Ўзбекистон | 10:20 / 21.07.2018
33733
5 дақиқада ўқилади

Тўйларда харажатларни камайтириш бўйича қабул қилинаётган қарорлар кутилган натижани бермаяпти

Тўй-ҳашамлар, оилавий тантана ва маросимлар миллий урф-одат ҳамда анъаналарнинг ажралмас қисмига айланган. Бироқ кейинги пайтларда миллатимизга хос бўлмаган қатор маънисиз русумлар, янгидан ўйлаб топилган бачкана “одат”лар ҳам қўшилаётгани миллий қадрият ва урф-одатларга путур етказмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида жорий йил 20 июль куни ўтказилган “Оилавий тадбирлардаги меъёр: муаммо ва ечим” мавзусидаги давра суҳбатида ана шундай иллатларнинг олдини олиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Жамиятнинг маънавий муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган дабдабали, кимўзарга қилинаётган тўй-ҳашамларнинг олдини олиш, оилавий тадбирларни ўтказишни тартибга солиш, номақбул ҳолатлар ва исрофгарчиликларга йўл қўймаслик масалалари иштирокчилар диққат марказида бўлди.

Фото: parliament.gov.uz

Таъкидланганидек, мамлакатда маънавий-маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, инсон манфаатлари ва турмуш фаровонлигини таъминлаш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ёш оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш йўлида катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада халқимизнинг эзгу қадриятларини ўзида мужассам этган, одамларни бирлаштириш, улар ўртасида ўзаро аҳиллик ва меҳр-оқибат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган тўй ва маросимлар муҳим ўрин тутади. Шу маънода, бундай тадбирлар эл-юртнинг маданияти, маънавий савияси даражасини яққол кўрсатувчи омиллардан бири сифатида халқимизнинг, кенг жамоатчиликнинг доимий диққат-эътиборида турадиган масала ҳисобланади.

Сўнгги йилларда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам, камхарж ва тартибли ўтказиш, бунда дабдабабозлик, исрофгарчилик, шуҳратпарастликка берилмаслик, миллий қадриятларимиз ва муқаддас динимизга тўғри келмайдиган салбий иллатларга йўл қўймаслик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ишларни амалга оширишда жамоатчилик, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат ташкилотлар, илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларининг таъсири ва аҳамияти катта.

Депутатларнинг фикрича, амалиёт ва тажриба тўй-маъракалардаги сарф-харажатларни қисқартириш мақсадида маҳаллий ҳокимият органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар кутилган натижани бермаётганини кўрсатмоқда.

Давра суҳбатида кўп йиллар давомида маблағ тўплаган оилалар уч-тўрт соатлик тўй маросимлари орқали ўзини бировларга кўрсатиб қўйиш орқали сохта обрў қозонишга уринаётгани ачинарли ҳолат экани таъкидланди.

Қайд этилишича, жамоатчиликнинг жуда катта қисми дабдабали тўй-ҳашамларга қарши чиқмоқда. Бироқ, афсуски, аҳоли ўртасида бу борада олиб борилаётган тушунтириш ишлари кутилган натижани бермаяпти. Сабаби тўйлар масаласида “мумкин бўлган” ва “ортиқча исрофгарчилик” деган тушунчалар ўртасидаги чегарани белгилашда муайян мураккабликлар мавжуд. Боз устига, одамлар орасида давом этиб келаётган ҳашаматга ўч “анъана”лар айнан уларга келганда узилиб қолишини истамаётганлар ҳам йўқ эмас. Бундай кишилар онгида кўп сонли меҳмонларни таклиф этиш – сахийлик белгиси, деган нотўғри тушунча илдиз отган. Натижада оилаларда ўз моддий имконияти билан ҳисоблашмасдан, катта сарф-харажат қилиб, сўнг қарзга ботаётган, соғлиғини йўқотаётган, олди-бердилар туфайли яқин қариндошлари билан низолашиб, юзкўришмас бўлиб кетаётганлари ҳам кўпаймоқда.

Халқ билан жойларда бўлаётган учрашув, мулоқотларда, фуқаролар парламентга йўллаган кўплаб мурожаатларда ҳам тўй-маъракаларни тартибга келтириш масаласи такрор ва такрор кўтарилмоқда. Ушбу мурожаатлар, юзма-юз учрашувларда маълум бўляптики, парламент даражасида кўрилаётган мазкур масалани халқимиз тўла қўллаб-қувватлаб, урф-одатларимизга, маънавиятимизга зид бўлган бундай салбий иллатларнинг олди олиниши истамоқда. Юртдошларимиз топган-тутганини ортиқча ҳою ҳавас, дабдабаю асъасага эмас, фарзандларнинг таълим-тарбиясига ва бошқа хайрли ишларга сарфлаш жоизлигини англаб етмоқда.

Шу боис, давра суҳбати иштирокчилари бугунги кунда миллий қадриятларга амал қилинишини таъминлаш, тўйлар, оилавий тантана, маърака ва маросимларни ихчам, камтарона ўтказиш, янги ўйлаб топилган, ўзлигимизга мутлақо зид бўлган одатларга барҳам бериш борасида барча чораларни кўриш, бу соҳадаги муносабатларни, керак бўлса, қонунчилик йўли билан тартибга солиш лозимлигини таъкидладилар. Ушбу соҳада давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари самарадорлигини ошириш, ҳуқуқий асосини такомиллаштириш борасида таклифларини илгари сурдилар.

Оилавий тадбирларни ўтказишда исрофгарчиликларнинг олдини олиш мақсадида парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан воситаларидан фойдаланиш, самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Мавзуга оид