Ўзбекистон | 07:50 / 16.08.2018
12912
20 дақиқада ўқилади

“Ўзатом”нинг асосий вазифалари белгиланди

Фото: Dreamstime

Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Белгиланишича:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда “Ўзатом” агентлиги деб аталади) ўз фаолиятини бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақил равишда амалга оширади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади;

“Ўзатом” агентлигининг раҳбарлик лавозимларига ва консультантлар сифатида жалб этиладиган юқори малакали хорижий мутахассисларнинг иш ҳақи, унга юкланган вазифаларни бажариш доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда белгиланади ва “Ўзатом” агентлигининг Атом энергетикасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади;

“Ўзатом” агентлигининг ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш шароитлари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида” 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарорига 3-иловада кўрсатилган вазирликлар ва идораларнинг марказий аппаратлари ходимларига, ижтимоий-маиший ва тиббий хизмат кўрсатиш шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимларига тенглаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низомга кўра, “Ўзатом” агентлиги атом энергетикасини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишлари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши учун масъул давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

“Ўзатом” агентлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси таркибига киради.

“Ўзатом” агентлигининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Қуйидагилар “Ўзатом” агентлигининг атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш соҳасидаги асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:

атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича таклифларни, шу жумладан, норматив- ҳуқуқий ҳужжатлар ишланмаларини тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, инвестицияларни, шу жумладан, хорижий инвестицияларни атом энергетикаси соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этиш;

саноат ва экологик хавфсизликнинг халқаро талабларига мувофиқ бўлган замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналарни жорий этган ҳолда атом энергетикаси объектларини лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича битимлар ва шартномалар тузиш;

атом илм-фани ва ядро технологияларини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни, фундаментал тадқиқотлар, илмий изланишлар, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишлар лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш, илғор технологияларни жорий этиш;

тадқиқий ва энергетик атом реакторларини, ядро-физика қурилмаларини, ядро материаллари ва радиация манбаларини сақлаш, радиоактив чиқиндиларни кўмиш пунктлари ривожлантирилишини ва хавфсиз фаолият кўрсатишини таъминлаш;

бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ядро аварияларининг ва радиацион авария вазиятларининг олдини олиш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиққан ҳолда республиканинг радиация ва ядро хавфсизлиги объектлари тизимини такомиллаштириш;

ядро материаллари ва технологияларининг, радиоактив материалларнинг тарқатилмаслигини, жисмоний ҳимоя ҳамда ядро ва радиация хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

кадрларни, шу жумладан, етакчи хорижий институтларда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва кадрлар малакасини ошириш тизимини ташкил этиш;

Халқаро атом энергетикаси агентлиги, Атом энергетикаси бўйича Европа ҳамжамияти ва бошқа халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликни ва ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда атом энергетикаси соҳасидаги халқаро молия институтлари, донор мамлакатлар, компаниялар ва банклар билан атом энергетикаси соҳасига хорижий инвестицияларни ва илғор технологияларни жалб этиш мақсадида ҳамкорликни ривожлантириш.

“Ўзатом” агентлиги атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш соҳасида қўйилган вазифаларни бажариш доирасида қуйидаги функцияларни амалга оширади:

атом энергетикасидан фойдаланиш, шу жумладан, илмий-техника ва инвестиция сиёсати соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш, атом энергетикаси, ядро илм-фани ва технологиялари объектларини ривожлантириш ва хавфсиз фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

атом энергетикасидан ва ядро технологияларидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди ва белгиланган тартибда киритади;

радиация, ядро, саноат ва экологик хавфсизликнинг халқаро талабларига мувофиқ бўлган замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналарни жорий этган ҳолда атом энергетикаси объектларини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича қисқа муддатли ва узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқади;

ушбу соҳадаги ўрта муддатли ва узоқ муддатли дастурлар доирасида тинчлик мақсадларида атом энергетикаси объектларини қуриш бўйича ҳар йиллик ишлар режаларини ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва бошқа идоралар билан биргаликда атом энергетикаси соҳасида илғор технологияларни жорий этиш бўйича фундаментал тадқиқотлар, илмий-қидирув, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда тармоқни ривожлантиришнинг ҳар йилги, ўрта муддатли ва узоқ муддатли дастурлари доирасида атом энергетикасидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида мавзули илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг устувор йўналишларини белгилайди;

атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш, ядро ва радиация хавфсизлиги, ядро материаллари ва радиоактив моддалар билан иш олиб бориш соҳасида ўз ваколатлари доирасида норма ва қоидаларни ишлаб чиқади;

атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш соҳасида кадрлар тайёрлашни, етакчи хорижий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

ягона кадрлар сиёсати амалга оширилишини ишлаб чиқади ва таъминлайди ҳамда “Ўзатом” агентлиги, идоравий мансуб муассасалари ходимлари меҳнатига иш ҳақи тўлаш ва уларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини шакллантиради;

алоҳида зарарли (радиоактив ва бошқа) шароитларда ишларни олиб борганлик учун қўшимча ҳақ миқдорларини белгилаш бўйича таклифларни асослайди ва ишлаб чиқади, тармоқда меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини мувофиқлаштиради.

