Спорт | 19:03 / 20.07.2018
21442
14 дақиқада ўқилади

Чемпион ҳикоялари. Дарвозабонлар «Месси»си ёхуд дунёдаги энг қиммат посбон ҳақида

Фото: Getty Images

«Ливерпуль» 62.5 миллион евро эвазига бразилиялик дарвозабон Алиссон Беккерни сотиб олди. Бу билан Беккер футбол тарихида энг қиммат дарвозабонга айланди. Бонуслари билан бу трансфер қиймати яна 10 миллионга ошиши мумкин.

Ўтган мавсумда Европада энг сермаҳсул ҳужум чизиғига эга бўлган, аммо ҳимоядаги хатолар эвазига совринларга даъвогарлик қила олмаган «Ливерпуль» қишда Виржийл ван Дейкни ҳимоячилар учун рекорд нархга сотиб олганди. Европа Чемпионлар лигасидаги хато учун эса, кўриб турганимиздек, Кариус кечирилмади. Юрген Клопп жуда катта нархга бўлса-да, дарвоза чизиғини яхшилаш кераклигини тушуниб етди. 

Аммо бу ерда фақат «Ливерпуль» ҳикояси йўқ. Икки йилгина олдин Войцех Шчеснининг ўринбосари бўлиб юрган бразилиялик дарвозабоннинг шу қисқа вақтда дунёнинг энг қиммат дарвозабонига айланиши ҳақиқатан ҳам ажойиб эртак. Алиссон Беккер: ким ўзи у?

Чамаси қирқ ёшлар атрофидаги эркак балконга чиқди ва сигарета тутатди. Бразилиянинг Нову Амбургу муниципалитетдаги улар яшайдиган квартира жуда тор, бунинг устига шифтдан сув томчилаб турарди. Бу районда асосан этник немислар истиқомат қиладилар. Умуман олганда, эпласа бўлади, лекин қўшни уйдаги футбол жиннилари бўлган икки болакайга чидаб бўлмасди.

Тартибга ўрганган немисча тарбия буни хазм қила олмас, лекин болакайларнинг ота-онасига қилинган шикоятлар фойда бермасди.

Бир куни қўшнилар - Хосе ва Магали Беккерлар магазинга кетишганда, яна бошланди. Тўп овозидан аввалига девор, кейин бояги эркакнинг қулоғи ларзага келарди. Йўқ, бунга чидаб бўлмайди. Охири, бир нарса «чирс» этгани эшитилди, эркакнинг кўзлари ёнди. Нимадир синди. «Ҳаҳа, Хосе келсин, уларнинг таъзирини берадиган бўлди» – деб ўйлади у. Балки энди уларга тўп ўйнаш тақиқланар?

«Дадам сени ўлдиради» – деб шивирлаётганди девор орқасида Муриэл укасига.

«Сен каттасан. Сен қарашинг керак эди» – дейди билмасдан люстрани мўлжалга олган Алиссон. Кечқурун иккови ҳам калтак еди, албатта.

Орадан 14 йил ўтиб, Бразилиянинг «Интернасьонал» клуби дарвозабони Алиссон Беккер телеканалларидан бирига интервью берар экан, кулиб, ўша воқеани гапириб берганди.

«Кўп қаватли уйларда кичкинагина квартирамиз бўларди. Шунинг учун ота-онам жойдан тежаш мақсадида акам икковимизга икки қаватли каравот олиб беришганди. Каравотларнинг орасини биз футболдаги дарвоза ўрнида ишлатар, навбати билан биримиз дарвозага туриб, иккинчимиз тепардик. Люстранинг синиши ҳам худди шу «ўйин»нинг оқибати бўлганди».

