Спорт | 21:50 / 27.08.2018
32849
4 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинларида тўққизинчи кун. Қозоғистон Ўзбекистондан ўзиб кетди

Бугун, 27 август куни Индонезиянинг Жакарта ҳамда Палембанг шаҳарларида XVIII ёзги Осиё ўйинларининг тўққизинчи кун мусобақалари ўтказилди. Бугунги баҳсларда 21 нафар ўзбекистонлик спортчи 7 спорт тури бўйича мусобақаларда иштирок этишди. Шунингдек, Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси футбол мусобақасининг чорак финалида Жанубий Кореяга қарши майдонга тушди.

Ўзбекистон делегацияси бугун 3та медал билан кифояланди - 2 кумуш ва 1 бронза.

Синхрон сузиш
Саралаш баҳсларида иштирок этган Анастасия Морозова ва Анна Елтишева тандеми ўз чиқишида 77,78 балл билан бешинчи натижани қайд этди ва финалга йўлланма ололмади.

Енгил атлетика
Баландликка сакраш бўйича мусобақа финалида қатнашган Дмиртий Мельситов медал ололмади - у 2,20 м натижа кўрсатиб, 9-ўринда қолди. Биринчи ўринни 2,30 м натижа қайд этган хитойлик Ванг Ю эгаллади.

800 м масофага югуриш бўйича саралашда иштирок этган Хуршиджон Аҳмадалиев 1:51.49 дақиқа натижа билан 17-ўринни эгаллади.

Каратэ. WKF
Бугунги баҳсларда ўзбекистонлик 4 нафар каратечи иштирок этди.

Ўзбекистон карате жамоасининг -50 кг вазн тоифасидаги вакили Баҳринисо Бабаева Осиё ўйинлари кумуш медалига сазовор бўлди.

Фото: Баҳринисо Бабаева / Kun.uz

Баҳринисо Бабаева финалга қадар филиппинлик Жунна Сукини, Бирлашган Араб амирликлари вакили Алажми Ҳаврани ва таиландлик Раксачарт Павинани мағлубиятга учратганди. Аммо олтин медаль учун Хитой Тайпейи вакиласи Шиашуанг Гуга қарши татамига чиқиб, 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйди.

-84 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Шаҳбоз Ахатов бронза медали учун жангда Хитой Тайпейи вакили Ву Чунвейга имкониятни бой берди.

-68 кг вазн тоифасидаги Дилдор Аннадурдиева ҳамда -75 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Дастонбек Отаболаев турнирдаги иштирокини эрта якунлади.

Оғир атлетика

Рустам Жангабоев шоҳсупада
Фото: Kun.uz

Рустам Жангабоев Ўзбекистон номига 12-бронзани ёзиб қўйди. +105 кг вазн тоифасидаги баҳсларда қатнашган Жангабоев даст кўтаришда 203 кг, силтаб кўтаришда 252 кг оғирликдаги тошни ўзига бўйсундирди ва 455 кг натижа билан учинчи ўринни эгаллади.

Футбол
Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Осиё ўйинларининг ярим финалига чиқиш учун Жанубий Корея терма жамоасига қарши ўйнаб, қўшимча бўлимлар охирида пенальтидан ўтказилган гол туфайли 3:4 ҳисобида аламли мағлубиятга учради ва турнирдан чиқиб кетди.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

От спорти
Ўзбекистонлик чавандозлар биринчи босқич баҳсларида 17 жамоа ичида тўққизинчи натижани қайд этишди.

Бокс

Фото: Исроил Мадримов / Kun.uz

Бугунги жангларда иштирок этган ўзбекистонлик боксчиларнинг барчаси кейинги босқичга йўл олди.

-49 кг вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов, -56 кг вазн тоифасида Миразиз Мирзаҳалилов, -64 кг вазн тоифасида турнирга келган Иқболжон Холдоров ҳамда Ўзбекистон делегацияси байроқдори, -75 кг вазн тоифасидаги Исроил Мадримов чорак финалда иштирок этади.

Бадиий гимнастика

Фото: Сабина Тошкенбоева / Миллий олимпия қўмитаси

Бадиий гимнастика бўйича баҳсларда иштирок этган, Сабина Тошкенбоева, Нуринисо Усмонова, Дилдора Раҳматова ва Асал Икромовадан иборат Ўзбекистон жамоаси 155,300 балл тўплаб, кумуш медал билан кифояланди. Биринчи ўрин Қозоғистон жамоасига насиб этди (159,850), Жанубий Корея учинчи ўринни эгаллади (151,100).

Бадиий гимнастикачилар кумуш медал олишган бўлишсада, олтин медални Қозоғистонга бой бериши, умумий рейтингда қўшни давлат делегацияси Ўзбекистонни қувиб ўтишига сабаб бўлди. Эндиликда Қозоғистон ҳисобидаги олтин медаллар сони 7тага етган, Ўзбекистон 6 олтин билан 11-ўринга тушиб қолган.

Мавзуга оид