Спорт | 09:54 / 14.07.2018
20384
9 дақиқада ўқилади

Россия-2018. Таҳлил: Англия, Бразилия, Бельгия

Россияда ўтаётган жаҳон чемпионатини Юрий Розанов, Василий Уткин ва бошқа бир қатор шарҳловчилар ҳам таҳлил қилиб, телеграмдаги каналларида ҳавола қилиб боришяпти. Мен ўзим учун бу жабҳада Станислав Мининни кашф қилдим. У ўз телеграм каналида турнирда бўлаётган ҳодисаларга ва жамоаларга ўзига хос ва эътиборга молик баҳоларини бериб келмоқда. Финал ўйинларигача юзага келган ўртадаги танаффусдан фойдаланиб, Станиславнинг баъзи фикрларини ҳавола қилишни лозим топдик. 

АНГЛИЯ: «Уйга қайтиш»

Фото: England - The FA

Саутгейтнинг асосий ютуғи – у жамоани тарихдан бери осилиб келаётган руҳий занжирдан халос қилди. Англия худди ҳаммасини энг бошидан, янги саҳифадан бошлагандек туюлди. Гўёки зерикарли Эрикссон ҳам, шармандали Макларен ҳам бўлмагандек, ўша Германиядан 1:4, Исландиядан 1:2 ҳисобларидаги мағлубиятлар ҳеч қачон содир бўлмагандек.

Бу ўзига хос пойдевор ва бунинг устига янги жамоа қуриш мумкин. Бу иш билан ҳам Саутгейт шуғулланадими ёки бошқа мураббийни, энди фарқи йўқ.

Савол: янги жамоа қандай бўлиши керак? Инглизларнинг бугунги авлодидаги энг асосий устунлик – тезлик, бунданам аниқ қилиб айтсам – енгиллик. Буни икки йил олдинги Еврода ҳам пайқаш мумкин эди.

Саутгейт бу йўналишдан чалғимади. Унинг схемасида уч ҳимоячи ҳужумни бошлашга жавобгар, Хендерсон эса мувозанат учун керак. Йўқ, у тўпни назоратига жавобгар эмас, у Бускетсга ўхшамайди. Тўп тезроқ ҳужумга етказиб берилса, ҳужумдаги тўртлик ва қанотлардаги Триппье ва Янг нимадир ўйлаб топишади.

Ҳа, кўп голлар стандартлардан урилди. Аммо ўша стандартларни ҳам аввало, ишлаш керак. Бу ҳам ўша тезкор ҳужумга ўтиш орқали амалга оширилди. Ярим финалнинг биринчи бўлимидаги энг эсда қоларли вазиятга эътибор беринг – Пикфорд тўпни эгаллаб олиши билан зудлик билан олдинга, адашмасам, Стерлинг тарафга тепиб юборди.

Ҳаммаси оддий ташкил этилган. Ва бундай услубга қарши қандай ўйнашни ўйлаб топиш ҳам осон.

Уч ҳимоячига босим ўтказиш керак. Хорватлар ҳам худди шундай қилишди. Балки у қадар агрессив бўлмагандир, лекин доимий тарзда бу ишни амалга оширишди. Пас бериш учун «йўлаклар»ни ёпишди. Жуда тез қарор қабул қилишга мажбур қилишди. Ўз-ўзидан ҳимоячиларни асабийлашишга мажбур қилишди.

Инглизлар орқага қайтишди. Бу хорватларнинг ўйинига реакция эди. Хорватларда эса, бундай ҳимояни силкитиш учун етарли ақл ҳам, тажриба ҳам, салоҳият ҳам бор. Бу борада инглизлар французларга эмас, бельгияликларга ўхшашади. Теннис ўйинига ўхшайди – ҳимоя тезлик билан ҳужумга ўтишдан иборат. Бунинг учун юқори темп ва бўш зоналар керак. Кўпчилик бўлиб, позицион ҳимояланиш, ўйинни атайлаб бузиш уларнинг қўлидан келмайди.

Агар колумбияликлар таркибида Хамес ўйнаганда, уларда ҳам инглизларни енгиш учун имконият катта бўларди. Хамес билан Колумбия ҳам ҳимоячиларга босим уюштиришар, ақлли паслар билан мувозанатдан чиқаришарди. Усиз Колумбия уч нафар тезкор «бульдог»ни туширди ва кўпроқ Алли ва Лингард билан овора бўлиб қолди.

Менимча, инглизларга майдон марказида ўйинни бошқарадиган ақлли ташкилотчи етишмайди. Кейннинг нуқул орқага қайтгани ҳам бежиз эмас, аслида унинг вазифаси бошқа бўлса-да...

Премьер Лига ажойиб. У ердаги юқори тезлик одамни ўзига жалб қилади. Лекин эътибор қилинг, у ерда ҳам фикрлаш кўпроқ легионерлар зиммасига юклатилган. Терма жамоа эса, таркибига Де Брюйне ва Сильвани (ёки Эриксен) қўшиб ололмайди. Бундай ўйинчилар эса зарур. Ҳеч бўлмаса, баъзида бошқача ўйнаш, майдондаги ўзгаришларга реакция бериш учун.

