Жаҳон | 14:26 / 23.07.2018
10259
2 дақиқада ўқилади

«Новичок» билан заҳарлангандан сўнг омон қолган британиялик ўз руҳий ҳолати ҳақида гапирди

Фото: SUPPLIED BY PIXEL8000

Эймсберида «Новичок» асаб-фалажловчи модда билан заҳарланган британиялик Чарли Роули шифохонадан чиқарилгач, ўз руҳий ҳолати ҳақида айтиб ўтди, деб ёзмоқда The Sun газетаси.

Полиция Роулини шифохонадан сўнг хавфсизлик даражаси кучайтирилган квартирага жойлаштирди. Полиция британияликка мобиль телефоннинг махсус рақамини берган. Таъкидланишича, квартирада телевизор ва газеталар йўқ. Бироқ, полиция унга DVD-қурилмада фильмлар томоша қилишга рухсат берган. Роули журналистлар билан ўз акасининг телефони орқали мулоқот қилди.

«Мен бу ердан чиқиб кетиб, ўзим хоҳлаган нарсалар билан шуғулланишни истайман», - деган у The Sun’га.

Унинг акаси Мэтьюнинг нашрга айтишича, Роулида хотира йўқолиши кузатиляпти. Шу билан бирга, тиббиёт ҳамширалари 45 ёшли эркакнинг руҳий ҳолатидан ташвишда. Жабрланувчининг акаси сўзларига кўра, янги қоидалар уни «ақлдан оздирмоқда».

«Мен ҳақиқатдан ҳам кўчага чиқишни хоҳлайман. Шифохонадан чиқариб юборишганидан жуда хурсандман, бироқ мен кўплаб дорилар бўлган хонада қулфланиб қолдим. Мен жуда зерикмоқдаман», - деди Чарли Роули.

30 июнь куни Эймсберида Чарли Роули ва Дон Стержесс ҳушсиз ҳолда топилди. Шундан сўнг улар шифохонага ўта оғир аҳволда олиб кетилган. Британия полициясининг фикрича, улар «Новичок» асаб-фалажловчи моддаси билан заҳарланган.

Лондоннинг тахминича, ГРУ собиқ зобити Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия ҳам Солсберида айнан шу модда билан заҳарланган. Буюк Британия рўй берган ҳодисада Россияни айблади. Москва бунга алоқадор эканини рад этяпти. Айни вақтда Сергей ва Юлия Скрипаль шифохонадан чиқарилди. 44 ёшли Дон Стержесс 8 июль куни ҳаётдан кўз юмди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Новичок» билан заҳарлашда гумонланаётган шахс фотосурат ёрдамида қидирила бошлангани хабар берилганди. 

Мавзуга оид