Ўзбекистон | 17:27 / 24.07.2018
6409
2 дақиқада ўқилади

Ҳисоб палатаси ҳам валютани назорат қилувчи орган сифатида белгиланди

Фото: Ярослав Радловский

“Баъзи давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни президент томонидан имзоланди.

“Ҳуқуқий ахборот” канали хабарига кўра, қонун билан “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, биржа битими тўғрисидаги ахборот эндиликда судлар, суриштирув ва тергов органлари билан биргаликда Ҳисоб палатасига ҳам унинг сўровига кўра тақдим этиладиган бўлди.

“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчалар билан эндиликда Ҳисоб палатаси ҳам валютани назорат қилувчи орган сифатида белгиланди.

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга ва “Судлар тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишларга кўра эндиликда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари бир йилда камида бир марта ўз мажлисида вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раисларининг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини суд йўли билан ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитиши белгиланди. 

Шунингдек, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик киритилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Ҳисоб палатаси, Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси органлари маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқувчи органлар қаторига киритилди.

Мавзуга оид