Coming Home – жуда яхши шиор, лекин айтиш мумкинки, бу Англия турнирда ўзи учун жуда узоққа бора олди. Умуман бу жамоа учун эрта финалда ўйнаш. Инглизларнинг финалда ўйнашлари, демакки, рақибнинг кучсиз бўлганини англатарди. Демак, финалга чиқиш учун ақл шарт эмас, тезликнинг ўзи етарли, деган хулоса чиқарди.

Ва финал катта эҳтимол билан бир томонлама кечган бўларди. Ҳозир эса, умид бор.


БРАЗИЛИЯ: «Тите, кетма!»

Фото: Stuart Franklin - FIFA/Getty Images

Балки эртага, янгиликлар саҳифасини очиб, Титенинг истеъфога чиқарилганини ўқиб қолармиз. Чемпион бўла олмадингми, кет! Шунақа қоида бор.

Бу нотўғри ва аҳмоқона қоида. Бразилия Бельгияга қарши ўйинда ёмон ўйнамади. Бельгия ажойиб ўйнади, шунчаки.

Шунақа бўлдики, Бразилия ўз дарвозасига гол уриб қўйди, кейин Бельгия рақибнинг сатандарт вазиятидан сўнг қарши ҳужумда ҳисобни оширди. Сўнг, жуда кўп вазиятлар содир қилган Бразилия битта гол билан жавоб берди. Куртуа ҳам қаҳрамонлик кўрсатди. Шу холос. Ё бошқача бўлдими?

Агар футболчилар ўз имкониятларидан фойдалана олишмаса, мураббийда айб йўқ. Мураббий ўйин учун танлаган режада адашмаганди: бразилияликлар ўйинни юқори прессинг ва тўп назорати билан бошлашди. Титенинг жамоаси салобатли, бошқариш осон. Жамоа иккинчи бўлимда янада кучая олди, ҳеч ким ўзидан кетмади, билганича ўз ишини қилди. Катта ўйин қилишди. Гол ура олишмади. Ура олишмади. Буёғи, Титега боғлиқ эмас.

Кўпчилик оддийроқ сабаб қидиришни яхши кўради, масалан, Неймар етакчи эмас, симулянт, йиғлоқи. Аммо Бразилиянинг голи айнан Неймарнинг тўп учун кураши, унда ғолиб чиқишидан сўнг юзага келди. У Коутиньо учун ҳам ажойиб вазият яратди. Зарба мукаммал чиққанди, аммо Куртуа ҳам кучли дарвозабон.

Неймар мағлубиятнинг сабаби эмас. Ўйин бўлди, голлар ҳам, вазиятлар ҳам фойдаланмаслик ҳам бўлди. Бу ўйин.

Тите, кетма!


БЕЛЬГИЯ: «Йўқотилган авлод»

Фото: Adam Davy, EMPICS Sport/Scanpix

Бельгия жаҳон чемпионатлари тарихидаги ўзининг энг яхши натижасини такрорлади. Камида. Яқин яқинда у мундиалга чиқа олмаётганди ҳам.

Бельгия Бразилияни, энг аҳамиятлиси, тактик томондан енгди. Чемпионат бошланмасдан олдин Бельгия бу даражада тактик мослашувчан эканини тахмин ҳам қилолмасдик. 

Бельгия моделига қойил қолмай иложи йўқ. Баъзи ўйинчилар, масалан Лукаку каби, мутлақо янги томондан кашф этилди, баъзи футболчилар, масалан Шадли ва Де Брюйне деярли ҳар бир ўйинда янги вазифа ва позицияларда тўп сурганига қарамай, ўз вазифаларини бажара олишди.

Бельгияда ўзига хос ҳужум қилиш услубига эга бўлган жамоа. Клуб эмас, терма жамоада бундай натижага эришиш жуда қийин.

Бельгия нафақат сўнгги тўрт йил, балки охирги икки йилда ҳам ижобий томонга ўзгарганини кўриб турибмиз. Аввал у ҳеч қандай турнирда фаворит эмасди, энди эса, совринга чинданам даъвогарлик қилди.

Бельгия Францияга қарши қандай ўйнашни ўйлаб топа билди. Азар Де Брюйне ёрдамида Павар тўп сурадиган қанотга босим ўтказди ва то Погба ўнг қанотга боғлаб қўйилмагунча, бир қатор хавфли вазиятлар яратди. Льорис Францияни қутқарди.

Бельгия қаторасига чемпионатнинг энг кучли икки жамоасига қарши майдонга тушди. Энг кучли, энг мувозанатли, энг ўзига ишонган ва тартибли икки терма жамоасига қарши. Бирини ютди, иккинчисига ютқазди.

Қанийди, ҳамма «йўқотилган авлод» ҳам шунақа бўлса...

Саккиз йил олдин ҳаммага немисларнинг авлоди ёққанди. Англия ва Аргентина устидан ажойиб ғалабаларни эсланг...

Кейин ярим финалда Испанияга ютқазишди. Кучлироқ бўлган жамоага. Бўлажак чемпионга.

Ҳақли равишда ютқазишганди. Ҳимоячи гол урган. Бош билан. «Барселона» ҳимоячиси...

Ҳа, «йўқотилган авлод» дейишди улар ҳақида ҳам. Мураббий ҳам бўш эди. Шундай авлод билан ҳеч нарсага эришмади. Магатни таклиф қилишса бўлмасмиди...

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Мавзуга оид