Ўзбекистон | 09:30 / 18.07.2018
6805
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қатар тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйишни муҳокама қилмоқда

Ташқи савдо вазирлигида Қатар Савдо-саноат палатаси юридик бошқарма бошлиғи Абдулазиз ал-Қуварий бошчилигидаги Қатар давлати делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Томонлар икки томонлама савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилган.

Фото: Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Учрашувда экспортни ривожлантириш, хусусан, автомобиллар ва юк машиналари, электр товарлар, кимёвий моддалар, янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини Қатарга етказиб бериш имконияти бўйича фикр-мулоҳазалар билдириб ўтилган.

Шунингдек, учрашувда транспорт ва коммуникация тизимини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, йирик шаҳарлар ўртасида тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш таклиф этилган.

Фото: Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Учрашув якунида томонлар савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни давом эттиришга келишиб олган.

Мавзуга оид