Жаҳон | 22:11 / 27.07.2018
29570
2 дақиқада ўқилади

Совуққонлик биологга уч метрли тимсоҳ оғзидан қутулишга ёрдам берди

Денгиз биологи Мелисса Кристина Маркес тимсоҳ оғзидан қандай қутулиб чиққанини айтиб берди. Унинг ҳикояси Jezebel нашрида чоп этилди.

У тимсоҳ ҳужумига Кариб денгизидаги Хардинес-де-ла-Рейна архипелагида акулалар ҳақида ҳужжатли фильм суратга олаётганида дуч келган. Уч метрли тимсоҳ у тунда аквалангда сувга шўнғиганида оёғидан тишлаб олган.

«Уларнинг қандай ов қилишларини биламан, шунинг учун ҳар қандай шароитда ҳам оёғимни қимирлатмасликка қарор қилдим», — дейди у.

Маркес бундай вазиятда ваҳимага тушиш ўлим билан тенглигини биларди. 

Йиртқич уни аста тортиб кета бошлаган, у эса ичида шундай ўйлаган: «Яхши, гидрокостюм қонни ташқарига чиқармайди ва тимсоҳ қонни сезмайди. У фақат неопрен таъмини ҳис қилади. Шунда мени қўйиб юборади».

Маркес сув тубидаги тошларга осилиб қолишга уринган, аммо унинг қўли ҳеч нарсага илинмаган. У суратга олиш чоғида фойдаланадиган микрофонга «Мени тишлаб олишди ва тортиб кетишяпти», — деган. Шу лаҳзада тимсоҳ жағларини очган. Маркес эса дарҳол сузиш компенсаторидаги ҳавони чиқариб юборган ва юқорига қараб ўқдек отилган. 

«У билан курашмадим. Менимча у: "Бу овқатга ўхшамаяпти. На таъми таниш, на менга қаршилик кўрсатди" деб ўйлаган бўлса керак», — дейди у.

Маркес сув тубидан чиққанидан сўнг унга тиббий ёрдам кўрсатилди. Унинг оёғида тимсоҳнинг иккита тиши чуқур из қолдирганди.  

«Хотиржамликни сақлаганим мени қутқариб қолди», — деб ёзган Маркес Twitter саҳифасида ушбу ҳодисадан бир оз вақт ўтиб.

Мавзуга оид