Спорт | 19:49 / 13.08.2018
6626
2 дақиқада ўқилади

ПФЛ «Навбаҳор» клуби ва футболчиларини 25 миллион сўмлик жаримага тортди

Суперлиганинг 21-тури доирасидаги “Навбаҳор” – “Бухоро” учрашувининг 81, 89 ва 90+4 дақиқаларида мезбонлардан Даврон Ҳошимов, Жаҳонгир Меҳмонов ва Остон Ўрунов бош ҳакам томонидан огоҳлантирилди. Бутун учрашув, хусусан, юқорида кўрсатиб ўтилган дақиқаларни алоҳида ўрганиб чиққан ПФЛ комиссияси бу уч футболчининг сариқ карточкага лойиқ кўрилган хатти-ҳаракатларини шубҳали баҳолади.

ПФЛ хабарида таъкидланишича, комиссия аъзолари мазкур уч футболчи ҳисобида бунгача 3 тадан сариқ карточка бўлгани, шунингдек, “Навбаҳор”нинг Суперлига 22-туридан жой олган “Қизилқум”га қарши ўйини “олтин очко” тизимидан четда турганини инобатга олган. Қолаверса, футболчилар сариқ карточкаларни муғомбирлик йўли билан “ишлаб олгани” яққол кўринган.

Шу муносабат билан регламентнинг “Интизомий ва жарималар кодекси” 5-бўлим 5.6 бандида кўрсатилган “аҳлоқий меъёрларга амал қилмаслик, муғомбирлик ишлатиш ҳамда спортчига хос бўлмаган хулқи учун” қисмига беписандлик билан муносабатда бўлгани учун “Навбаҳор” футбол клуби 10 000 000 (ўн миллион) сўм миқдорида жаримага тортилди.

Регламентнинг юқорида кўрсатилган бандига риоя қилмагани учун футболчилар – Даврон Ҳошимов, Жаҳонгир Меҳмонов ва Остон Ўрунов 22-тур учрашувидан ташқари, эндиликда 23-тур ўйинларидан ҳам дисквалификация қилинди. Уларнинг ҳар бири 5 000 000 (беш миллион) сўмдан жарима ҳам тўлайди.

Шунингдек, футболчиларининг бу каби ишларига йўл қўйиб бергани учун “Навбаҳор-Лочинлари” мураббийлар штаби, хусусан, Илҳом Мўминжонов жиддий огоҳлантирилди. Бу ҳол унинг бошқарувидаги клуб билан яна бир бор такрорланса, Мўминжоновни жиддий санкциялар кутиши мумкин.

Мавзуга оид