Нову Амбургу (Янги Ҳамбург) райони Риу-Гранди-ду-Сул штатида 1927 йилда пайдо бўлган. Номидан билиниб турганидек, уни 20-асрда Европадан Бразилияга кўчиб борган немислар ташкил этишган. Ўша кўчиб келганлар ичида Беккерларга мана шундай жарангдор, еврей-немисча фамилияни мерос қилиб қолдирган аждодлари ҳам бўлганди. 
Аксарият бразилияликлар сингари, ёш Алиссонни дарвозабонлик қизиқтирмасди. Аммо ҳар доим гуруҳда энг кичиги бўлгани учун шунга мажбур эди. Ота болаларини мактаб дарсликларини ва динни чуқур ўрганишга ундар, катта ўғил – Муриэлнинг футболчи касбини танлаётганини ёқтирмас, ва табиийки, кичик ўғлининг ҳам акасининг орқасидан кетишини истамасди. Аммо Алиссон ҳар икки тарафни ҳам эплашига ишонтира олди ва 10 ёшди «Интер»нинг академиясига борди.

Шу ўринда, Муриэл Беккер, Алиссоннинг беш ёш катта акаси ҳам дарвозабонликни танлаган, 2007-17 йилларда «Интернасьонал» аъзоси ҳисобланиб, ўтган йили Португалиянинг «Белененсеш» клубига кўчиб ўтган.

Саккизинчи синфгача Алиссон ҳам спортни, ҳам ўқишни бирдек олиб борди. Академиядаги машғулотлар кунига икки маҳалга ўтгач, дарслар кўпинча тунги вақтга қолиб кетарди. У спортни танлаган бўлса-да, отасининг талабларини ҳам унутмади.

«Мен доим дунё билан ҳамнафас бўлишга, янгиликларни таъқиб қилишга уринаман. Бўш вақтларимда кўп китоб ўқийман. Инжилни варақлайман, Исонинг динига ўзимни боғланган ҳис қиламан» – дейди Беккер.

Фото: Getty Images

Отасининг қатъий талаблари ва сиқиқ графикдан ташқари, Алиссон ортиқча вазн билан ҳам жуда қийналди. Тенгқурлари унинг жиғига тегишар, диеталар, таблеткалар ёрдам бермасди. Аммо ўн беш ёшга яқин ҳаммаси ортда қолди, Алиссон бир йилда ўн етти сантиметрга ўсди, қомати моделларга ўхшаб қолганди.

Уч йил ўтиб у Бразилия ёшлар терма жамоасидаги биринчи рақамига айланганда, ҳатто унга модел агентлигидан мурожаат қилишди ва подиумга чиқиш учун мукаммал қоматга эга эканини айтишди. Аммо Алиссон таклифни рад этди ва асосий мақсади «Интернасьонал»нинг асосий таркибида ўйнаш эканини айтди.

Ростан ҳам ўша пайтлари у бўлажак мода юлдузига ўхшаб қолган. Баланд бўйи, тик қомати, мовий кўзлари қизларни ўзига жалб қиларди. Ҳозир ҳам рафиқаси Наталига осон эмас, Алиссон аёллар ичида жуда машҳур, ижтимоий тармоқлардаги аккаунти ва расмлари доимий равишда қизларнинг ҳужумига учраб туради, кўчада қизлар тинч қўйишмайди, бирга расмга тушиш, қучоқлашиш учун, навбатлар пайдо бўларди.

Фото: twitter.com/SCInternacional

«Интернасьонал» эса, дарвозабон позициясида ўзгариш қилишга муҳтож эмасди. Беккер асосий таркибда 20 ёшга кирибгина дебют қилди – Порту Алегрининг «Крузейро»сига қарши кубок ўйинида. Турли йилларда Алиссоннинг бу позициядаги рақобатчилари – Роберто Аббодансьери, Ренан, Дида ва акаси Муриэл бўлишганди.

«Менинг кумирим – Жижи Буффон» – дейди Алиссон Беккер клубдаги дебют ўйинидан сўнг – «Шунингдек, Дида ёқади. Бразилияда футболга бўлган меҳр жуда катта. Ҳар бир футболчи агар кўчада қолишни истамаса, бор кучи билан меҳнат қилиши кераклигини яхши билади. Дида менга умумий натижадаги масъулиятни ҳис қилишни ўргатди».

Қизиғи, илк ўйинидан сўнг, Буффонни эслаган Алиссон орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, айнан италиялик афсонанинг рекордини янгилади. Энг қимматбаҳо дарвозабонга айланди. Ўша дебютдан бир ярим йил ўтиб эса, 41 ёшли Диданинг ўрнини эгаллади. Бир йил ўтиб, 2016 йилнинг августида эса, Алиссон «Рома»га кўчиб ўтди. Трансфер 7.5 миллион еврога баҳоланди.

