Фан-техника | 15:15 / 04.08.2018
51742
7 дақиқада ўқилади

Йирик автосаноатлар тарихи: Германия

Машинасозлик, жумладан автомобилсозлик саноати ҳар қандай ривожланган иқтисодиётга эга бўлган давлат учун барқарорлик кафолати дейиш мумкин. Чунки, айнан автомобил ишлаб чиқариш жараёнида жуда катта куч сарфланади ва соҳада кўплаб иш ўринлари барпо этилади. 

Бир неча кун аввал Халқаро Пресс клубда “Ўзавтосаноат” АЖ ва ўзбек автомобилсозлиги вакиллари иштирокида сессия бўлиб ўтди. Унда компания оғир иқтисодий аҳволда бўлгани сабабли GM Uzbekistan маҳсулотлари нархини 14 фоизга оширишга қарор қилингани айтилди. Кейинчалик, АЖ бошқаруви бу қарор ижросини Ўзбекистон рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ўрганиб чиқаётгани боис тўхтатиб туриш керак, деган тўхтамга келди. 

Биз ўз навбатида ўқувчиларимиз эътиборига “Йирик автосаноатлар тарихи” туркум мақолаларини ҳавола қилишни, унда, гарчи бу мавзуда жуда кўп ва хўп гапириш мумкин бўлса-да, Жанубий Корея, Германия ҳамда Хитой автомобилсозлари эришган натижалар хусусида маълумот беришни мақсад қилдик. Демак, навбат дунё автосаноатида ўз сўзига эга бўлган Германия автомобилсозлиги ҳақида.

Германия давлати қайси соҳа ривожи билан барқарор даромад манбаига эга бўлди, дейилса, ҳеч иккиланмасдан немис автосаноатини кўрсатиш мумкин. Ҳеч кимга сир эмаски, Германияда ишлаб чиқилган автомобиллар бутун дунёда маълум ва машҳур, уларга талаб юқори. Ер шарининг исталган нуқтасида Volkswagen, Audi, Porsche, Mercedes-Benz, Opel ва  BMW компаниялари ишлаб чиқарган турли автомашиналарни учратиш мумкин. 

Фото: getty images

Германия автомобилсозлиги муваффақиятининг сири шундаки, бу ерда ишлаб чиқилган машиналар ҳақиқий немис машиналаридир. Дунёдаги илк ички ёнув двигатели ҳам айнан шу ерда Карл Бенц ва Николас Отто томонидан бир-биридан мустақил равишда ихтиро қилинди. Ғилдиракли кажавага мотор ўрнатилиши натижасида биринчи машина ҳам шу ерда пайдо бўлди. 20-аср остонасида Германия кўчаларида 900та автомобил ҳаракатланар эди. Бундан юз йиллар аввал асос солинган компаниялар бугунги кунда йирик концернларга айланиб улгурган. Улар миллий иқтисодиётнинг ишончли пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. 

Германия Европа автомобилсозлари орасида етакчи бўлса-да, жаҳон миқёсида Хитой, АҚШ ва Япониядан кейинги ўринда туради. Бироқ германиялик автосаноатчилар сифатга кўпроқ урғу беришгани учун ҳам сонга камроқ эътибор қаратишади. Шу боисдан ҳам бу мамлакат машиналари энг ишончли транспорт воситалари ҳисобланади. 

Таъкидлаш ўринлики, Германия автомобил саноати жаҳон бозоридаги энг арзимас ўзгаришга ҳам тезда эътибор қаратади, шу билан бирга ўзининг мустаҳкам пойдеворга эгалигини намойиш этади. Дунёнинг аксар автомобил ишлаб чиқарувчилари савдо кўрсаткичлари тушишидан бонг ураётган бир вақтда, харидорлар немис машиналарини ўзлари қидириб топишади. Немис автоконцернлари ўз фаолиятини маълум бир автомобил ишлаб чиқариш билан чекламайди. Конвейерлардан нафақат енгил машиналар, балки тижорат мақсадидаги ва юк машиналар, қулай автобуслар ҳам чиқади. 

