Ўзбекистонда «Ғўза парваришида зарбдор 40 кунлик» эълон қилинди
Вазирлар Маҳкамасининг “Ғўза парваришида юзага келган мураккаб вазиятнинг салбий оқибатларини бартараф этиш ҳамда ҳосилга ҳосил қўшишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, ғўза парваришида юзага келган фавқулодда вазиятнинг салбий оқибатларини бартараф этишга қаратилган агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини тизимли ташкил қилиш асосида кафолатланган пахта ҳосилини яратиш мақсадида жорий йилнинг 5 сентябрига қадар республикада «Ғўза парваришида зарбдор 40 кунлик» эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари 3.Т.Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси (Самадов), Ички ишлар вазирлиги (Бобожонов), Давлат солиқ қўмитаси (Мусаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 4 та сектор раҳбарлари, фермерлар, сувчилар ва механизаторларнинг 2018 йил 5 сентябрга қадар доимий равишда далада бўлишини таъминлаган ҳолда «Ғўза парваришида зарбдор 40 кунлик»да:
ғўзани 5 маротаба (август ойида 4 маротаба, сентябрь ойида 1 маротаба) культивация қилиш;
ўсимликнинг ўсишини бошқарувчи ва қўшимча ҳосил олишни таъминловчи биостимуляторлар билан камида 2 марта ишлов бериш;
ғўза зараркунандаларига қарши биомаҳсулотларни далага чиқариш, ўргимчаккана, кўсак қурти ва беда қандаласи тушган майдонларда кимёвий ишлов ўтказиш;
ғўзани камида икки марта фақат шарбат усулида суғоришни ташкил қилиш, тунги суғориш ишларини алоҳида назоратга олиш;
жорий йилнинг 10 августига қадар барча ҳудудларда ғўзани чеканка қилиш ишлари сифатли ўтказилишини ташкил этадилар.
Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосарлари З.Т.Мирзаев ва А.С.Султонов, «Ўзкимёсаноат», «Ўзагрокимёҳимоя» ва «Ўзбекистон товар хомашё биржаси» акциядорлик жамиятлари Самарқанд вилоятига 6 минг тонна, Бухоро вилоятига 3 минг тонна, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига 4 минг тоннадан, Қорақалпоғистон Республикасига 5,5 минг тонна, жами 22,5 минг тонна азотли минерал ўғитларни тўрт кун муддатда етказиб берилишини таъминлайди.
Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳокимлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси етказиб берилган минерал ўғитлар билан 128 минг гектар ривожланишдан орқада қолган ғўза майдонларини қўшимча озиқлантириш ишлари 5 кун муддатда якунланишини таъминлайдилар.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда «Механизаторлар уйлари»га бириктирилган ички ишлар ходимларининг масъулиятини оширган ҳолда «Ғўза парваришида зарбдор 40 кунлик»да механизаторларнинг доимий равишда далада бўлишини, ишни ҳар куни «топшириқ-ҳисобот» тизими асосида самарали ташкил этилишини таъминлайди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари «механизаторлар уйлари»да механизаторлар учун ётоқ жой, иссиқ овқат ва бошқа зарур шароитларни яратиш учун масъул этиб белгиланди.
«Ўзагрокимёҳимоя» акциядорлик жамияти,Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда мавжуд ОВХ агрегатлари ва қўл аппаратларини отрядларга бириктирган ҳолда, биринчи навбатда ғўза зараркунандалари ўчоғи бўлган майдонларга кимёвий ишлов беришни, шунингдек, август ойида ғўза майдонларига икки марта тўлиқ биостимуляторлар билан ишлов беришни куннинг кечки пайтида «топшириқ-ҳисобот» тизими асосида ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясига «Механизаторлар уйлари»да барча шароитларнинг яратилиши, культиваторлар ва бошқа механизмларнинг «отряд» усулида ишлаши тизимнинг ишлаши устидан тизимли назорат ўрнатиш тавсия этилади.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, «Ўзагрокимёҳимоя» акциядорлик жамияти соҳа олимлари ва мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳни шакллантирсин ва «Ғўза парваришида зарбдор 40 кунлик»да Сурхондарё вилоятида ғўза зараркунандаларига, айниқса, беда қандаласига қарши курашиш ишларида илмий ёндашув асосида амалий ёрдам бериш учун жорий йил 5 сентябргача хизмат сафарига юборади.
Мавзуга оид
12:22 / 23.12.2024
Кураш тренерлари ва ҳакамларини хорижий давлатларга “экспорт” қилиш йўлга қўйилади
11:18 / 27.11.2024
Миллий симфоник оркестри ходимлари маоши оширилади
09:55 / 15.10.2024
Автобус йўлакларида бошқа транспортларнинг ҳаракатланиши устидан назорат кучайтирилди
07:16 / 20.08.2024