Спорт | 14:05 / 29.08.2018
5324
8 дақиқада ўқилади

Бастиан Швайнштайгер. Профессионалликдан очиқ дарс

Кеча Мюнхенда «Бавария» ва немис футболи афсонаси Бастиан Швайнштайгерга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бастиан фаолиятининг ўн беш йилини ўтказган «Бавария» ва футболчи бугунги кунда тўп сураётган «Чикаго» клуби ўртасида хайрлашув ўйини ташкил қилинди.

Албатта, Швайнштайгер исми тилга олинганда, беихтиёр «Бавария» ва Германия терма жамоаси, бу либосларда футболчининг ажойиб ўйинлари, голларию муваффақиятлари кўз олдимизга келади. Карьераси мана шундай ёрқин кечган бошқа футболчилар ҳам кўп, масалан: Хави, Иньеста, Буффон, Дзанетти, Гиггз...

Аммо Бастиан Швайнштайгер номини янада феноменга айлантирадиган бошқа ҳикоя ҳам бор. Унинг «Манчестер Юнайтед»да ўтган бир ярим йили. Балки ҳозир ҳам, кейинчалик ҳам, бу бир ярим йил футболчининг энг оғир дамлари сифатида тасаввур уйғотар, билмадим. Аммо айнан ўша, Манчестердаги Бастиан ҳақида кўпроқ гапириш, уни кўпроқ намуна қилиш керакдек, назаримда.  

Ўзимизга боғлиқ бўлмаган ҳолда бизни таъқиб қиладиган яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам аслида нисбий. Биз ўз муносабатимиз ва ҳаракатларимиз орқали, ҳар қандай яхшиликни ёмонликка, ёмонликни яхшиликка айлантиришга қодирмиз. Бойлик исроф туфайли ёмонликка, касаллик эса, сабр туфайли, яхшиликка айланганидек…

Бастиан Швайнштайгер – немис футболи афсонаси. Жаҳон чемпиони. «Бавария» сафида 400га яқин ўйинда майдонга тушиб, 20дан ортиқ соврин ютган. Унинг номи доим мана шу клуб билан боғланади ва доим бирга тилга олинади.

У «Манчестер Юнайтед»га катта мақсадлар билан келганди, клуб мухлислари айнан Бастиандан жамоани эски даражага қайтишида катта ҳисса қўшишини умид қилган бўлишса-да, ундай бўлиб чиқмади. У жамоа сафида атиги 18 ўйинда майдонга тушди. Фақат 2015 йилнинг декабрида «Лестер» дарвозасига ва 2017 йилнинг январида «Уиган»га қарши кечган кубок учрашувида гол урди. Луи ван Гаал даврида Бастиан асосан жароҳатлар гирдобида қолган бўлса, Моуриньо унга ишонч билдирмади. Кейин Бастиан Швайнштайгер МЛС клуби билан шартнома имзолаб, АҚШга жўнаб кетди. Бир қараганда, омадсиз трансфер. Умуман бекор кетган икки йил. Бир қараганда…

Биласизми, Бастиан Швайнштайгер каби футболчилар фақатгина майдондаги чиройли ўйинлар, голлар ёки голли паслар орқали эсда қолмайди. Улар футболда садоқат, жасорат, қатъият, профессионализм тимсоли бўладилар, том маънодаги шахсиятга айланадилар.

Айнан шу нуқтаи назаридан, Бастианнинг айнан «Манчестер Юнайтед»даги фаолияти жуда муҳим аҳамият касб этади. У ҳақида келажакда эсланганда, китоблар ёзилганда, унинг нафақат «Бавария»даги совринлари-ю голлари, Манчестердаги буюк намунаси тилга олинаверади.

Жозе Моуриньо ёзда жамоа мураббийига айлангач, биринчи иши ўзига керак бўлмайдиган футболчиларни аниқлаб олиш эди. Жозе Манчестерга келмасидан олдин Швайнштайгер унинг режаларига кирмаслигига қарор қилиб бўлганди. Бошқалардан фарқли ўлароқ, Бастианга имкон ҳам берилмади, ҳатто мавсумолди йиғинларда футболчига жамоа билан бирга машғулотларда қатнашишга рухсат тегмади ҳам.

«Мен мавсумда ўзимга керак бўладиган 23 футболчини аниқлаб олдим, бошқаси керак эмас», – деди Жозе Моуриньо.