Фото: coches.com

Германия автосаноатининг яна бир устунлиги шундаки, у автоҳаваскор ёки харидор нимани истаётганини ўз вақтида англаб, шунга тезда мослаша олишидадир. Бугунги кунда тежамкор ва экологик машиналар ишлаб чиқиш долзарб бўлмоқда. Германия айни шу тенденциядан фойдаланган ҳолда, электромобиллар ишлаб чиқиш бўйича илмий изланишларга бир йилда 20 млрд евро маблағ сарфламоқда. Шунга кўра, айтиш мумкинки, яқин орада Германия электромобиллар ишлаб чиқариш борасида дунёнинг етакчи мамлакатига айланса, ажабланмаса ҳам бўлади. 2020 йилга келиб, ҳукумат тахминича, Германия йўлларида камида 1 млн электромобил ҳаракатланади. 2030 йилда бу рақам 6 млн донага етиши мумкин. 

Фото: EPA

Хўш, умум тан олган ва Германия ҳамда бутун дунёдаги заводлар орқали 12 млнга яқин автомобил ишлаб чиқарувчи немис автосаноати тарихи қандай?

Германия замонавий тушунчада ҳақли равишда автомобил ватани ҳисобланади. 1870-йилларда Карл Бенц ва Николас Отто бир-биридан мустақил равишда ички ёнув двигателини барпо қила олди. 1887 йилда эса Бенц двигателни 4 ғилдиракли кажавага ўрнатиб, автомобил қандай бўлишини белгилаб берди. 

1901 йили Германия 900га яқин автомобил ишлаб чиққан. 1926 йилга келиб, Карл Бенц ва Готлиб Даймлер ўз компанияларини бирлаштириб, дунёга машҳур Daimler-Benz компаниясига асос солишган. У Mercedes-Benz бренди остида автомобиллар ишлаб чиқади. Бавария федерал ерлиги фахри бўлмиш BMW 1916 йилда ташкил этилган, бироқ 1928 йилдан маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Энг машҳур ва узоқ муддат (оз эмас, кўп эмас, нақ 65 йил мобайнида 10 лаб миллион нусхада) ишлаб чиқилган Volkswagen Käfe’ни ишлаб чиққан Volkswagen ва Porsche бирмунча кейинроқ, учинчи рейх даврида пайдо бўлди. 

Фото: Wikipedia

Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда пайдо бўлган 2 Германиянинг 1990 йилда бирлашгунича бир-биридан мустақил равишда иккита автосаноат фаолият юритган. ГФР йилига 4 млн донагача автомобил ишлаб чиққан бўлса, ГДР бир йилда 260 минг атрофида машина етказиб берган. Германия федератив республикаси 1956-1966 йилларда автомобил ишлаб чиқариш бўйича АҚШдан кейинги ўринни эгаллаган бўлса, 1967-1990 йилларда АҚШ ва Япониядан кейин учинчи ўринда бўлган. 

Бугунги бирлашган Германияда 5та автомобил ишлаб чиқарувчи компания бўлиб, Германия автомобилсозлик саноатининг асосини ташкил этади. Булар Audi AG, Volkswagen AG, BMW AG, Daimler AG, Opel (Peugout-Citroen) ва Ford Germany фирмаларидир. Германиянинг Volkswagen AG концерни жаҳон компаниялари орасида Toyota ва General Motors фирмаларидан кейинги учинчи ўринда туради. Немис автосаноати Германия ЯИМнинг 3 фоизга яқинини таъминлайди, мамлакат аҳолисининг 2,5 фоизга яқини ушбу соҳада меҳнат қилади. 

Фото: torque.com.sg

Юқорида билдирилган маълумотлар ва фикрлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, Германияда ҳам бир неча йиллар ичида бир нечта автомобил ишлаб чиқарувчилар фаолият юритгани саноатнинг ривожланишига катта туртки бўлган. Шунга биноан, бемалол айтиш мумкинки, Ўзбекистонда ҳам автосаноатда касодга учраш эҳтимолидан келиб чиқиб, ваҳоланки касодга учраш ҳам бозор иқтисодиёти шароитида нормал ҳолат ҳисобланади, рақобат муҳитини барпо қилмаслик, бундан чўчишлик мақсадга мувофиқ бўлмайди. Бу ҳолатда бир неча қисқа йилларда ривожланиши мумкин бўлган соҳа бир неча ўн йиллар давомида ҳам оқсаб қолиши таъминланади. 

Мавзуга оид