“Ўзатом” агентлиги ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколатлари доирасида, шу жумладан, бошқа давлат органлари билан биргаликда, давлат органлари ва ташкилотлари, жисмоний ва юридик шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;

атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларида давлат, хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш;

“Ўзатом” агентлиги ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни давлат ва хўжалик органларидан, корхоналар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

“Ўзатом” агентлиги ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур статистик ахборотларни давлат статистика органларидан текин олиш;

атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида бажариладиган давлат ва тижорат лойиҳалари ҳамда дастурларида иштирок этиш;

“Ўзатом” агентлиги ваколатига кирадиган масалалар бўйича кенгашларни давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва мутахассисларини жалб этган ҳолда белгиланган тартибда ташкил этиш;

 

атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида кадрлар тайёрлаш ва ходимлар малакасини ошириш учун идоравий илмий ва ўқув марказларини, хўжалик ҳисобидаги консультация ва ахборот марказларини белгиланган тартибда ташкил этиш;

 

атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасидаги жорий ва стратегик вазифаларни ёритиш учун ноширлик фаолиятини белгиланган тартибда амалга ошириш ва матбуот органларини таъсис этиш;

 

“Ўзатом” агентлиги мол-мулкини ўз ташкилий тузилмаси доирасида бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан бир бўлинмадан бошқасига белгиланган тартибда бериш;

биноларга хизмат кўрсатиш ишларини бажариш, инвентарлардан ва хўжалик буюмларидан, автотранспорт, алоқа воситалари, ҳисоблаш, компьютер ва ташкилий техникани сақлаш ва улардан фойдаланиш, дастурий таъминот воситаларини харид қилиш бўйича ишларни бажариш юзасидан белгиланган тартибда шартномалар тузиш;

амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ “Ўзатом” агентлигининг ижтимоий инфратузилмасини ташкил этиш ва такомиллаштириш, “Ўзатом” агентлиги ходимлари меҳнатини рағбатлантиришнинг ягона тизимини шакллантириш;

“Ўзатом” агентлиги ходимларини, улар томонидан тегишли соҳадаги улар фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича параметрларининг бажарилишини ҳисобга олган ҳолда моддий рағбатлантириш тартиби, миқдори ва шартларини белгилаш;

“Ўзатом” агентлиги ваколатига кирадиган масалалар бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритиш;

“Ўзатом” агентлиги ваколатига тааллуқли бўлган масалалар бўйича хорижий мамлакатларда, халқаро ва хорижий ташкилотларда, форумлар ва майдончаларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини белгиланган тартибда ифодалаш;

“Ўзатом” агентлиги фаолияти соҳасига киритилган масалаларни ишлаб чиқиш учун илмий ва бошқа ташкилотларни, олимлар ва мутахассисларни белгиланган тартибда жалб этиш;

атом энергетикасидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ва атом энергетикасини ривожлантириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан халқаро шартномалари лойиҳаларини келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

“Ўзатом” агентлиги ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари ва мутахассисларини стажировкалардан ўтиш, малака ошириш, халқаро конференцияларда, бизнес-форумларда ва бошқа тадбирларда қатнашиш учун хорижий мамлакатларга белгиланган тартибда юбориш;

атом энергетикаси соҳасидаги етакчи хорижий мутахассисларни “Ўзатом” агентлигида ва унинг идоравий мансуб ташкилотларида ишлаш учун шартнома асосида, белгиланган тартибда жалб этиш;

“Ўзатом” агентлиги ваколатига кирадиган масалалар бўйича хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот институтлари вакиллари билан белгиланган тартибда музокаралар ўтказиш;

зарурият бўлганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун тегишли тармоқларда олимлар ва мутахассислардан вақтинчалик ишчи гуруҳлар тузиш, ушбу ишларга бошқа вазирликлар, идоралар ва ташкилотлардан мутахассислар ва экспертларни шартнома асосида жалб этиш;

идоравий мансуб ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

ушбу Низомда белгиланган мақсадларга эришишга йўналтирилган, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турларини амалга ошириш.

