Ўзбекистон | 19:37 / 06.08.2018
14960
3 дақиқада ўқилади

KUN.UZ Чикагода: эксклюзив фоторепортаж

Америка  — сеҳрли диёр. Бу жумла хаммамизга бирдек таниш ва ёқимли. Ҳақиқатан ҳам Америка сеҳрлими? Америка сеҳрли эмас. Жодули ҳам эмас. Айни пайтда Америка бетакрор ва улуғвор эканлиги ҳақиқат. KUN.UZ Америкадан мухлислар учун фоторепортаж тайёрлади.

Чикаго Американинг Иллинойс штатида жойлашган бўлиб, шаҳар йирик бизнес ва молия маркази. Унинг аҳолиси деярли 2 миллион 800 минг кишини ташкил этади. Шаҳар агломерацияси ҳудудида эса 10 миллион аҳоли истиқомат қилади.

Чикагонинг диққатга сазовор жойлари бисёр, у ўзининг улкан ва осмонўпар бинолари билан Америка тимсолига айланган. Чикаголиклар хақиқий америкача ҳаёт кечиришади. Ахир улар АҚШнинг юрагида истиқомат қилишмоқда. Чикаго шиддат ва қайноқ ҳаёт тарзига эга бўлса-да, тирбандлик жуда кам. Шаҳар ва одамлар соат милидай меҳнат қилишади.

Барчамизга маълум Мичиган авенюси Чикагонинг марказида жойлашган. У ерда, асосан, бизнес марказлари, ресторанлар, гипермаркетлар, меҳмонхоналар, турли ҳайкаллар жойлашган; кўчалар шаҳар меҳмонларини ҳайратга сола олади. Мисол учун, виқорли Тramp Tower биноси ҳам айнан Мичиган авенюсида. Шоҳкўчада яна турли қобилият эгаларини ўз санъатини намоён этишига кўзингиз тушади.  Бу ҳам ўзгача бетакрор лаҳзалардир.

Мичиган авенюси остидан Чикаго дарёсининг ўтгани кўчага ўзгача гўзаллик бахш этиб туради. Айтиш керакки, Чикаго дарёси нафақат асосий кўчани, балки бутун шаҳарни кесиб ўтади. Мичиган дарёси соҳиллари чикаголикларнинг севимли масканлари бўлиб қолган.

Шаҳарнинг энг баланд биноси — Willis Tower 108 қаватдан иборат. Унинг меъмори — бангладешлик Фазлурхон. Осмонўпар бинонинг 103-қаватида SkyDeck — осмон айвони жойлашган. У шиша ойнадан қилинган бўлиб, сизга ҳақиқий завқ бағишлайди. Willis Tower ҳақида кейинроқ батафсил тўхталамиз.

Чикагога келган меҳмон Мичиган кўлини, албатта, эътироф этади. Унинг мавжланиши ва шаббодаси чикаголикларни ва меҳмонларни хушнуд этади. Шунинг учун ҳам Мичиган кўли соҳили бўйлаб велосипед йўлаклари ва спорт ҳудудлари жойлашган.

Бу ловияга ўхшаш монумент Чикагонинг Millenium Park деб аталувчи боғида жойлашган. Умуман олганда, Чикагода сайр қилиш ва ҳордиқ чиқаришга боғлар кўп. Millenium Park шаҳарнинг энг йирик жамоат боғи. Дарвоқе, монументнинг номи  CloudGate.

Фоторепортажимиз сўнгида чикаголиклар хақида билган ва кўрганларимизни айтмоқчимиз. Шаҳарликлар жуда хушмуомала ва табассум улашишни яхши кўради. Сиздан кечирим сўраши, ҳар қандай ҳолатда ҳам ёрдам бериши мумкинлигини изҳор этиши юксак баҳога муносиб. Муҳими, чикаголиклар хотиржам одамлардир. Бу эса сизни ҳавас қилишга ундайди.

Бир сўз билан айтганда, Чикаго инсон ва унинг ҳаёти учун энг мақбул, яхши тараққий этган гўзал шаҳардир.

Мавзуга оид