«Рома»даги илк учрашув «Драгау»да, «Порту»га қарши Чемпионлар Лигаси саралаш ўйинига тўғри келди. Ўшанда португалияликлар ягона голларини пенальтидан уришган бўлса-да, Алиссоннинг ўйини бош мураббий Спалеттини қониқтирмади шекилли, жавоб ўйинида асосий таркибда Войцех Шчесни тушди. Римликлар ўз майдонларида йирик ҳисобда ютқазиб, Европа Лигасида ўйнайдиган бўлишди.

Асосий муаммо шунда эдики, Бразилияда дарвозабонлар кўпроқ эски услубда ҳаракат қилишади – жуда кам ҳолатларда дарвоза чизиғидан узоқлашишади. Спалетти дарвозабондан ўйинда фаол иштирок этишни, олдинга чиқишни талаб қиларди. Қисқа вақтда услубини тубдан ўзгартиришга ёш дарвозабон тайёр эмасди. 

Фото: Getty Images

«Менимча дарвозабонларни ротация қилиш фойда бермаяпти. Мен Бразилияда ҳар ҳафта ўйнашга одатлангандим. Римга ўтаётганимда мураббий менга Шчесни чемпионатда, мен Европа Лигасида ўйнашимни айтмаганди. Аммо мен меҳнат қилишда давом этяпман. Италия чемпионати янада қийинроқ, лекин ўрганиб қоламан яқинда». Алиссон илк мавсумдаги муаммолари ҳақида O Globo га сўзлаб берганди.  

«Беккер дунёнинг ҳар қандай жамоасида ва Бразилия терма жамоасида ўйнай оладиган салоҳиятга эга, лекин «Рома»да захирада ўтирибди, – деб ёзғирганди бир йил олдин Бразилия терма жамоаси дарвозабонлар мураббийи, Алиссоннинг ашаддий мухлиси Клаудио Таффарел. – Захирада ўтирган дарвозабонни терма жамоада асосий таркибда ўйнатиш таҳликали».

1994 йилги чемпионат олдидан, асосий таркибда ўйнаш учун жамоасини ўзгартирган, «Парма»дан «Реджана»га ўтган Таффарел шогирдига жамоани алмаштиришни маслаҳат берди. Акс ҳолда терма жамоа эшиклари ёпилишини сезган қаҳрамонимиз «Рома»нинг янги мураббийи Ди Франческога шарт қўйди – «ё ўйнайман ёки кетаман».

Спалетти аллақачон «Интер»га кетган, Эусебио учун эса Алиссон керак эди. Бунинг устига Войцех ҳам Римда қолишдан кўра, «Ювентус»да захирада ўтиришни афзал билиб, кетиб қолганди. 

«Мавсум бошида онам қўнғироқ қилди ва «Либосингдаги ёзувни ўзгартирсанг бўлмайдими? Алиссонлар кўп, Алиссон Беккер эса, битта бўларди» деди. Мен футболкамга «А.Беккер» деб ёздирдим. Энди менинг фамилиям ҳақидаям одамлар билишади».

Фото: Getty Images

Ребрендинг фойда берди. Италия чемпионатининг дастлабки 11 турида дарвозабон 7 ўйинда ўз дарвозасини дахлсиз сақлади. Айниқса, «Атлетико»га қарши кечган Чемпионлар Лигаси ўйинида у жамоасини шу даражада кўп қутқардики, айниқса, сўнгги дақиқада Кокенинг яқин масофадан берган зарбасини қайтариш ажойиб чиққанди.

«Ҳамма тушуниб бўлди, бу бола – феномен. Дарвозабонлар «Месси»си десаям бўлади, чунки уларнинг менталитетида ҳам ўхшашлик бор. Алиссон ўз даврининг қаҳрамонига айланиши мумкин. Уни Донарумма билан солиштириб бўлмайди, уни Дино Зоффга қиёслаган бўлардим. Ишонинг, мен нима деяётганимни биламан. Алиссон яна камида ўн йил тенгсиз бўлади. «Рома» уни сақлаб қолиши керак» – деган эди «Милан»нинг ўз вақтида жуда кўп совринларни ютган дарвозабонлар мураббийи Роберто Негрисоло.

