатан айбловлар қўйилиши ҳақида АҚШ президенти Дональд Трампга хабар берган.
Хиллари Клинтон 2016 йилги президент сайловларидаги мағлубиятида россиялик хакерлар ва ФҚБни айблаганди.