Жаҳон | 14:49 / 20.07.2018
10600
2 дақиқада ўқилади

Скрипаллар иши бўйича янги тафсилотлар маълум қилинди

Фото: REUTERS

Россия разведка бошқармаси собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлияни заҳарлашда гумон қилинаётганлар ҳужум содир этганларидан кейиноқ Буюк Британияни тарк этишган. Улар тижорат авиарейси орқали учиб кетишган. Бу ҳақда CNN тергов боришидан яхши хабардор манбасига таяниб хабар қилди.

Гумондорларни аниқлаш учун қиёфани таниб олиш технологиясидан фойдаланилган. Аммо манба гумондорлар қаерга жўнаб кетишганини маълум қилмаган. Шунингдек, уларнинг миллати ҳам маълум қилинмаган.

Фақат уларнинг сохта исмлардан фойдаланганлиги ҳамда Британия ҳукумати уларни бирор разведка хизматига алоқадорликда гумон қилмаганлиги билдирилмоқда.

19 июль куни Британия нашрларида полиция Скрипалларни заҳарлаган шахсларни аниқлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлган, Россиянинг Лондондаги элчиси Буюк Британия ҳукуматидан агарда гумондорлар бўлса уларнинг номларини айтишни талаб қилганди.  

Кейинроқ эса Буюк Британия ИИВ бошлиғи ўринбосари Бен Уоллес полиция Солсберида Россия разведка бошқармаси собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлияни заҳарлаган шахслар аниқлангани ҳақидаги хабарни рад этди.

Сергей Скрипаль ва унинг қизи Британиянинг Солсбери шаҳрида шу йилнинг март ойида беҳуш ҳолда топилганди. Лондоннинг маълумотларига кўра, улар Совет иттифоқида ишлаб чиқарилган асабни фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарланган ҳамда бу ишда Россиянинг қўли бўлган. Расмий Москва барча айбловларни рад этиб келмоқда.

Мавзуга оид