Ўзбекистон | 10:44 / 26.07.2018
13963
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ИИББ: Энди жарималарни биллинг технологиялари асосида тўлаш мумкин 

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун ҳайдовчилар томонидан тўланадиган маъмурий жарималарнинг янги тартиби жорий этилмоқда.

Авваллари, йўл ҳаракати қоидаси бузилган вазиятда ЙПХ инспектори баённома асосида қоидабузарнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўяр эди. Ҳайдовчи эса гувоҳномасини қайтариб олиш учун дастлаб ЙҲХБга боришга мажбур эди. Бу ерда тўлов квитанциясини олиб, белгиланган жарима суммасини тўлаганидан сўнг ҳужжатларини қайтариб оларди. Бундай иш услуби фуқароларнинг вақтини олар, навбатларнинг кўпайишига сабаб бўларди.

Янги тартибга кўра, ЙПХ нозири содир этилган маъмурий қоидабузарлик ҳақидаги баённомани махсус электрон дастур орқали ЙҲХБнинг Автоматлаштирилган ахборот тизимига жойлаштиради. Ўз навбатида тизим автоматик равишда «электрон» баённомани «Ўзбекистон почтаси» АЖга юборади. Шундан сўнг, қоидабузарнинг уйига жарима тўлови ҳақидаги маълумотнома келади. Ушбу турдаги жарималар фақатгина биллинг тизми орқали тўланади.

Биллинг тизими орқали жарима тўловларини исталган банк муассасасида пластик карточкаси ёки электрон тўловлар тизими ёрдамида амалга ошириш мумкин. Бу жараёнда аввалгидек квитанциялар тўлдирилмайди. Жарима тўлови ҳақидаги маълумотномаларнинг ҳар бири ўзига хос идентификацион рақамлардан иборат бўлади.

Тўловларни 15 кун ичида амалга ошириш талаб этилади. Акс ҳолда қарздорлик ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро Бюросига тақдим этилади.

Мавзуга оид