Албатта, клуб мураббийнинг айтганини қилади, Бастианни сотишга ҳеч ким қарши эмасди. Аммо футболчи клубда мўмай шартномага эга, ҳар қандай клуб ҳам уни сотиб олишга эп кўрмас, Бастианнинг ўзи эса, ўзи ёшлигида мухлислик қилган «МЮ» тарихида из қолдириш умидидан воз кечмасди.

Ҳали ҳеч нарсага эришмай туриб ҳам, ёш футболчилар катта шартномаларга эга бўлаётган, бирор нарсага эришиб эса, мураббийларга қарши чиқиш, ҳатто уларнинг истеъфосига сабаб бўлиш оддий нормага айланиб бораётган бугунги замонда жаҳон чемпиони, ЖЧ финали энг яхши футболчисига қилинаётган муомала эди бу.

Кейинчалик, Швайнштайгер «МЮ»нинг ёшлар таркиби билан шуғуллана бошлади. Ҳеч ким ҳақида ҳеч нарса демади. Унинг футбол оламидаги эътибори юқори. Гоҳ униси, гоҳ бошқаси, кўпинча, «Бавария» вакиллари Бастиан билан рўй бераётган бу хунук ҳолат ҳақида танқидий гаплар айтишди, мураббийни айблашди, табиийки, футболчининг ўзидан ҳам фикр олишга ҳаракат қилингандир. Футболда борига эришган ва фаолиятини якунлаш арафасида бўлган футболчининг йўқотадиган нарсаси йўқ, гўёки, барибир, бир кун Бастиан портлашига, Моуриньо билан катта жанжал юзага келишига ҳамма ишонарди.

Бастиан эса, шуғулланишда давом этди. Моуриньо ишонган ўша 23 футболчининг баъзилари ишончни оқлай олмаганда эса таркибга қайтди. Илк ўйинида олқишлар остида захирадан майдонга тушди, голли вазият яратди. Яна индамади.

Кейинги сафар, янги мураббий остида илк марта майдонга тушганида, чалқанча зарба билан гол урди, ўша учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб тан олинди.

Моуриньо Бастианга тан берди – «Швайнштайгер керак бўлганда жамоага ёрдам бериши мумкинлиги»ни айтди.

Басти барибир «МЮ»да асосий танлов эмас, баъзи ўйинларда захира ўриндиғида ўтирар, баъзида эса, умуман заявкага киритилмасди.

У шуғулланишда давом этди. Ниҳоят АҚШга кетишга қарор қилди. Барчага, клуб штабига, жамоадошларига («дўстларим» деб хитоб қилди), клуб мухлисларига, ҳамма-ҳаммага миннатдорчилигини айтиб, клубда ўтказган унутилмас кунлар ажойиб хотира сифатида қолишини таъкидлаб, хайрлашди.

Луи ван Гаалнинг 12 трансфери ичида энг салмоғи оғири ва энг фойдалиси айнан Швайнштайгер бўлиб қолади, деб ўйлайман.

Бастиан Швайнштайгер майдонда «МЮ» учун кутилган самарани бермагандир, бу шубҳасиз. Аммо у шундай из қолдирдики, ҳеч қандай муҳим гол, ҳеч қандай ажойиб пас ёки дриблинглар бунинг ўрнини боса олмайди. У мана шу сўнгги ярим йиллик фаолияти орқали, ҳаммага, хусусан, «Манчестер Юнайтед»нинг ҳар бир ёш футболчисига профессионализмни ўргатиб кетди. Энди, қаранг, мана шундай ҳолатга яна кимдир тушса, бундай ҳолатнинг мантиқсиз, хунук, адолатсиз бўлганини айта бошлайдими ёки айнан шу ҳолатда жаҳон чемпиони, ЕЧЛ ғолиби, саккиз карра бундеслига ғолиби Бастиан Швайнштайгер ўзини қандай тутганини эслайдими?

У бутун футбол оламини соат сайин йўқолиб бораётган буюкликка даъват қилиб кетди. Даъватнинг энг гўзали ва таъсирлиси, биламизки, ўз амали билан қилинган даъватдир…

Ўша яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги абзацга қайтадиган бўлсак, фақат буюкларгина, мана шундай омадсизлик ва муваффақиятсизликдан ҳам шу даражада гўзал ҳикоя ярата оладилар.

Қаҳрамон Асланов Манчестер Юнайтед

Мавзуга оид