“Ўзатом” агентлиги куйидагилар учун жавоб беради:

“Ўзатом” агентлигига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши;

республикада атом энергетикасини ривожлантириш бўйича олдиндан чора-тадбирлар кўрилиши;

атом энергетикаси бўйича техникавий тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан тизимли назоратнинг юритилиши;

Президент ва ҳукумат топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши ва келгусида тизимли мониторинг олиб борилишини таъминлаган ҳолда узоқ муддатли, ўрта муддатли ва ҳар йилги ривожланиш дастурлари ишлаб чиқилиши;

атом энергетикаси учун юқори малакали, олий ва ўрта маълумотли, профессионал билимга эга бўлган мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва ушбу тармоқ ходимлари малакасини ошириш, шунингдек, улар меҳнатини рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш бўйича тизимли чора- тадбирларнинг амалга оширилиши;

“Ўзатом” агентлигининг фаолияти билан боғлиқ бўлган прогноз кўрсаткичларига эришиш соҳасидаги ишларнинг самарали ташкил этилиши;

Вазирлар Маҳкамасига ва президент аппаратига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек, “Ўзатом” агентлиги томонидан қабул қилинадиган қарорлар лойиҳаларининг сифати ва якуний натижалари;

тармоқни ривожлантириш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши.

Қуйидагилар “Ўзатом” агентлиги бош директорининг асосий функционал мажбуриятлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

“Ўзатом” агентлиги фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатларида “Ўзатом” агентлигига юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

“Ўзатом” агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган концепциялар, комплекс дастурлар ва тадбирларнинг бажарилиши юзасидан чуқур ва танқидий таҳлилни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти аппаратининг хизматлари ва Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари, шунингдек, тегишли вазирликлар ва идоралар билан “Ўзатом” агентлиги фаолияти соҳасига кирадиган масалалар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида масалаларни кўриб чиқишда қатнашиш;

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ва унинг ўринбосарларининг тоцшириқларини ижро этиш;

“Ўзатом” агентлиги фаолияти айрим участкаларига раҳбарлик қилиш юзасидан “Ўзатом” агентлиги мансабдор шахсларининг ваколатларини аниқлаш ва уларнинг шахсий жавобгарлиги даражасини белгилаш;

“Ўзатом” агентлиги фаолияти режалаштирилишини ташкил этиш, “Ўзатом” агентлиги ва мансабдор шахсларининг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқларини бажаришни ташкил этиш таъсирчан тизимини яратиш ва мониторингини юритиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида” 2017 йил 11 апрелдаги қарорига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ “Ўзатом” агентлиги фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш;

Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”, “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ “Ўзатом” агентлигининг қонун лойиҳалари бўйича фаолиятини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”, “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февралдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлдаги ПҚ-3161-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти аппаратининг Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда фаолият кўрсатиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш ва уларнинг Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш;

“Ўзатом” агентлигига тақдим этилган таклифларнинг ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини таъминлаш, уларни молиявий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа хил экспертизадан пухта ўтказилишини, шунингдек, уларнинг Вазирлар Маҳкамаси Регламентида ва Ўзбекистон Республикаси Президенти аппаратининг Регламентида белгиланган муддатларда келишилишини (визаланишини) таъминлаш;

“Ўзатом” агентлиги ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш;

“Ўзатом” агентлигига кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, “Ўзатом” агентлиги кадрлар захирасини шакллантириш;

“Ўзатом” агентлиги ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил этиш;

“Ўзатом” агентлиги фаолиятига ишларни ташкил этишнинг замонавий шакллари жорий этилишини таъминлаш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида” 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва “Мансабдор шахсларнинг хориж мамлакатларига хизмат сафарлари самараси учун шахсий масъулиятларини янада ошириш ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш чоралари тўғрисида” 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорларига тўлиқ мувофиқ ҳолда “Ўзатом” агентлиги раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарлари харажатларига ажратилган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

“Ўзатом” агентлиги ходимлари томонидан “Ўзатом” агентлиги ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

ҳуқуқни кўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ “Ўзатом” агентлиги тизимида коррупция ва бошқа қоидабузилишларининг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш;

“Ўзатом” агентлиги ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар қабул қилиш ва кўрсатмалар бериш;

зарурат бўлган тақдирда “Ўзатом” агентлигининг ташкилий тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;

“Ўзатом” агентлигининг штатлар рўйхатини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

“Ўзатом” агентлиги ходимларини кўкрак нишонлари ва фахрий ёрлиқлар билан белгиланган тартибда мукофотлаш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш, “Ўзатом” агентлигининг алоҳида намуна кўрсатган ходимларини Ўзбекистон Республикаси фахрий унвонлари ва давлат мукофотлари билан тақдирлашга тавсия этиш;

“Ўзатом” агентлиги ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этиш, шу жумладан, уларнинг бундан буён эгаллаб турган лавозимида қолишининг мақсадга мувофиқлиги, уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича тизимли масалаларни кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”, “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ “Ўзатом” агентлигининг қонун лойиҳалари бўйича фаолиятини ташкил этиш;

“Ўзатом” агентлиги мол-мулкини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасарруф этиш.

Мавзуга оид