Жамият | 08:17 / 21.07.2018
230888
2 дақиқада ўқилади

Актриса Фарангиз Режаметова вафот этди

Истеъдодли актриса Фарангиз Режаметова (Жамолхонова) ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда журналист Шоҳира Ҳамро Facebook’даги саҳифасида хабар берган.

Журналистнинг билдиришича, Фарангиз Режаметова автоҳалокат сабаб вафот этган. 

“Ўлим ёш танламас экан. Фожиа қачон, қай маҳал бошингга кулфат ёғдиришини билмас экансан. Бугун кутилмаган автофалокат ҳаммамиз таниган, "Ойижон" фильмидаги ролидан кейин севиб қолган истеъдодли актриса, Фарангиз Режаметова (Жамолхонова)ни орамиздан олиб кетди. Бу кун унинг ҳаётига нуқта қўйилган кун бўлиб қолди. Бу гапларни ёзаяпману... Фарангизнинг болалигидан то шу кунга қадар таниган, билган чоғларим кўз олдимдан ўтаяпти. Биз у билан ўтган ҳафта худди шу куни Самарқандда, "Саховат-шоу" кўрсатувида съёмкада эдик. У билан Фарангиз ҳали жуда кичкиналигида, Миллий театр таркибида, Москвада ҳам гастролда бўлганмиз. У кичкиналигиданоқ жуда мустақил қизалоқ эди. Кўзларида бир дунё орзу-умидлар бор эди. Фотима Режаметова... онаси... ўша бир ҳафта илгари уларнинг худди дугоналардек бир-бирларига бўлган муносабатларини кўриб... ҳавас қилгандим. Ичимда "Фотима қизига жуда суяниб қолибди" - дея ўйлаганларим эсимда. Фотимага тоғдек сабр тилайман... бу дардни енгиш оғир... ҳеч ким болам демасин... Фарангизжон, ҳур қизим... жойларинг жаннатда бўлсин! 

Рулда кетаётиб, дунё қўлимда деб ўйлайдиганлар, худо сизга инсоф берсин! Бир оилани тўзғитиб кетганингизни биласизми? Агар сиз рулда ҳушёрроқ бўлганингизда, Фарангиз ҳозир уйида ширин тушлар кўриб ухлаб ётган бўлар эди...”, - дея ёзган журналист. 

Маълумот учун, Фарангиз Режаметова марҳум актёр Тўғон Режаметовнинг набираси, актриса Фотима Режаметованинг қизи саналади.

KUN.UZ таҳририяти марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Мавзуга оид