Фото: Global Look Press

Ундан кейин эса, Европа Чемпионлар лигаси плей-офф ўйинлари бўлиб ўтди. Алиссон «Шахтёр», «Барселона» ва «Ливерпуль»га қарши ажойиб ўйинлар ўтказди. Алиссоннинг кучли дарвозабон эканига яна бир факт шуки, Тите жаҳон чемпионатида асосий таркибга Эдерсонни эмас, айнан Алиссонни танлади. Эдерсоннинг «Манчестер Сити»да қандай мавсум ўтказганини эса, тушунтириб ўтириш шарт эмас.

Алиссон аниқ зарбаларни қайтариш фоизи бўйича Буффон билан биргаликда А Серияда етакчи бўлди. Аммо қайтарилган зарбалар сонига эътибор беринг – 119! «Ювентус» дарвозабонида эса, сейвлар сони 58 холос. Бутун Европада эса, у дунёда учинчи ўринни банд этди – 89.26 фоиз. Фақат Давид Де Хеа (80.26) ва Ян Облак (82.68) да яхшироқ кўрсаткич холос.

Жаҳон чемпионатида Алиссон фақат 5 маротаба сейв амалга оширди холос – қатнашчи дарвозабонлар ичида 27-ўрин. Лекин бу бразилияликларнинг ҳимояда яхши ўйнаганликларини билдиради холос. Агар фоиз (62.5) бўйича олинса, фақат Каспер Шмайхелда (91.3%) баландроқ холос. 

Фото: REUTERS

«Барселона», «Челси» каби клублар Алиссонни ўз сафида кўришни истадилар, аммо «Ливерпуль» чаққонлик қилди.

«Ниҳоят орзум амалга ошди. «Ливерпуль»дек буюк, бир қанча ажойиб ғалабаларга эришган жамоанинг либосини кийиш шараф. Бу менинг фаолиятимдаги олдинга ташланган жуда катта қадам деб биламан ва ишонтириб айтаманки, жамоа учун боримни бераман» – деди Алиссон марсисайдликлар билан шартнома имзолагач.

Дарвозабоннинг келишида Юрген Клопп ҳам қатъият кўрсатганини эътироф этиш керак. Мураббий ва Алиссоннинг ўта самимий ва дўстона муносабатларини бир воқеадан ҳам билиш мумкин. Алиссон клуб учун интервью берар экан, Юрген Клопп хонага ташриф буюрди ва суҳбатни тўхтатиб, дарвозабонга омад тилади. Ундан катта умид қилинаётганини эътироф этди. Клопп хонани тарк этгач, Алиссоннинг мураббийга бўлган муносабатини яққол сезиш мумкин.

Аслида эса, футболчининг Ливерпулни танлашида асосий ролни бразилиялик ҳужумчи Роберто Фирминонинг рафиқаси бажарган экан. Айнан атайлаб Римга бориб, дугонаси Наталини қуёшли Римдан ёмғирли Британияга кўчиб ўтишдек қийин танловга кўндиришга муваффақ бўлади. Уёғи эса, у қадар қийин эмас.

«Алиссон ҳозирда Европадаги етарлича баҳоланмаган дарвозабонлардан биридир, – деганди А Сериянинг британиялик эксперти Блэр Ньюман, This Is Anfield`га интервью берар экан. - У олдинга чиқишдаям, яккама якка ҳолатлардаям беназир. Уни ҳар қандай позицияда доғда қолдириш осон эмас. Беккер оёғи билан ҳам яхши ўйнайди, демак юқори ҳимояда ўйнайдиган жамоалар учун ҳам жуда мос келади» .

Ўйлашимизча, энди Ньюман рози, ниҳоят Алиссон муносиб баҳоланди. Айни пайтда у - дунёдаги энг қиммат, демак энг яхши дарвозабон.  Мавсум бошланишини кутамиз. 

Sports.ru материаллари асосида Қ.Асланов тайёрлади.

Мавзуга оид